Ҳарбий қисмимизда бўлиб ўтган шу фестивалда 1-ўринни олиб, республика босқичига чиққанман. Танловда ўша пайтдаги Мудофаа вазири Рустам Аҳмедов билан бирга соҳанинг нуфузли лавозим эгалари ҳам иштирок этган. Комилжон Отаниёзовнинг “Айрилма” номли қўшиғини айтгандим. Қўшиқ матнидаги “Тўғри йўлдан эгри йўлга бошларлар, таълим берган устозингдан айрилма”, деган бандини мен “таълим берган офицерингдан айрилма”, деб шу ернинг ўзида ўзгартириб юборганман. Негаки, соҳада ўзимиздан юқори мавқедаги ҳар бир ходимга ҳурматим чексиз эди.
Айниқса, юқори мартабали меҳмонлар олдида юракдан руҳланиб кетганимни сезган катталар “бу йигитни ансамблга оламиз” дейишган. Камолиддин Раҳматов, Шуҳрат Дадажонов каби устозларимиз қаторида мен ҳам фаолият бошладим. Эндигина мустақилликка эришган пайтларимиз эмасми, ансамблни миллийлаштириш ишлари бошланаётган экан. Ҳақиқатадан ансамблга келганимда ҳеч ким ўзбекча гапирмас эди. Репертуарда эса биттагина ўзбекча қўшиқ бор эди. У ҳам бўлса, “Чойхона” қўшиғи. Устозларимиз билан биргалашиб, ўзбек тилидаги ватанпарварлик руҳидаги қўшиқларни аста-секин кўпайтира бошладик.
Тарих учун қисқа бўлган ҳар қандай фурсат инсоният учун арзирли вақт бўлар эканда. Кўз очиб-юмгунча шу воқеликларга ҳам 28 йил бўлибди. Рақамлар билан қиёсланганда Қуролли Кучларимиз фаолиятига яқин фаолият юритиш менга фахр, ифтихор бағишлайди. Ўтган йили ансамблга раҳбарликка тайинландим. Айни пайтда вокал, хор, балет, созандалар ва моддий таъминот каби гуруҳларимизда 100 дан зиёд ходимлар билан фаолият олиб боряпмиз.
Бу йил Қуролли Кучларимизнинг 30 йиллик тантанасига кўтаринки руҳда бадиий чиқишлар тайёрлаб, марказий кўчаларда ватанпарварлик руҳидаги қўшиқлар билан юриш қилдик. Кўп қаватли уйлар аҳолиси, пойтахтимиз меҳмонлари жанговор юриши, тантанавор қўшиқларимизни ҳаяжон ва ҳавас билан кузатиб, илиф фикрлар айтганидан бошим кўкка етган бўлса, давлатимиз раҳбари томонидан “Шуҳрат” медалига муносиб кўрилганим кучимга куч қўшди. Қолаверса, Мудофаа вазири “полковник” унвонини тақдим этгани янада юксак масъулият бағишлади. Зеро, бу ансамблимиз тарихидаги илк эътибор ва эътироф эканини устозларимиз ҳам таъкидлаб ўтишди.
Бу йилги дастуримиздан ўрин олган “30 ёшинг муборак!”, “Ўзбекистон ҳарбийлари”, “Ёдимизда”, “Ўзбекистон йигитлари” каби қўшиқларимиз орқали ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашни мақсад қилганмиз. Шунингдек, хизмат бурчини ўтаётган пайтда мардларча ҳалок бўлган ҳарбийларнинг оила аъзоларини ҳам байрамга таклиф этдик. Уларни хотирлаб, тайёрлаган видеороликларимиз катта экранда намойиш қилинганида, юртдошларимизнинг ҳарбийларга бўлган ҳурмати янада зиёда бўлишига шубҳа йўқ.
Хулоса ўрнида айтмоқчиманки, бағрикенг, танти ва меҳнаткаш халқимиз, фақатгина тинч осмон остида фаровонликда, гўзал ҳаёт оғушида яшашга муносиб. Бу борада биз, ҳарбийлар имконимиз қадар она халқимиз хизматига доимо шаймиз!
Зафар БОБОЖОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси қуролли кучлари
Марказий ашула ва рақс ансамбли бошлиғи









