“Дунё” АА мухбирининг хабар беришича, «Urban Upbound» компанияси 17 йиллик тажрибага эга нотижорат (яримҳуқумат) ташкилоти бўлиб, бош идораси Нью-Йорк шаҳрида жойлашган. Компания молиявий таълим ва турли маслаҳатлар бериш учун мўлжалланган марказ ҳисобланади. Ташкилот АҚШ ҳуқумати томонидан махсус грантлар асосида молиялаштирилади.
Тақдимот маросимида АҚШдаги ўзбек диаспорал ташкилотлари фаоллари, «Urban Upbound» компанияси ходимлари, маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди ҳамда Англашув меморандумининг мазмун-моҳияти ватандошлар эътиборига тақдим этилди.
Тренинг-курслар асосан меҳнат муҳожирларининг молиявий-иқтисодий аҳволини яхшилашга, ишга жойлашиш ёки иш жойларини кўпроқ маош тўланадиган жойларга ўтказишга, АҚШ банк тизимидан фойдаланиш тартиблари, солиқ тўлаш жараёнидаги имтиёзлардан фойдаланиш имкониятлари, уйларни арзон баҳода ижарага олиш масалалари ва ватандошлар эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда бошқа масалаларни қамраб олади.
«Urban Upbound» компаниясиниг солиқлар ва пул киримлари бўлими директори Аҳмад ал-Марадний компания 2020 йилда 15 мингдан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатгани ҳамда ушбу Англашув меморандуми доирасида Ўзбекистон фуқаролари учун АҚШда солиқ тўлаш ва тўланган солиқларнинг бир қисмини солиқ тўловчи оилага қайтариш масалаларини ўз ичига олган тренинг курсларини 2022 йил январь ойида ташкил этишга тайёр эканини билдирди.
«Urban Upbound» компанияси молиявий имкониятларни кенгайтириш маркази маслаҳатчиси Мукаррамхон Эгамбердиева иштирокчиларга Англашув меморандуми асосида Ўзбекистондан АҚШга келган меҳнат муҳожирлари ҳамда уларнинг оила аъзолари учун қисқа муддатли тренинг курслари ташкил этиш ва курс сўнгида махсус тавсияномалар берилиши имкони мавжудлиги ҳақида маълумот берди.
У, шунингдек, Меморандумда қайд этилган тренинг курсларининг қуйидаги устуворликларини санаб ўтди:
-ўқув дарсларини ўзбек ва инглиз тилларида ташкил этиш;
-ўқув дарсларини тингловчиларига қулай бўлган вақтларда кичик гуруҳларда ўтказиш;
-тренингларни «Zoom» платформасида онлайн режимда ёки бевосита синф хоналарида ташкил этиш;
-ўқув курсларини тамомлаган тингловчилар бир муддат давомида маслаҳатчилар назорати остида бўлиши ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиши ёки улар дуч келган муаммоларга биргаликда ечим топиш имкониятига эга бўлиши.
Бош консулхона ўз навбатида мазкур тренинг курсларига диаспорал жамиятлар билан ҳамкорликда кўпроқ ватандошларни жалб қилиш ҳамда ўқув машғулотлари жараёнини доимий мониторинг қилишга ёрдам беради.









