Америка Қўшма Штатлари ҳарбий-ҳаво кучларининг Эрондаги учта ядровий обектга зарба берганидан сўнг Brent нефть нархи бир баррель учун 81,4 долларга етди. Бу ҳақда Bloomberg хабар бермоқда.
Қайд этилишича, нефть нархининг ўсиши 5,7 фоизга етган. Brent нефтининг нархи охирги марта январь ойи охирида бир баррель учун 80 доллардан ошган эди. Соҳа мутахассисларининг фикрича, яқин келажакда нархларнинг бир баррель учун 100 долларгача сакраши кутилмоқда.
Аввалроқ Эрон танкерларнинг Ҳўрмуз бўғози орқали ҳаракатланишини тақиқламоқчи эканлиги маълум бўлган эди. Бундай қадам АҚШнинг мамлакат ядровий иншоотларига зарба беришига жавоблардан бири бўлиши мумкин. Бундан ташқари, Теҳрон бу ҳудудда нефть танкерларининг ҳаракатини тўсиб қўйиш ниятида экани хабар қилинганди.
22 июнь, якшанбага ўтар кечаси АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон ядровий иншоотларини бомбардимон қилиш бошланганини маълум қилди. АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари Фордо, Натанз ва Исфаҳондаги объектларни нишонга олди. Таъкидланишича, операция бир марталик операция бўлиб, Трамп тегишли сигналларни расмийлар орқали юборган, деб хабар беради lenta.ru.









