Финал жангларида дастлаб, Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари чемпиони Асадхўжа Мўйдинхўжаев (-65 кг) рингга кўтарилди. Бразилиялик Юри дос Реисга қарши баҳс олиб борган ҳамюртимиз ажойиб ғалабага эришиб, фаолиятида иккинчи бор жаҳон чемпионлигига эришди.
Сўнг, 20 ёшли бокчимиз Жавоҳир Умматалиев (-80 кг) ҳам жаҳон чемпионатининг олтин медалига сазовор бўлди. Франциялик Ёжерлан Сезар билан баҳс олиб борган Умматалиев кучли ва аниқ зарбалари олдида рақибини ожиз қолдириб, ушбу вазнда тенгсиз эканини исботлади.
Терма жамоамизга тўртинчи олтин медални Тўрабек Ҳабибуллаев расмийлаштирди. -90 кг вазн тоифасининг финалида бразилиялик Исайс Рибейрога қарши рингга кўтатилган Ҳабибуллаев муносиб ғалабага эришди ва олтин медалга эга чиқди.
Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Абдумалик Халоков ҳам яна бир бор жаҳон чемпионлигига эришди. -60 кг вазн тоифасида баҳс олиб борган юртдошимиз финалда бразилиялик Луис Оливейрани қийинчиликсиз мағлубиятга учратиб олтин медалга сазовор бўлди.
Ливерпулда вакилларимиз иштирокидаги куннинг бешинчи финалида Навбаҳор Ҳамидова қозоғистонлик Аида Абикеевага қарши рингга чиқди.
-65 кг вазн тоифасидаги жангда ўзбекистонлик боксчи қиз рақибини очколар бўйича мағлубиятга учратаётиб, 3-раундда огоҳлантирилди ва якунда ҳакамлар қўшни мамлакат вакиласини ғолиб деб топишди.
Шу тариқа, Ўзбекистон делегациясининг умумжамоавий медаллар жамғармасидаги ҳозирча ягона кумуш медали Навбаҳорга насиб этди.
Эслатиб ўтамиз, Фазлиддин Эркинбоев Ўзбекистон ҳисобига биринчи олтин медални келтирганди.









