Мусобақа олдидан спортчиларнинг қурол-аслаҳалари ва экипировкалари халқаро талаблар асосида техник назоратдан ўтказилди. Ҳар бир қилич, ҳимоя кийими ва электрон сенсорлар синчковлик билан текширилиб, беллашувларнинг хавфсиз ва адолатли ўтиши таъминланди.
Дастлаб якка тартибда ўтказилган Жаҳон Кубоги босқичида жами 10 та давлатдан 59 нафар спортчи иштирок этишди. Улар орасида Озарбайжон, Миср, Греция, Гонконг, Қозоғистон, Қирғизистон, Саудия Арабистони, Мексика, Нигерия ҳамда Ўзбекистон терма жамоалари вакиллари бор.
Мезбон мамлакат сифатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси мусобақада 23 нафар спортчи билан қатнашмоқда. Улар асосан 15–19 ёш тоифасидаги ёш йигитлар бўлиб, жаҳон миқёсидаги кучли рақибларга қарши муносиб кураш олиб боришди.
Беллашувлар жуда кўтаринки руҳда, юқори тезлик ва аниқлик билан ўтказилди. Томошабинлар ва мутахассислар томонидан мусобақанинг ташкилий даражаси ва рақобат муҳити юқори баҳоланди.
Қувонарлиси, яккалик дастурида Ўзбекистон терма жамоаси навбатдаги муваффақиятга эришди. Ёш ва иқтидорли қиличбоз Камрон Исмоилов ярим финалгача етиб бориб, мусобақани бронза медаль билан якунлади ва шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди.
Шпага йўналиши бўйича ёшлар миллий терма жамоаси мураббийи Ғаниев Бахтиёр мусобақа ҳақида қуйидагиларни таъкидлади:
«Бугунги мусобақада Ўзбекистон миллий терма жамоасидан 23 нафар спортчи иштирок этяпти. Асосий таркибни 15–19 ёшли ёш йигитлар ташкил қилади. Турнирда жами 59 нафар спортчи қатнашди ва беллашувлар жуда кўтаринки, рақобатли руҳда бўлиб ўтди. Қувонарлиси, менинг шогирдим, ўзим мураббийлик қилаётган Камрон Исмоилов ҳам муносиб иштирок этиб, учинчи ўринни қўлга киритди. Бу натижа ёшларимиз келажаги учун катта ишонч бағишлайди.»
Тошкент шаҳрида ўтаётган ёшлар ўртасидаги шпага бўйича Жаҳон Кубоги босқичи Ўзбекистон қиличбозлик мактабининг салоҳиятини яна бир бор намоён этди. Миллий терма жамоамизнинг иштироки ва қўлга киритилган натижалар ёш спортчиларнинг халқаро майдонда тажриба орттириши ва юқори марралар сари интилишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Зулхумор АКБАРОВА








