Жаҳонда кўплаб инсонларнинг саломатлиги, оилалар бутунлигига рахна солаётган, шу билан бирга, дунёдаги давлатлар иқтисодиётига катта зарар етказаётган ОИВ инфекцияси билан курашиш бугуннинг муҳим масалаларидан бири бўлиб қолмоқда. Яқинда давлатимиз раҳбарининг “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка қарши курашиш тизимини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани ушбу касаллик ташхиси, профилактикаси ва даволаш самарадорлигини ошириш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиши билан аҳамиятли.
Мамлакатимизда 2018-2022 йилларда ОИВ инфекциясига қарши курашиш дастурлари доирасида давлат бюджетидан 107 миллиард сўм ва 27,7 миллион доллар, ОИТС, безгак ва сил касаллигига қарши курашиш глобал жамғармаси томонидан эса 16 миллион доллар йўналтирилган. Бунинг натижасида 13 миллион аҳолини (2021 йилда 3,5 миллион) текширувлар билан қамраб олиш, ОИВ аниқланган шахсларни ташхис қўйилиши биланоқ тўлиқ ретровирусга қарши терапияга ўтказиш, 22 мингдан ортиқ шахсни синдромли даволаш билан қамраб олишга эришилди.
ОИВ инфекцияли оналардан туғилган 6 ойликкача бўлган болаларни (600 нафар) қуруқ сут аралашмаси билан таъминлаш, касалликнинг онадан болага юқиши ҳамда гиёҳвандлар орасида ОИВ тарқалишини камайтириш, мобиль клиника ва мобиль лаборатория фаолиятини йўлга қўйиш орқали олис ҳудудларда профилактика тадбирларини ўтказиш имконияти яратилди.
Ҳозир ОИВ инфекцияли шахсларнинг 85 фоизи ўз ҳолатини билади. Ретровирусга қарши махсус терапия билан даволаш қамрови 79 фоизни, вирус юкламасининг пасайиши 74 фоизни ташкил этади.
БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2030 йилга бориб ОИВ эпидемиясига барҳам бериш учун “95-95-95” стратегияси илгари сурилган бўлиб, унинг доирасида ОИВ инфекцияли шахсларнинг 95 фоизи ўз мақомини билиши, 95 фоизи махсус даволаш курсларига қамраб олиниши ҳамда 95 фоизининг қонида вирус юкламаси аниқланмайдиган даражага тушишига эришиш мақсади белгиланган. Ана шу вазифаларни уддаласак, 2030 йилгача бу касаллик кескин камайиши мумкин. Айни пайтда юртимизда шу касаллик билан оғриган 45 мингдан ортиқ бемор бўлса, янги қарорга мувофиқ, уларни тўлалигича доридармон билан таъминлаш имкони яратилмоқда. Бунда ретровирусга қарши 22 турдаги дори-дармон харид қилиш кўзда тутилмоқда. Қарор билан аҳоли орасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш самарадорлигини оширишга доир 2023-2027 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланмоқда. Ушбу дастурни амалга ошириш учун 2023-2027 йилларда жами 120 миллиард сўм ва 54 миллион доллар йўналтирилади.
ОИВ инфекциясини эрта аниқлаш, ташхислаш ва даволаш сифатини ошириш мақсадида ҳар йили камида 3 миллион аҳоли текширув билан қамраб олинади. Бунинг учун 11,4 миллион дона диагностик тест тизими (экс пресс, ИФА тести)ни харид қилиш кўзда тутилмоқда. ОИТСга қарши кураш марказлари ОИВ инфекцияси диагностикаси ва даволаш самарадорлигини мониторинг қилиш учун зарур 587 мингта диагностик восита (иммуноблот, ПЦР ва СD4) билан таъминланади.
ОИВ инфекциясининг онадан болага юқишига барҳам бериш мақсадида ОИВ инфекцияли оналардан туғилган, 6 ойликкача бўлган 2 минг нафардан ортиқ бола қуруқ сут аралашмаси билан таъминланиши ҳам назарда тутилган. Шунингдек, соғлиқни сақлаш органлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорликда ОИВ инфекцияси юқиши эҳтимоли юқори гуруҳлар орасида профилактик тадбирлар олиб бориш, аҳоли орасида кенг тарғибот-тушунтириш ишларини ташкил этиш режалаштирилган.
2023 йил 1 июнга қадар Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятида, 2023 йил якунига қадар бошқа ҳудудларда ФҲДЁ органлари ва тиббиёт муассасалари ўртасида никоҳланувчи шахсларни ОИВ инфекцияси бўйича мажбурий тиббий кўрикдан ўтказишда электрон маълумот алмашинув тизими жорий этилиши касалликнинг кенг тарқалиши, профилактикаси ва касаллик аниқланганда самарали даво чораларини қўллашга замин яратади.
2023 йил якунига қадар ОИВ инфекцияси аниқланган ҳолатлар мониторингини таъминлаш, реал вақт режимида дори ва диагностик воситаларнинг ҳаракатланишини кузатиб бориш имконини берувчи электрон ахборот тизими яратилади. Бунинг учун БМТ Тараққиёт дастури орқали 100 минг доллар ажратилади.
ОИТСга қарши кураш ҳудудий марказлари ва уларнинг туманлараро лабораториялари моддий-техник базасини ривожлантириш ҳам кўзда тутилмоқда. Жумладан, 15 та марказнинг бинолари ҳамда туманлараро 20 та лабораторияда қурилиш, капитал таъмирлаш, реконструкция ва жиҳозлаш ишлари бажарилади. Марказларнинг поликлиника бўлимлари 3 турдаги (ЭКГ, денситометр, УТТ), лабораториялари 21 турдаги тиббий ускуналар билан жиҳозланади. Истаган фуқаро ўзи истиқомат қилаётган ҳудуддаги поликлиника ёки ОИТС марказларига бориб, текширтириш имкониятига эга бўлади ва бу текин амалга оширилади.
Мутахассисларнинг касбий салоҳияти оширилади. Жумладан, камида 50 нафар тиббиёт ходими чет элга малака оширишга юборилади. ОИВ инфекцияси бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар амалга оширилиши самарали даво чораларини қўллаш ва касалликка барҳам беришга хизмат қилади.
Қаҳрамон ЙЎЛДОШЕВ,
Республика ОИТСга қарши кураш маркази директори









