Аёл бизнес ҳамкорининг 50 минг АҚШ долларини ўзлаштирди 

    Тошкент шаҳрида аёл 50 минг АҚШ долларини ноқонуний тарзда ўзлаштирди. Бу ҳақда ИИВ ТҚД Киберхавфсизлик маркази матбуот хизмати хабар берди.

    Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида яшовчи аёл Э.Н. ариза билан мурожаат қилиб, ўзининг банк картасидаги 50.000 АҚШ доллари номаълум шахс томонидан ўзлаштирилганлигини маълум қилган.

    Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Тошкент шаҳрида яшовчи аёл Т.М. содир этганлиги аниқланди.

    Унга кўра, Т.М., жабрланувчи Э.Н. билан Telegram мессенжеридаги гуруҳларнинг бирида танишиб, бизнес ҳамкорликни таклиф қилган ва уни ишонтириб, алдов йўли билан 50.000 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини ўтказиб олган ва пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

    Мазкур ҳолат юзасидан М.И.га нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.