Аёллар тадбиркорлигини кенгайтиришга йўналтирилган таклиф ва ташаббуслар муҳокама этилди

    Пойтахтимизда Олий Мажлис Сенати ҳамда Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида «Мен муваффақиятли тадбиркор аёлман» тадбиркор аёллар форуми ўтказилди.

    Мамлакатимизда аёллар тадбиркорлигини янги босқичга кўтаришга, бизнес вакилаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирда Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева, Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда юртимиз ҳудудларида фаолият олиб бораётган 200 нафардан ортиқ етакчи тадбиркор аёллар иштирок этди.

    Сенат Раиси ўз сўзида тадбиркорликка энди қадам қўяётган аёлларни қўллаб-қувватлаш, молиявий имкониятларини кенгайтириш, тадбиркорлик кўникмаларини ошириш мақсадида уларни доимий тарзда ўқитиб бориш, юқори технологияли касбларга ўргатиш, янги ишланмаларга асосланган стартап лойиҳаларни қўллаш, ўзаро ҳамкорлик ва тажриба алмашиш учун мулоқот майдонини ташкил этиш, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликдаги лойиҳаларни кенгайтириш масалаларига тўхталиб ўтди.

    Шунингдек, форум доирасида муваффақиятли тадбиркор аёллар ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

    Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, бугун юртимизда ишбилармон аёллар сафи икки баробар кенгайиб, ўз бизнесини йўлга қўйган тадбиркор хотин-қизлар сони 200 мингдан ошди, иқтисодиёт ва саноат тармоқларида аёллар улуши 46 фоизни ташкил этади. Кичик бизнес субъектларининг 120 мингдан зиёдини, фермер хўжаликларининг 4 минг 550 дан ортиғини хотин-қизлар бошқариб келяпти.

    Президент Фармони билан жорий йилдан бошлаб аёлларнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлигини ташкил этиш учун 100 миллион доллар ажратилди.

    Шунингдек, келгуси икки йилда кичик ва ўрта бизнесда хотин-қизларнинг улушини ҳозирги 25 фоиздан 40 фоизга ошириш бўйича улкан мақсад қўйилган.

    Бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларнинг бизнес соҳасидаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда муаммоларини бартараф этиш учун жойларда хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш, уларда кўникмаларни шакллантириш ва тадбиркорликни бошлаш учун кредит олишда амалий ёрдам кўрсатишнинг янги тизими жорий этилди.

    Форумда яқин ўтмишда ҳам хотин-қизлар тадбиркорликнинг айрим соҳаларида, хусусан хизматлар соҳасида, қисман тўқимачилик соҳасида фаол иш олиб борган бўлса, бугунги кунга келиб хотин-қизлар бизнеснинг ҳар бир йўналишига шиддат билан кириб келгани ва юқори натижаларга эришгани алоҳида қайд этилди.

    Тадбир давомида иштирокчилар бизнесда аёлларнинг иштирокини кенгайтириш юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирдилар.

    Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш, маҳаллий тадбиркор аёлларнинг халқаро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш масалалари бўйича келишиб олинди.

    Форум якунида иштирокчиларнинг муҳим саналган йўналишлардаги аниқ таклифларини ўз ичига олган Мурожаат қабул қилинди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates