«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати 2023 йилнинг 26-27 январь кунлари «Сирли мижоз» кўринишида мониторинг ўтказганини маълум қилди. Унда Ўзбекистон бўйлаб 308 та дорихона қамраб олинди.
Маълум қилинишича, аксарият дорихоналарда тақиқланган дори воситалари сотувдан олиб қўйилган, бироқ омборларда ҳамон сақланаётгани аниқланган. Шунингдек, айрим дорихоналарда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан сотуви тўхтатилган дори воситалари эркин сотувда мавжуд.
Хусусан, Қашқадарё вилояти ва Сурхондарё вилоятининг айрим дорихоналарида Ҳиндистоннинг «Marion Biotech Pvt. Ltd.» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган «Нолгрипп Жуниор» йўталга қарши сиропи, «Травамакс», «Нолгрипп» ва «Цинепар» таблеткалари ва пастилларини ҳали ҳам харид қилиш мумкин.
Аҳоли ушбу дори-дармонларни юз берган фожиали ҳолатлар, соғлиқ ва ҳаёт учун эҳтимолий хавфларга қарамай, аввалгидек сотиб олаётгани аниқланди.
Ҳаракат мониторинг натижалари бўйича материаллар (дорихоналар манзиллари, чеклар) чора кўрилиши учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига тақдим этган.
Шу муносабат билан «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати қуйидагиларга чақирди:
биринчидан, аҳоли, айниқса, чекка қишлоқлар, поликлиникалар ўртасида кенг тушунтириш ишларини ўтказиш;
иккинчидан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан савдоси тўхтатилган ва суд томонидан тақиқланган дори воситалари рўйхатини барча дорихоналарнинг кўринадиган жойига жойлаштириш;
учинчидан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан савдоси тўхтатилган ва суд томонидан тақиқланган, лекин омборларда сақланаётган барча дориларни, тадбиркорларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш масаласини кўриб чиққан ҳолда, йўқ қилинишини таъминлаш.