У “Бағдод замин асали” деҳқон хўжалиги раҳбари, асаларичилар сулоласининг учинчи авлоди бўлади.
— Бобом Убайдулло ҳам моҳир асалчи бўлган. Болалигимиздан шу соҳа ичида улғайдик. Биздан кейин ўғилларимиз, келин-қизларимиз, невараларимизда ҳам қизиқиш сўнгани йўқ. Демак, ҳали бу анъана давом этади, — дейди тадбиркор. — Бугун юртимизда ёшлар учун кенг имкониятлар яратилган, фақат изланиш, интилиш керак, холос. Уларнинг эришаётган ютуқлари, чет элма-чет эл юришларига ҳавасим келади.
Абдувоҳид бобомерос асал етиштиришни илмий изланишлар, замонавий услуб ва методлар, инновацион технологиялар билан бойитди. Қўлланма ва китоблар ўқиди, янги нав ва зотлар устида ишлади. Соҳа бўйича ўтказилаётган анжуман ва конференциялар, танловлар иштирокчиси бўлиб, қатор ютуқларга эришди. Асал байрамларида фаол қатнашиб, Ўзбекистон асаларичилар уюшмаси томонидан “Асалари маҳсулотларини энг кўп экспорт қилган асаларичи” дея эътироф этилди, меҳнатлари муносиб рағбатлантирилди, “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Бугун уни нафақат юртимиз, балки хорижликлар ҳам яхши билади.
Бу ерда фақат бол етиштириш эмас, балки асалари оиласини экспорт қилиш ёки қишлоқдаги кам таъминланган оилаларга тарқатиш, қизиқувчиларга ўз билганларини ўргатиш борасида салмоқли ишлар қилинди. Ўтган йилнинг ўзида “Чекхитой” маҳалла фуқаролар йиғинида асаларичилик кооперациясини ташкил қилиш орқали 20 та оила вакилларининг бандлиги таъминланди. Бунинг учун “Бағдод замин асали” томонидан уларга 60 қутида 120 та асалари оиласи тарқатилди. Билмаганларини мунтазам ўргатиб борди, аввалига озуқаларигача етказиб берди. Касаначилик асосида етиштирилган маҳсулотни ўзи сотиб олди. Аҳоли битта асалари оиласидан 700-800 минг сўмдан фойда кўрди. Бу ташаббус Олчин, Матқулобод қишлоқларида ҳам кенг қулоч ёзди, тумандаги фермер хўжаликларига 300 та асалари оиласи тарқатилди. Астойдил киришган фуқаролар асалнинг ўзидан 10 миллион сўм, асалари оиласини сотишдан эса 25 миллион сўмгача даромад топди.
— Беш йил аввал 30 та асалари оиласи олгандим. Бугунга келиб улар сони 65 тага чиқди, — дейди Муллавали қишлоғида яшовчи Ҳошимжон Имомов. — Юракдан чиқариб парвариш қилинса, турган-битгани хазина, даромад манбаи экан. Бу ишларда кооперация вакилларининг хизматлари катта. Барака топишсин, билганларини ўргатиш, маслаҳат беришдан қочмайди...
“Асал маркази” очишдан мақсад ҳам бошқаларга ўргатиш, оилаларни даромадли қилиш. Келгусида апитерапия — асалари билан даволаш муассасаси фаолияти йўлга қўйилади бу ерда. Мазкур даволаш усули жуда қадимдан қўлланиб келинади. Жой масаласи ҳал бўлса, даволаш муассасаси биноси ҳам қурилади.
Ўтган йили мазкур деҳқон хўжалиги томонидан 100 минг долларлик асал экспорти амалга оширилди. Айни кунда 2 мингдан зиёд асалари оиласи парвариш қилинмоқда. Бу йилига ўрта ҳисобда 14-15 тонна асал йиғиб олинади деган гап.
Яқинда покистонлик тадбиркорларга “Бағдод замин асали” бренди остида 20 тонна асал етказиб бериш бўйича шартнома тузилди. “Асал маркази”да эса 30 хилдан ортиқ табиий, соф асал маҳсулотлари, ари боқиш учун керакли барча ускуна ва қўлланмалар мавжуд бўлиб, мутахассислар доимий равишда мижозларга ўз маслаҳатлари билан беминнат ёрдам кўрсатмоқда.
Айтишларича, бир кило асал учун боларилар ўн миллионта гул ва япроққа қўниб, нектар йиғади. Шу сабабли кейинги йилларда фермер ва боғбонлар томонидан асаларичи фермер билан ҳамкорликда ишлаш истагини билдираётган таклифлар кўпайган. Гап шундаки, асалари боқилган ҳудудда мевали дарахтлар гули 30 фоиз, пахтаники эса 15-20 фоизгача қўшимча чангланиб, ҳосилдорлик ортади.
Бундан ташқари, тумандаги “Аёллар дафтари”га киритилган 20 нафар хотин-қизга йил давомида моддий кўмаклашиш анъанаси йўлга қўйилган. Яқинда эса вилоятдаги меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун 500 кило асал беминнат тортиқ қилинди.
Бағдод томонларга йўлингиз тушса, “Асал маркази”га ҳам бир кириб ўтинг. Тилёрар асалдан татиб кўришни, қизиқиш ва имкон топсангиз, бу сердаромад соҳа билан шуғулланишни тавсия қиламиз.
Расулжон КАМОЛОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири









