Баҳорги астма хуружлари: Унга нима сабаб бўлади?

    Саломатлик 4 май 2025 1030

    Сўнгги йилларда иқлим ўзгариши ва генетик омиллар сабабли дунё аҳолиси орасида нафас аъзолари хасталиклари, хусусан, бронхиал астмага чалиниш ортиб бормоқда.

    Бронхиал астмага билан касалланган беморлар самарали даволаниш учун нималарга эътибор бериши лозимлиги ҳақида Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази диагностика бўлими шифокори, олий тоифали пульмонолог Хайрулло Ражабов маълумот берди.

    — Бронхиал астма – нафас йўлларининг сурункали яллиғланиши бўлиб, дунё аҳолисининг ўртача 5 фоизида учрайди. Бу кўрсаткич болалар орасида янада кўпроқ — ўртача 10 фоизни ташкил этади. Ушбу касаллик асосан баҳор-куз ойларида авж олиб, қуруқ йўтал, нафас қисиш хуружлари, ҳансираш, кўкракда оғирлик ҳиссининг пайдо бўлиши каби симптомлар билан намоён бўлади, — дейди мутахассис.

    Бу ҳолатлар, асосан, тунда ёки эрта саҳарда кузатилади. Хасталик хуружи кўпинча дори таъсирида ортга қайтади. Бронхиал астмани, асосан, қуйидаги омиллар келтириб чиқаради:

    — генетик мойиллик, атопия, нафас йўллари гиперреактивлиги;
    — ташқи ва уй аллергенлари (чанг, уй чанглари, ўсимлик чанглари, уй ҳайвонлари юнги);
    — чекиш;
    — респиратор инфекциялар;
    — баҳорги гул чанглари;
    — паразитар инвазия ва айрим озиқ-овқат ва дори воситалари.

    Бронхиал астманинг қандай кечиши унинг қанчалик эрта аниқланишига боғлиқ. Агар касаллик ўз вақтида муолажа қилиниб, бемор шифокор кўрсатмаларига қатъий риоя қилса, хасталикни тўлиқ назорат қилиш мумкин.

    Бу эса бемор ҳаёт тарзини яхшилайди ва унинг аломатларини узоқ муддатга заифлашувига сабаб бўлади.

    Касалликни даволаш, астма хуружлари сонини камайтириш учун беморнинг бронхоспазм бошланишига туртки бўлган аллерген билан алоқасини чеклаш лозим.

    Хусусан:

    — хона ҳавосини тез-тез алмаштириш ва чанг зарраларидан тозалаш;
    — ҳаво тозалагичлар ва кондиционердан фойдаланиш;
    — ҳаво қуруқлигига қарши намлагичларни қўллаш;
    — бемор учун барқарор, қулай хона ҳароратини сақлаш учун иқлим назоратини ўрнатиш;
    — турли зарарли ҳашаротлар, айниқса, суваракларни йўқ қилиш;
    — аллергия қўзғамайдиган чойшабдан фойдаланиш;
    — юнгли гиламлардан воз кечиш;
    — диета қилиш керак.

    Энг муҳими, бемор шифокор назорати остида даволаниши, зарур тавсияларга қатъий амал қилиши зарур.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates