Балиқчилик: кооперация — самарадорлик ва истиқбол ривожини белгилайди

    Шундай технологиялар мавжудки, улар ёрдамида ҳар бир хонадонда бир йилда 2-2,2 тонна маҳсулот етиштириш мумкин.

    Кеча Президентимиз ҳузурида бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишда балиқчилик соҳасини ривожлантириш истиқболлари ва кооперация асосида балиқ етиштириш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Эътироф этиш жоиз, ўтган беш йилда балиқ етиштириш ҳажми 6 бараварга ошиб, жорий йилда 400 минг тоннани ташкил этади. Йиғилишда келгуси йилда бу миқдорни 600 минг тоннага етказиш вазифаси қўйилди.

    Балиқнинг фойдали жиҳатлари жуда кўп. Унинг маҳсулотлари юқори биологик қийматга эга бўлиб, парҳез хусусияти эга бўлганлиги учун инсонлар ҳаётида яхши озиқа ҳисобланади. Бу неъмат аминокислоталар ва “Д” витаминига ўта бой, уни етарли даражада истеъмол қилиш моддалар алмашинувини меъёрида сақлаб туради. Айниқса, балик маҳсулотлари ёш болалар ақлий ривожланиши учун, шунингдек, касалликларнинг олдини олишдаги аҳамияти катта.

    Дунёнинг ривожланган мамлакатларида аҳоли жон бошига бир йилда истеъмол қилинадиган балиқ гўшти ўртача 25-45 килограмм бўлиб, жаҳон бўйича ўртача кўрсаткич 22 килограммни ташкил этади. Бутун жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти хулосасига кўра, ҳар бир инсон бир йилда ўртача 12-16 килограмм балиқ гўшти истеъмол қилиши лозим.

    Президентимизнинг топшириқлари ва имзолаган қатор қарорлари асосида кейинги пайтда соҳада туб бурилиш ясалди. Кейинги беш йилда аҳоли жон бошига балиқ етиштириш дунё соғлиқни сақлаш меъёрларига етказиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда..

    Муҳими, бозор ва дўкон расталарида балиқ турлари, саноат усулида ишлаб чиқарилган маҳаллий тайёр балиқ маҳсулотлари сони ва сифати ошди. Авваллари хўжаликлар томонидан асосан оқ ва чипор дўнгпешона, карп балиқлари етиштирилган бўлса, сўнгги йилларда хориждан импорт қилинадиган форель, осётр, лосос ва Африка лаққаси сингари турларни ўзимизда кўпайтириш ривожланиб бормоқда.

    — Шу каби қимматбаҳо балиқларни етиштирувчи тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат бюджетидан субсидиялар ажратилиб 7 та хўжалик ишга туширилди ва улар сони 20 тага, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 3,5 минг тоннага етказилди, — дейди “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раиси Омонжон Мусаев. — Президентимиз ҳузурида ўтказдган йиғилиш танқидий руҳда ўтиб, соҳа истиқболи аниқ-равшан белгилаб берилди. Ҳақиқатан, тармоққа интенсив технологияларни жорий этиш 1 гектар ердан 10-12 тонна балиқ овлаш имкониятини беради. Лекин бугунги кунда биз ҳар гектар ердан атиги 3-4 тонна балиқ тутиб, шу билан чегараланиб қоляпмиз. Шу боис эндиликда замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда, балиқ етиштириш ва овлаш ҳажмини ошириш фаолиятимизнинг асосий вазифасига айланади.

    Йиғилишда бу вазифани аҳоли хонадонларида балиқ етиштиришни йўлга қўйиш орқали ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилди. Шундай технологиялар мавжудки, улар ёрдамида ҳар бир хонадонда бир йилда 2-2,2 тонна маҳсулот етиштириш мумкин. Шунда ҳар бир оила 12 миллион сўм даромадга эга бўлади. Бу эса бандликни таъминлаш ҳамда балиқчиликни янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

    Соҳа драйвети — “хонадон — кооперация — кластер” усули

    Тармоқнинг муҳим йўналишларидан яна бири — балиқчилик кластерлари салоҳияти тоборо ортиб боряпти. “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси маълумотларига кўра, жорий йилда 9 та шундай кластер фаолияти йўлга қўйилиб, улар сони 35 тага етди. Улар томонидан ҳозирга қадар 29 минг тонна балиқ ва 14 минг тонна балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.

    Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги “Gold fish agro export” МЧЖ жорий йилдан кластер тарзида фаолиятини давом эттиряпти. Қиймати 30 миллиард сўмлик ушбу лойиҳа увилдириқларни тайёрлашдан тортиб, балиқ етиштириш, қайта ишлаш, ем ишлаб чиқаришни қамраб олган. Умуман, кластер йилига 500 тонна балиқ етиштириш қувватига эга. Шу ернинг ўзида балиқни қайта ишлаш цехи, 800 тонна сиғимли замонавий музлаткичлар ҳам бор.

    Кластер катта кўламдаги жойни ва катта режаларни ўз ичига олган. Жами 43 гектар майдоннинг 4 гектарида интенсив ва ярим интенсив усулда балиқ етиштирилади. Унинг раҳбари Аброр Нарзиев интенсив балиқчиликни замонавий Хитой технологияси асосида йўлга қўйган. Бунда сунъий ҳовуз доимий сув талаб қилмайди, балки ўзидаги сувни қайта айлантириб ишлайди.

    — Балиқчиликка ҳамма қизиқади, уйида имконияти бор, лекин ери, оқиб келадиган 10 минг куб суви йўқ, — деб тушунтиради тадбиркор. — Мен 100 куб сувда бир йилда 2 мартта ҳосил олиш технологиясини йўлга қўйдим. 5 та сунъий сув ҳавзаси атиги 3 сотих жойда ўрнатилган. Уларнинг ҳар бирига 20 кубдан сув қуйилади. Сув махсус агрегатлар билан тортиб олинади, филтер, биофилтердан ўтади ва яна қайтиб сунъий сув ҳавзасига қуйилади. Бундай усулда боқиладиган балиқ доимий ҳаракатда бўлгани боис, таъми ҳам мазали бўлади.

    Сунъий сув ҳавзалари иссиқхона ичига ўрнатилгани янада ҳайратланарли. Аброр аканинг айтишича, иссиқхона ичида сақланадиган ўртача ҳарорат сабаб йилда 2 марта ҳосил олинади. Гап шундаки, қишки совуқда балиқлар овқатланмайди, ухлайди. Илиқ ҳароратда эса бу жараёнга ҳожат қолмайди. Балиқлар илиқ ҳарорат таъсирида сузишда давом этиб, озиқланишни канда қилмайди. Бундан ташқари, технология 14 фоизгача кислород бергани ҳисобига сув ҳавзасида тозалик доим сақланади.

    — Президентимиз жорий йилнинг 21 октябрь куни вилоятга ташрифи чоғида балиқ етиштириш жараёнини кўздан кечириб,тажрибамизни оммалаштириш, аҳолини жалб этиш юзасидан кўрсатмалар берган эди, — дейди Аброр Нарзиев, — Давлатимиз раҳбари кеча ўтказилган балиқчилик соҳасини ривожлантириш истиқболлари ва кооперация асосида балиқ етиштириш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан кенгайтирилган йиғилишда эса, Шароф Рашидов тумани тажрибаси асосида келгуси йилда 10 мингта хонадонда интенсив балиқ етиштириш йўлга қўйилиши белгилаб берилди. Бунинг учун эса, кластер ва хонадон эгаларига катта енгилликлар ҳам берилаётгани молиявий рағбат бўлади. Хусусан, хонадонларда кооперация асосида йилига 80 тоннадан ортиқ балиқ етиштирган кластерлар уч йил муддатга барча солиқлардан озод этилади, уйида балиқ етиштирувчилар учун “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида кредит миқдори 2 баробарга оширилади ва келгуси йилда 400 миллиард сўм йўналтириляпти, уларнинг ер ва мулк солиқлари 50 фоизга камайтирилиб, ўзини ўзи банд қилган аҳоли тоифасига ўтказиляпти.

    Биз бу борадаги ишларни тажриба тариқасида Шароф Рашидов, Зарбдор ва Зомин туманларида “хонадон-кластер” кооперация усулида балиқ етиштиришни ташкил этиб, аҳоли бандилигини таъминлаш борасидаги ишларни бошлаб юборганмиз. Биз таклиф этаётган усулда ярим сотих жойда 6 ойда 1 тоннаю 200 килограмм, 1 йилда 2–2,5 тонна балиқ олиш мумкин. Бу 35 миллион сўм даромад дегани. Талабгорларга ҳовузларни уйларига олиб бориб, ўрнатиб беряпмиз.

    Йилига мингта хонадонда мазкур тамойил асосида интенсив усулда балиқ етиштириш режалаштирганмиз. Бунинг ҳисобига, 2 минг нафар ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлашга ҳамда қўшимча равишда 2 минг тонна балиқ етиштиришга эришишимиз мумкин.

    Асосий эътиборинтенсив балиқ етиштиришга қаратилади

    Яқин пайтгача Фарғона иқлим шароитида хуштам ва фойдали форел балиқлари етиштирилади, деса кўпчилик ишонмасди. Марғилон шаҳридаги “Мr fish fargona company” Ўзбекистон–Эрон қўшма корхонасида интенсив усулдаги парваришланаётган балиқларни кўрган кишида аксинча фикр туғилиши турган гап. фарел Бунинг учун махсус кўллар, совутиш иншоотлари қурилди. Янги усулнинг ўзига хос жиҳати кенг майдонда кўп сув сарф қилмаган ҳолда, мўл ва сифатли маҳсулот етиштириш имконияти яратилда.

    — Форель балиқлари хуштамлиги, инсон соғлиги учун муҳим бўлган фойдали элементларга бойлиги билан ажралиб туради, — дейди корхона раҳбари Муҳамадали Сотиболдиев. — Шу кунга қадар ички бозорга 10 тоннадан ортиқ маҳсулот сотдик. Ҳавзаларимизда балиқ мўл. Ҳозирда маҳсулот етиштириш ҳажми ва сифатини ошириш, экспортга йўналтириш борасида иш олиб боряпмиз. Балиқчилик тармоғи учун витаминларга бой озуқа ишлаб чиқариш йўналишида янги лойиҳаларни ишга туширяпмиз. Бу — йилига 20 тоннадан ортиқ балиқ озуқалари ишлаб чиқариш имкониятини беради.

    Балиқчилик яхшигина даромад манбаи ҳисобланади. Шу боис Фарғона вилоятида балиқчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундан уч-тўрт йил олдин вилоятда 10 минг тоннага яқин балиқ етиштирилган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 35 минг тоннадан ошди. Бу бежиз эмас. Соҳа ривожи йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилган имтиёз ва имкониятлар маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш омилларида қўл келмоқда.

    Бағдод туманидаги “Худойберди ота кўллари” балиқчилик фермер хўжалиги кластер тизимини йўлга қўйди. Айни кунда фермер хўжалиги 30 гектар кўлда балиқ парваришламоқда.

    — Мавсум давомида юз тонна маҳсулот етиштирамиз, —дейди фермер Худойберди Болтабоев. — Сазан, оқ амур ҳамда дўнгпешона балиқлари табий шароитни яхши кўради. Айни кунда ҳавазларни яна 20 гектарга кенгайтириш мақсадида янги кўлларни ҳозирлаяпмиз. Натижада маҳсулот ҳажми 70 тоннага ошади. Кўл бўйида сиғими 10 тонна бўлган музлатгич қурдик. Бу маҳсулотларимизни нафақат ов мавсуми, баки йил давомида истеъмолчиларга етказиб бериш имкониятини беради. Шунингдек, дудланган балиқ, икки турдаги консерва ишлаб чиқариш борасида иш олиб боряпмиз.

    Қува тумани "Мақсуд ота балиқчилик" фермер хўжалиги раҳбари Миркомил Косимов 68 гектарерда балиқ кўли ташкил этди. Мавсуда аҳоли дастурхонига 160 тонна маҳсулот етказиб бериш нияти амалга ошяпти. Бундан ташқари, Хитойдан “Коя” балиқ уруғини олиб келиб парваришлашга қўйди. Улар чиройли кўриниши, тез ривожланиши билан ажралиб туради, ўртача 2-2,5 килограмм тош босади. Хўжаликда 40 тонна маҳсулот сақлаш омбори, ем ишлаб чиқариш тармоғи ташкил этилди. Қува-Тошлоқ автомобиль йўли бўйича 17 гектар майдонда балиқчилик йўналишида экотуризм ташкил этишни кўзлаб турибди.

    Эътиборли жиҳати, вилоятда бу йўналишлар учун умумий қиймати 40,8 миллиард сўмлик 23 та балиқчилик йўналишидаги лойиҳалар учун кредит ажратилди. Биргина Ёзёвон туманнидаги хўжаликла сони 70 дан ошди. Ихтисослашган фермер хўжаликлари тасарруфидаги 2371 гектар ҳавза майдонларида харидоргир балиқ етиштирилмоқда. Туманда интенсив усулда балиқ етиштиришни мақсад қилган 3 та лойиҳа ташаббускорларига 3,4 миллиард сўм маблағ ажратилди.

    — Президентимизнинг 2020 йил 29 августдаги “Балиқчилик тармоғини қўллаб-қувватлаш ва унинг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори бу йўналишда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, балиқ етиштириш ва қайта ишлашда ресурс тежовчи инновацион технологияларни жорий этиш имкониятини бермоқда,-дейди “Фарғона балиқ саноат” МЧЖ директори Хайрулло Дадахонов. — Бироқ, кеча давлатимиз раҳбари ҳузурида ўтказилган йиғилишдаги танқидий таҳлиллардан кейин фаолиятимизни янгича ёндашувлар асосида олиб боришимиз зарурлигини янада теран англадик. Чунки, ҳали ҳам вилоятимизда бир гектар майдондаги ҳосилдорлик 3-4 тонна атрофида бўлиб қоляпти. Интенсив балиқ етиштириш ҳажми умумий ишлаб чиқаришнинг 10 фоизидан ошмаяпти.

    Айни кунда вилоятимизда балиқчилик йўналишида 480 га яқин фермер хўжалигии фаолият кўрсатиб келмоқда. Оддий усулда бир гектар ерда ўрта ҳисобда 3 тонна балиқ етиштирилган бўлса, интенсив йўл билан балиқ парваришлаш ҳосилдорлик салмоғини тўрт ҳиссага ортиради. Агар биз бу йил аҳоли дастурхонига 45 тонна балиқ етказиб беришни мўлжаллаётган бўлсак, интенсив услубда парваришлашни икки бараварга кенгайтирсак, демак маҳсулот ҳажми ҳам шунга яраша ортади.

    Аҳолини балиқ етиштиришга ўргатиш борасида хоразмлик ҳамкасбларнинг тажрибасини йўлга қўямиз. Бу борада хонадонлар ва кластерларга берилаётган катта имтиёз ва енгилликлар молиявий таянч бўлади, минглаб ёшларнинг иш билан таъминланишига, оилалар даромади ошишига кенг йўл очади.

    Вилоятимизда балиқчилик маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва сотиш логистика маркази, ҳар бир ҳудудда замонавий савдо шахобчалари фаолиятини йўлга қўйиш борасида ҳам ишларни янги босқичга кўтаришимиз зарур. Озуқа ишлаб чиқариш борасидаги янги лойиҳалар ҳаётга тадбиқ этилиши балиқчилик хўжаликлари эътирозларига сабаб бўлаётган озуқа сифати билан боғлиқ муаммолар ечимида қўл келади.

    Амалий самара ва истиқбол имкониятлари

    Жорий йилда ҳам балиқчилик тармоғини жадал ривожлантириш, етиштириш ҳажмини ошириш, янги инновацион технологияларни жорий этиш, хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда республикада балиқ турлари хилма-хиллигини оширишга йўналтирилган бир қатор ишлар амалга оширилди.

    Маълумотларга қараганда, балиқчиликни ривожлантириш дастури асосида белгилаб берилган 1,2 триллион сўмлик 317 таси лойиҳадан хозирги кунга қадар 302 та (738,3 миллиард сўм) амалга оширилди, 1865 та иш ўрни яратилди.

    Бундан ташқари, уларга қўшимча равишда жорий йилда 148 миллиард сўмлик 31 та янги лойиҳа шакллантирилди. Бугунги кунга келиб, ушбу лойиҳаларнинг 30 таси (125 миллиард сўм) ишга туширилди. Бунинг натижасида жами иш ўринлари сони 2100 тага етди. Йил якунига қадар яна 16 та лойиҳа доирасида 207 нафар кишининг бандлиги таъминланади.

    Хорижий инвестицияларни жалб қилишга келганда, Наманган, Тошкент, Навоий ва Фарғона вилоятлардаги 9 та лойиҳага 9,1 млн долларлик сармоя ўзлаштирилди. Ҳозирги пайтда яна 9,4 миллион долларлик 4 та лойиҳа амалга ошириш босқичида турибди.

    Яна бир эътиборли жиҳат. Жорий йилда хўжаликлари томонидан Хитой, Россия, Туркия, Қозоғистон, Вьетнам, Эрон ва Тожикистон давлатларига 8,9 миллион долларлик 2,2 минг тонна (ўтган йил шу даврига нисбатан 135 фоизга кўп) балиқ ва балиқ маҳсулотлари экспорт қилинган.

    Республикада балиқ етиштириш ҳосилдорлиги паст бўлган сунъий сув ҳавзаларига аэратор, яъни сувни ҳаво билан аралаштириб, тўйинтириб берувчи мосламаларни ўрнатиш ҳисобига балиқ етиштириш ҳосилдорлиги гектаридан 5 бараварга оширилди. Лекин буларнинг ҳаммаси тармоқда мавжуд имкониятлар тўла ишга солинди дегани эмас.

    Президентимиз ҳузуридаги йиғилишда ҳосилдорлиги паст бўлган 7 минг гектар сунъий ҳавзаларда ҳосилдорликни 3 баробарга ошириб, қўшимча 50 минг тонна балиқ етиштириш мумкинлиги қайд этилди. Бунинг учун 700 та хўжаликда 21 мингта аэратор ўрнатиш ишлари амалга оширилади.

    Соҳанинг истиқбол салоҳияти катта. Уларни ишга солиш учун йирик балиқчилик лойиҳаларига келгуси йилда 20 миллион евро йўналтирилиши, балиқчилик хўжаликларига 530 миллиард сўм, шундан айланма маблағлар учун 200 миллиард сўм кредит ажратилиши белгиланди. Молиявий кўмак шу билан чегараланиб қолмайди, Эҳтиёжга қараб, бу маблағларни кўпайтирилиши ҳам назарда тутилмоқда.

    Умуман олганда, соҳага келгуси йилда 1,5 триллион сўмлик маблағ ва енгилликлар берилиши кўзда тутилмоқда.

    Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

    Ирода ТОШМАТОВА,

    Расулжон КАМОЛОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбирлари

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates