Баркамол авлод учун янги имкониятлар

    “Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 17 июнь сонида Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика “Баркамол авлод” болалар мактаби директори Севара Маҳмудованинг “Баркамол авлод” болалар мактаблари фаолиятини ривожлантиришнинг янги босқичи” номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Ёш авлод — биз олдимизга мақсад қилган янги давр ва янги Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси, келажагимиз ва истиқболимиз пойдеворидир. Шу боис, бугун мамлакатимизда ёшлар салоҳиятини ошириш, таълим-тарбияси учун муносиб шарт-шароит яратиш борасида тизимли ишлар қилинмоқда.

    Шу йил 25 май куни Президентимиз ҳузурида мактаб таълимидаги ислоҳотларнинг бориши муҳокама қилинган йиғилишда мактабдан ташқари таълим, хусусан, “Баркамол авлод” болалар мактабларини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, соҳа ходимлари олдига юртимизда мавжуд 217 та “Баркамол авлод” болалар мактаби фаолияти ва инфратузилмасини яхшилаш бўйича беш йиллик дастур ишлаб чиқиш ҳамда уларда STEAM йўналишлари бўйича тўгараклар ташкил этиш вазифаси қўйилди.

    Шу ўринда Президентимизнинг 2019 йил 30 сентябрдаги “Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини алоҳида таъкидлаш лозим. Унда “Баркамол авлод” болалар мактаблари фаолиятини янги босқичга кўтариш, самарадорлигини ошириш, улар фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида қатор тизимли вазифалар белгилаб берилди.

    Ўтган йили 13 апрель куни давлатимиз раҳбари бошчилигида ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида қўйилган вазифалар ижроси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Баркамол авлод” болалар мактаблари фаолиятига яна бир бор эътибор қаратилгани айни муддао бўлди. Бугун “Баркамол авлод” болалар мактабларидаги 9 мингдан ортиқ тўгаракка 260 мингдан зиёд ўқувчи жалб қилинган. Маданият ва санъат, техника, конструкторлик ва моделлаштириш, жисмоний тарбия ва спорт, ҳунармандлик ва қўл меҳнати, туризм ва экология, олий таълим муассасалари ва мактабга тайёрлов, хорижий тиллар йўналишларида 65 номдаги тўгараклар фаолият кўрсатмоқда.

    Республика “Баркамол авлод” болалар мактаби 2022–2026 йилларда тизимдаги мактабларини ривожлантиришга доир бир қатор мақсад ва вазифаларни белгилаб олди. Жумладан, мактабдан ташқари таълим сифатини ошириш мақсадида тўгарак ўқув дастури ва қўлланмалари янада такомиллаштирилади, чоп этиш ишлари кенг йўлга қўйилади, улардан машғулотларда самарали фойдаланиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилади.

    “Баркамол авлод” болалар мактабларида STEAM таълим дастури бўйича ташкил этилган тўгараклар учун ўқув лабораториялари босқичма-босқич ишлайди. Тўгараклар DigitalArt дастури бўйича фаолият юритади. Олдимизда турган асосий вазифалардан бири — кадрлар салоҳиятини ошириш. Бу борада олий таълим муассасалари талабаларининг педагогик амалиётини “Баркамол авлод” болалар мактабларида ташкил этиш, битирувчи талабаларни тўгарак раҳбари лавозимига жалб этиш чора-тадбирлари кўриляпти.

    Шунингдек, ходимларнинг тажриба алмашуви амалиёти жорий этилади. Ҳудудларда халқаро тажрибага эга мутахассислар иштирокида ўқувлар ташкил қилинади. Ҳозир айни таътил пайти. Табиийки, ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш бўйича зиммамиздаги масъулият янада ошган палла. Шу боис, беш муҳим ташаббус доирасида ўғил-қизларнинг маданият, санъат, спорт, ахборот технологияларига қизиқишини, ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида турли фестиваль ва танловлар ташкил этилади. Ёзги таътил ўқувчилар қамровини ошириш учун ҳам катта аҳамиятга эга.

    Бунинг учун тўгарак фаолиятига оид видеороликлар тайёрланиб, ҳудудлар бўйлаб кенг тарқатилади. Ўқувчиларнинг ижодий ишлари кўргазмаси ташкил этилади. “Баркамол авлод” болалар мактабларида ота-оналар ва ўқувчиларнинг қизиқиши ўрганилади, ўзини ўзи қоплайдиган янги турдаги тўгараклар очилади. Ўқувчилар ўртасида сайёҳликни ривожлантириш мақсадида “Сайёҳлик базалари”га амалий-услубий ёрдам кўрсатиш ва ўқув саёҳатларини ташкил этиш, маршрутларини ҳудудлар кесимида тасдиқлаш йўлга қўйилади.

    Ички туризмни ривожлантириш учун туристик автобуслар харид қилиш, уларни туризм ва сайёҳлик ривожланган ҳудудларни инобатга олган ҳолда босқичма-босқич етказиш ҳам галдаги вазифаларимиз сирасига киради. Бугунги бозор иқтисодиёти тамойилларидан келиб чиққан ҳолда, бюджетдан ташқари маблағ топиш ҳам асосий вазифаларимиздан. Айни шу мақсадда хўжалик ҳисобида фаолият юритадиган тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиш, жойлардаги марказий бозорлар ҳудудида “Баркамол авлод” болалар мактаблари тўгарак аъзолари тайёрлаган ижодий маҳсулотлар савдосини ташкил этиш, дўконлар ажратиш режалаштирилмоқда.

    Бундан ташқари, бўш турган бино ва майдонларни хатловдан ўтказиш, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида мақсадли лойиҳаларни амалга ошириш чоралари белгиланган. Ёшларни халқимизга ёт, зарарли таъсирлардан ҳимоялаш, миллат ва давлат тараққиётига хизмат қилишга қодир бўлган ўғил-қизларни тарбиялаш ҳар бир ота-она, хонадон ва маҳалла зиммасидаги масъулиятдир. “Баркамол авлод” болалар мактаблари бу йўлда ўзини кўмакчи деб билади. Зеро, қаратилаётган эътибор, яратилаётган шароит янги Ўзбекистоннинг баркамол фарзандлари учун янги имкониятлар эшигини очади.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates