Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва ИҲТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама этилди. Ташкилот доирасида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, унинг жаҳон миқёсидаги нуфузини ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Ҳ.Нозирий Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан «ИҲТда ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилинган 2022 йил мобайнида Ташкилотда Ўзбекистоннинг фаол ва мазмунли раислигини қайд этди. Ўзбекистон Раҳбарининг ИҲТ Ашхобод саммитида илгари сурган ташаббуслари ижроси тузилма фаолиятига кучли туртки бериши ва янги «ўсиш нуқтаси» бўлишига ишонч билдирилди.
Ўзбекистон Республикаси раислигида ўтказилган тадбирлар, жумладан, Ҳудудий режалаштириш Кенгаши мажлиси, қишлоқ хўжалиги ва туризм вазирликлари раҳбарларининг учрашувлари, қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича учрашувлар ва бошқалар муҳим аҳамият касб этгани таъкидланди.
Томонлар «ИҲТ истиқболлари 2025»да белгиланган мақсадларга эришиш учун Ташкилот доирасидаги ўзаро ҳамкорлик салоҳиятидан, айниқса, савдо, инвестиция, транспорт-коммуникация, энергетика соҳаларида янада самарали фойдаланиш зарурлиги тўғрисида умумий фикр билдирдилар.
Йиғилишда, шунингдек, Тошкентда бўлиб ўтадиган ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилиши, шунингдек, Ўзбекистон раислиги доирасида ўтказиладиган бошқа тадбирларнинг ташкилий ва мазмуний жиҳатлари ҳам муҳокама этилди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.