Юртим байроғини васф этар чоғи,
Кўнгиллар сув ичар, сўзларим - қайроқ.
Тоғлару боғларнинг дингдир қулоғи,
Қўл силкир қуёш ҳам - энг кўҳна байроқ...
Кўпириб-тошади томирларда қон,
Уйғониб Алпомиш отига минар.
Нафасим бўғзимга тиқилар шу он,
Энг қаттол душманим - мудроқлик синар...
Байроқ бўлгим келар байроққа боқиб,
Байроқ бўлишган-ку Тўмарис, Широқ.
Озодлик дарсига қўнғироқ қоқиб,
Жалолиддин келар қўлида чироқ...
Қанча-қанча юрт бор бу олам аро,
Байроғи бўлмаса барчаси бекор.
Ғафлатда ётмагай озод фуқаро,
Чин байроқ ухламас - ҳилпирар бедор...
Юртим байроғини васф этар чоғи,
Сўнгги сўзим будир: байроқ - муаллим.
Пахта чаноғию буғдой бошоғи,
Шундай бўлсин дея боқиб турар жим...
... Бирдан потраб кетар теграмда қушлар,
Хонишлари тутар мовий осмонни.
Дунё қўлларимдан маҳкамроқ ушлар,
Унга байроқ қилгум Ўзбекистонни!
Муҳаммад ВАЛИ.