Базальтнинг қандай афзаллиги бор?

    Сўнгги йилларда мамлакатимиз иқтисодиётининг барча соҳа ва тармоқларида, умуман, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш йўлида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

    Инсон қадрини улуғлаш, юртдошларимиз учун янада қулайликлар яратиш мақсадида бир қанча янгиликлар қўлланилмоқда. Уларнинг айримлари, аллақачон амалиётда қўлланиляпти ҳам. Бундай янгилик ва ўзгаришлар қурилиш-бунёдкорлик соҳасида ҳам талайгина.

    Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб янги қуриладиган ва реконструкция қилинадиган таълим муассасалари, умумий овқатланиш, хизмат кўрсатиш шохобчалари, спорт иншоотлари, локал иситиш иссиқлик тизимига уланадиган кўп хонадонли уй-жойлар, шунингдек, “Янги Ўзбекистон” массивлари — барча объектларни лойиҳалаштириш ҳамда ишга туширишда, иссиқ сув истеъмоли ҳажмининг камида 25 фоизи ўрнатиладиган қуёш сув иситиш қурилмалари орқали қопланиши талаб этилмоқда. Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш кўзда тутилмаган объектларнинг эса лойиҳа ҳужжатлари экспертизадан ўтказилмайди. Бу – қурилиш ишларини бошлашга рухсат берилмайди, дегани.

    Шунингдек, жорий йил 16 январидан эътиборан Шаҳарсозлик норма ва қоидаларининг мажбурий характерга ўтказилган айрим талаблари ҳам жорий этилди. Яъни, эндиликда барча турдаги жамоат бинолари ва 3 қаватдан юқори бўлган турар жойлар йўлаклари, зиналари, лифт олди майдончалари ҳамда бино атрофини ёритишда ҳаракат сезувчи қурилмаларни қўллаш зарурлиги белгиланган. Бунинг натижасида ёритишга сарфланадиган электр энергияси 50 фоизгача камаяди.

    Бундан ташқари, кўп хонадонли уйларнинг ташқаридан кириш эшиклари ички томонидан иссиқлик изоляцияланган бўлиши ҳамда герметик-берк ёпилишини таъминлаш керак. Уйларнинг кириш йўлакларидаги эшикларга ўзи ёпилувчи механизмлар ҳамда берк ёпилишини таъминловчи герметик воситаларни ўрнатиш орқали бинодаги иссиқлик манбаини сақлаб қолишга эришиш мумкин.

    Шаҳарсозлик норма ва қоидаларининг “Қурилиш иссиқлик техникаси” талабларига мувофиқ, бино деворларида иссиқлик изоляцион материалларни унинг ташқарисидан жойлаштириш керак. Бунда самарали иссиқлик изоляцион материаллари, масалан, базальт плиталаридан фойдаланиш талаб этилади.

    Биноларга ташқаридан киришда узунлиги 1,2 метрдан кам бўлмаган, ногиронлар уйларида эса узунлиги 1,6 метр, эни 2,2 метрдан кам бўлмаган тамбурлар қилишга йўл қўйилади.

    Шу билан бирга, биноларда автоматик равишда бошқариладиган, иситиш, шамоллатиш ва кондициялаштириш тизимларини, энергия самарадорлиги юқори бўлган иситиш-шамоллатиш, совутиш ускуналарини қўллаш, кондициялаштириш учун табиий совуқлик манбаларидан фойдаланиш ҳамда иқтисодий жиҳатдан самарадор иккиламчи ва қайта тикланувчи энергия ресурсларидан фойдаланиш келтириб ўтилган.

    Дарҳақиқат, бугун барча соҳалар ривожида янгича ёндашувлар талаб этилмоқда. Юртимизда бунёдкорлик ишлари тобора кенгайиб бораётганини инобатга олсак, қурилишдаги бу каби янгиликлар аҳамияти янада ошади. Айниқса, бу мавсум кузатилган аномал совуқ об-ҳаво шароитида буни барчамиз ўз танамизда яхши ҳис қилдик. Бу ҳолатга яқинда Президентимиз топшириғига асосан Бош вазир раислигида мамлакатимизда давом этаётган аномал совуқ ҳаво шароитида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида алоҳида тўхталиб ўтилди. Яъни, бугунги кунда республикамиз бўйича жами 40 мингта кўп қаватли уй-жой мавжуд бўлса, шундан 31 мингга яқини 1991 йилгача қурилгани ва уларни иситиш ўзига хос муаммоларни келтириб чиқараётгани қайд этилди. Шунинг учун ушбу уйларнинг ташқи қисмини босқичма-босқич базальт қопламага ўтказиш масаласи муҳокама қилинди.

    Ҳозир бутун дунёда бино ва иншоотлар инновацион, янги турдаги қурилиш материалларини қўллаш орқали сифатли, ҳар томонлама қулай, энергиятежамкор тарзда бунёд этилаётгани барчамизга яхши аён. Хусусан, ривожланган давлатларда сўнгги йилларда газобетон, базальт арматураси, базальт тоши ва шиша момиғидан иссиқлик сақловчи материаллар сифатида фойдаланиляпти. Бу — давр талаби.

    Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда ҳам бу борада дунёнинг илғор тажрибалари қўлланилмоқда. Республикамизда иссиқлик сақловчи материалнинг уч хили, яъни базальт тоши, шиша момиғи ва пеноплекс турларидан кенг фойдаланилади.

    — Чиндан ҳам, дунё қурилиш саноати, хусусан, Ўзбекистон бозорида ушбу қурилиш материалларига бўлган талаб йилдан йилга ошиб бормоқда, — дейди “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси бошқарув раиси ўринбосари Бахтиёр Бобоқулов. — Рақамларга эътибор берадиган бўлсак, 2016 йилда мамлакатимизда 17 минг тонна шундай қурилиш ашаёлари ишлаб чиқарилган бўлса, 2022 йилга келиб бу кўрсаткич 43 минг тоннани ташкил этди. Юртимиз ишбилармонлари томонидан ўтган йили, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон давлатларига жами 12,4 миллион долларлик иссиқлик сақловчи қурилиш материаллари экспорт қилинди. Умуман, айни пайтда юртимизда ушбу йўналишда 10 дан ортиқ корхона фаолият юритади.

    Юртимизда базальт тошидан иссиқлик сақловчи плиталар тайёрлаш анча оммалашган. Яъни, мазкур йўналишда учта корхона мавжуд бўлса, энг йириги Жиззах вилоятида жойлашган бўлиб, унинг йиллик қуввати 35 минг тоннага тенг.

    Нафақат маҳаллий, балки жаҳон бозорини энергиятежамкор базальт хомашёсидан иссиқлик сақловчи плиталар билан таъминлаш, ушбу йўналишда янги саноат корхоналарини барпо этиш мақсадида кўплаб йирик инвестиция лойиҳалари рўёбга чиқарилмоқда. Мисол учун, 2023–2024 йилларда уюшма масъуллигида Андижон, Навоий ва Жиззах вилоятларида базальт тошидан иссиқлик сақловчи плиталар ишлаб чиқариш бўйича умумий қиймати 63,1 миллион долларлик учта инвестиция лойиҳаси ишга туширилиб, йилига 95 минг тонна қўшимча қувват яратилиши режа қилинган. Хусусан, Андижон вилоятида “Everest Metal Grand” МЧЖ томонидан йилига 20 минг тонна базальт тошидан иссиқлик сақловчи плиталар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

    Шунингдек, Навоий вилоятида йиллик қуввати 30 минг тонна бўлган “Petrowool” МЧЖ инвестиция лойиҳаси амалга оширилса, Жиззах вилоятида “Basalt Wool” МЧЖ томонидан қўшимча йилига 45 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Пировардида, инвестиция йўналишидаги мазкур лойиҳалар жорий йилнинг ўзида республикамизда базальт тошидан иссиқлик сақловчи плиталар ишлаб чиқариш қувватини 178 минг тоннага етказишга имкон беради.

    Мутахассислар базальт плиталари иссиқликни тежаш билан бирга, овоз ўтказмаслиги, ёнғиндан ҳимоя қилишини алоҳида таъкидлашади. Маҳсулот алоҳида қайта ишлашни талаб этмайди, кимёвий бардошли ва узоқ вақт давомида фойдаланишга мўлжалланган.

    Ижтимоий ва саноат объектлари, кўп қаватли турар ва нотурар жойлар қурилишида базальт асосидаги иссиқлик сақловчи қурилиш материалларидан фойдаланиш энг истиқболли технологиялардан бири бўлиб қолаётгани унга бўлган талабни оширмоқда.

    Ушбу қурилиш ашёсининг иссиқлик ўтказувчанлигининг минимал коэффициентлари ёпиқ структура қалинлигини сезиларли даражада камайтириши мумкин. Таққослаш учун маълумот: 50 миллиметр қалинликдаги плита ўзининг иссиқлик сақловчи қобилиятига кўра, 180 миллиметрдан ортиқ қарағай ёки арча ёғочлари, 300 миллиметрга яқин газабетон, 680 миллиметрлик бўш ғишт ёки 2500 миллиетрлик темир бетон ўрнини босади.

    Намликни ютиш деярли нолга тенг. Яъни, унга тушган сув ичкарига кира олмайди. Натижада бинода иссиқлик сақлаш хусусияти ўзгармайди. Базальт толаси, зичлигидан қатъи назар, мукаммал буғ ўтказувчан хусусиятига эга. Ҳаводаги намлик иссиқлик сақлаш қатламига унинг ичида конденсат ҳосил қилмасдан осонликча кириб боради.

    Бундан ташқари, у ёнмайди ва очиқ олов йўлини тўсиб қўяди. Қолаверса, ушбу иссиқлик сақловчи плита деворлар бўйлаб ҳаракатланадиган вертикал товуш тўлқинларини “ютади”. Хонани ташқи шовқиндан яхши ҳимоя қилади. Товуш тўлқинларини синдириб, акс садо бериш вақтини қисқартиради.

    Яна бир эътиборга молик жиҳати, у экологик тоза, моғор ва бактерияларга чидамли маҳсулот. Уни поллар ва бино қаватлари ўртаси, бино фасадлари, вентиляция каналлари, деворлар, хоналар ўрталари, совутиш мосламалари деворлари, сендвич панеллардаги иссиқлик изоляцияси учун қўллаш мумкин.

    Юқорида келтирилган ҳолат ва рақамлардан кўринадики, мамлакатимизда бугун замонавий, тежамкор ҳамда қулай қурилиш ашёларига эҳтиёж кам эмас. Асосийси, уларни ишлаб чиқариш имконияти ҳам йўқ эмас. Замонга мос иш олиб бориш эса таклиф ва талаб мутаносиблигини таъминлайди.

    Умуман олганда, Ўзбекистонда қурилиш материаллари саноати ривожланиш учун жуда юқори салоҳиятга эга. Саноатнинг ўсиши ва ривожланишини қўллаб-қувватловчи омиллар қаторида эса уй-жой қурилиши кенгайиши алоҳида аҳамият касб этади.

    Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates