Бемеҳр фарзандларга қандай жазо белгиланган?

    Мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларда “инсон қадри учун”, деган тамойил устувор мақсад этиб белгиланган. Айни жараёнда янги таҳрирдаги Конституциямизнинг қабул қилингани юртимиз янги ривожланиш даврига қадам қўйганидан далолатдир.

    Зеро, бош қонунимизда инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари кафолатлари билан боғлиқ кўплаб нормалар ўз аксини топганки, бу мамлакатимизнинг чинакам демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат сифатида жаҳон ҳамжамиятидаги ўрнини янада мустаҳкамлайди.

    Конституциямизнинг XIV боби “Оила, болалар ва ёшлар” деб номланган бўлиб, у 76-80-моддаларни ўз ичига қамраб олди. Хусусан, унинг 77-моддасига кўра “Ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар”, деган норма мустаҳкамланган. Ҳар бир ота-она ўз фарзандини оиласига, жамиятга фойдаси тегадиган инсон қилиб тарбиялашга ҳаракат қилади. Ўз навбатида фарзанди вояга етгунига қадар унга ғамхўрлик қилиш ҳар бир ота-онанинг конституцияда белгиланган мажбурияти ҳисобланади.

    Конституциямизнинг 80-моддасига кўра эса “Вояга етган меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар”, деган норма ўз аксини топган. Ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўғил-қизлари вояга етгунига қадар ғамхўрлик қилишга мажбур бўлсалар, фарзандлар ҳам вояга етиб меҳнатга лаёқатли бўлгандан кейин ота-оналари ҳолидан хабар олиш, уларга муносиб яшаш шароитини яратиб бериш асосий вазифа сифатида белгиланган.

    Демак, ғамхўрлик қилиш мажбурияти нафақат ота-онада, балки вояга етган меҳнатга лаёқатли фарзандларда ҳам бор. Лекин ҳаётда шундай инсонлар ҳам борки, улар вояга етгач, ўз ота-оналари ҳақида қайғуриш, уларга меҳр бериш фарзандларнинг муҳим вазифаси эканлигини унутиб қўйишади. Ана шундай бемеҳр ва эътиборсиз ўғил-қизларга конституциямизда қандай жазо белгиланган?

    Агар вояга етган меҳнатга лаёқатли фарзандлар ота-онасини қадрламаса, уларни қаровсиз қолдирса дастлаб маъмурий жавобгарликка, кейинроқ эса жиноий жавобгарликка тортилади.

    Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексида оила аъзоларининг ва бошқа шахсларнинг алимент мажбуриятлари белгиланган бўлиб, ушбу кодекснинг 116-моддасига кўра “Вояга етмаган ёки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаган шахслар ушбу Кодекснинг 79-моддасига асосан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Ота-онасига моддий ёрдам бериш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарорларини бажармаслик жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.»

    Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддаси “Ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаш” деб номланган бўлиб, унга кўра “Вояга етган шахсларнинг меҳнатга лаёқатсиз ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган ота-онани ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаши, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки бир юз йигирма соатгача ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этишга ёхуд ушбу Кодексга мувофиқ маъмурий жазоларнинг мазкур турлари қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.» Демак, вояга етган шахсларнинг меҳнатга лаёқатсиз ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган ота-онани ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик фарзандларни маъмурий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади.

    Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 123-моддаси “Ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаш” номланган бўлиб, унга кўра эса “Вояга етган шахсларнинг меҳнатга лаёқатсиз ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган ота-онани ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаши, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслиги, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.»

    Вояга етган меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилиши ва ўз ота-оналарини моддий таъминлашининг дастлабки ҳуқуқий кафолати албатта қомусий қонунимиз Конституциямизда белгиланган. Конституциянинг ҳар бир моддасида белгиланган нормасига амал қилиш ҳар бир фуқаронинг мажбурияти ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга бўлиб, у тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади.

    Ферузбек ХУДОЙҚУЛОВ,

    Тошкент давлат юридик университети доценти

    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates