Трамп аввалроқ Гренландия АҚШнинг бир қисмига айланиши кераклигини айтиб, унинг “эркин дунё” миллий хавфсизлиги ва ҳимоясини таъминлаш, жумладан Хитой ва Россиядан ҳимоя қилиш учун стратегик аҳамиятини таъкидлаган эди. Шунингдек, у Гренландия ва Панама канали устидан назоратни қўлга киритиш учун ҳарбий куч ишлатмасликка ваъда беришдан бош тортди.
“Нима учун? Бунинг бир қанча асосий сабаблари бор... Пекинга кучли, пухта ўйланган сигнал юбориш. Шунчаки гап эмас, балки ҳаракат. Американинг шуҳратини яна кўтариш, дея манба сўзларидан иқтибос келтиради нашр.
Газетанинг суҳбатдошига кўра, бўлажак президент “Трамп доктринаси”га пойдевор қўймоқда.
“Атлантика кенгаши” (Россия Федерациясида номақбул ташкилот сифатида тан олинган) таҳлилий марказининг мустақил тадқиқотчиси Алекс Плитсас газетага берган интервьюсида Трампнинг Гренландияни назорат қилиш истаги ортида иккита сабаб борлигини, улардан бири муҳим мудофаа ва электроника саноати учун зарур бўлган нодир ер элементларининг йирик конлари билан боғлиқ эканини таъкидлади.
“Иккинчидан, Гренландиянинг Арктикага қонуний катта даъволари бор, бу эса Қўшма Штатларга юк ташиш ва ресурслар учун рақобат кучайган шароитда кучлироқ мавқени таъминлайди”, дея қўшимча қилди у.
2024 йил декабрь ойи охирида Трамп АҚШнинг Швециядаги собиқ элчиси ва тадбиркор Кен Хауэрини Американинг Даниядаги янги элчиси этиб тайинлаш ҳақидаги қарорини изоҳлар экан, АҚШнинг Гренландияга эгалик қилишини “мутлақ зарурат” деб атади. Шу куни Гренландия Бош вазири Муте Эгеде Трампнинг сўзларига жавобан Гренландия сотилмайди ва ҳеч қачон сотилмайди, деди.
Гренландия 1953 йилгача Даниянинг мустамлакаси эди. У қиролликнинг бир қисми бўлиб қолмоқда, аммо 2009 йилда у ўзини ўзи бошқариш ва ички сиёсатни мустақил танлаш имконияти билан автономия мақомига эга бўлганди, деб хабар беради ria.ru.