Волейбол бўйича ўғил болалар ўртасидаги финал ўйинларида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 280 спортчи ғолиблик учун куч синашди.
Уч кун давом этган беллашувларнинг якуний натижасига кўра, 16-22 ёшли ўғил болалар ўртасида фахрли биринчи ўринни Самарқанд вилояти Қўшработ туманининг "Чиноқ" МФЙ жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўринни Навоий вилоятининг Нурота туманидаги "Қадоқ" МФЙ жамоаси эгаллаган бўлса, учинчи ўрин Тошкент вилояти Қўйичирчиқ тумани "Хўжапискон" МФЙ волейбол жамоасига насиб этди.
22-26 ёшли йигитлар ўртасидаги мусобақаларда Фарғона вилоятининг Қўштепа туманидаги "Лангар" жамоаси барча рақибларини енгиб,чемпионликни тантана қилди. Иккинчи ўринни эса Сурхондарё вилояти Шўрчи туманининг "Шакаркўл" МФЙ жамоаси эгаллади. Учинчи ўрин учун баҳсларда Нурота тумани "Қадоқ" МФЙ жамоасининг қўли баланд келди. Эътиборлиси, Нурота туманининг ушбу "Қадоқ" МФЙдан республикаси босқичига етиб келган иккита жамоа ҳам совриндор бўлди.
Мусобақа якунига етгач, ғолиб ва совриндорларни тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Кучли учликка эришган жамоалар учун ажратилган кубок, диплом, медаль ва қимматбаҳо совғаларни Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазири маслаҳатчиси Аваз Каримов, Спортни ривожлантириш вазирлиги бошқарма бошлиғи Фахриддин Абдукаримов, Ўзбекистон волейбол федерацияси бош котиби Ҳусан Насруллаев ҳамда Тошкент вилояти спортни ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Рустам Бобоқуловлар топширди.
Шунингдек,тақдирлаш маросими доирасида Тошкент вилояти Спортни ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Рустам Бобоқулов ҳамда вилоятнинг бир гуруҳ жисмоний тарбия ва спорт мутахассислари ҳамда спортчилари "Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги" эсдалик нишони билан тақдирланди.
Илҳом Раҳмонов