Билим – хавфдан муносиб ҳимоя дегани

    Жорий йилнинг 5 февраль куни Президентимиз раислигида ижтимоий соҳалардаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт соҳалари муҳокама қилинди, устувор вазифалар белгиланди. Йиғилишда кўтарилган ҳар бир мавзу барчамизни уйғотиши, сергак торттириши керак.

    Мактабда ўқиб юрган чоғларимизда илм-фаннинг йирик намояндалари ҳақида бизга маълумот беришмаган. Яқин ўтмишда Фанлар академиясида фаолият юритган, миллат келажагини ўйлаган олимларимизнинг қатағонга учрагани ҳақида эшитганмиз. Мисол учун, таниқли олим, академик Ҳабиб Абдуллаевнинг геология илм-фанида тутган ўрни беқиёс. Унинг асосий мақсади миллий кадрлардан ёш олимларни етиштириб чиқариш эди. Сир эмас, ўша пайтларда кўп олимлар бошқа миллат вакиллари бўлган. Биз шулардан сабоқ олганмиз. Ҳабиб Абдуллаев эса ўзбек ёшларини турли илм-фан марказларига юбориб, билим олиши, олим бўлиб етишишига ҳисса қўшган. Миллий кадрлар ўсишига имконият яратиб берган. Бироқ унинг
    шу хатти-ҳаракати анча танқидга учради. Миллатчиликда айблаш бошланди...

    Яна бир олимимиз Қори Ниёзийнинг Мирзо Улуғбек астрономия мактаби ҳақидаги китоби Москвада нашр қилинганди. Бу китоб ўз вақтида машҳур бўлган. Фанлар академияси президенти бўлган олим негадир ишдан четлатилди, умрининг охиригача Ирригация институти (ҳозирги “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети)да кафедра мудири бўлиб ишлади. Энциклопедик олим сифатида илм-фанда унинг ўрни беқиёс эди. Нафақат математика таълими, балки тарих, маданият соҳаларида ҳам кўп китоблар ёзган. Олимнинг салоҳиятидан етарлича фойдаланилмади, шунга қарамай, у барибир илм билан шуғулланаверди. Айни пайтда Қори Ниёзийнинг уйида олим номи билан
    аталувчи марказ барпо этганмиз. Унинг номидаги стипендия таъсис қилинган.

    Давлатимиз раҳбари Президентлик фаолиятининг дастлабки пайтидаёқ илм-фанга алоҳида эътибор қаратгани, 2016 йилнинг сўнгги кунларида Фанлар академияси аъзолари билан бўлиб ўтган учрашув соҳада туб бурилиш ясади. Ўшанда ҳаммамизда фанимиз келажагига катта умид пайдо бўлган эди. Ўтган йиллар кўрсатдики, амалиётда бу умидлар кутилганидан ҳам кўпроқ ва юқори даражада оқланмоқда. Соҳада қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар фан ва таълимни замонавий талабларга жавоб берадиган сифатга олиб чиқишга қаратилди.

    Илм-фанга бу даражада катта эътибор қаратилишига қандай зарурат бор эди, деган ҳақли савол туғилади. Сабаби, дунё нотинч. Биз юртимиздаги тинчликнинг қадрига етишимиз керак. Мамлакатимиз дунёга очиқ. Ривожланган давлатлар билан алоқаларимиз яхши йўлга қўйилган. Бироқ айрим давлатлардаги турлича қарашлар мустақиллигимизга, мамлакатимиз суверенитетига рахна солишга сабаб бўлиши мумкинлигини ҳам инкор эта олмаймиз. Бизни ўзига тортиб, “Бошқа билан дўст бўлмагин” қабилида сиёсат юритаётган давлатлар бор. Истаймизми-йўқми, бизга ҳам қандайдир таҳдидлар бўлиши табиий.

    Айни пайтда халқаро майдонда санкция сиёсати кенг қўлланиляпти. Биз бу хавфни ҳам инкор эта олмаймиз. Асоссиз сабаблар билан ғавғо чиқаришга уринадиганларга нисбатан ҳушёр бўлишимиз талаб этилмоқда.

    Нима учун таълим, таълим, дея бонг уряпмиз? Чунки билимли, салоҳиятли ёшлар эртага Ватан корига ярайди.

    Мамлакат мустақиллиги, юрт бирдамлигини сақлаш айнан билимли кадрларга боғлиқ. Шу боис, фақат четдан жалб этилган мутахассисларни ишлатиш керак эмас, балки янги технология, замонавий техника воситаларини билимли ёшларимиз, етук кадрлар ишлата билиши шарт. Юртимизда хориж университетлари филиаллари очилаётгани бежиз эмас. Бир қанча нодавлат ОТМлар фаолият юритяпти. Уларда ёшларга замонавий билим бера оладиган кадрлар ишлаши керак.

    Яна бир жиҳат ҳақида тўхталмоқчи эдим. Айни пайтда фалсафа докторлиги, фан докторлигини ёқлаётганлар сони ёмғирдан кейинги қўзиқориндай кўпайиб кетди. Плагиат авжига чиқди. Бу билан сифатсиз кадрлар етишиши хавфи яққол кўриниб қолди. Бизга уларнинг сони эмас, сифати муҳим. Фанда шахснинг роли жуда катта. Майли, ўн нафар олим етишиб чиқмасин, битта чиқсин, битта яхши олим юзта саводсиз, сохта олимдан кўра кўпроқ фойда келтиради.

    Таълимга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Айниқса, ўқитувчи, мураббийлар роли ошиб, улар қўллаб-қувватланаётгани таҳсинга сазовор. Ўқитувчилар билими, малакасини оширишга ҳам алоҳида аҳамият берилаётир. Чунки дарслик яратилиши, энг замонавий асбоб-ускуналар келтирилиб, замонавий биноларни ўқувчилар ихтиёрига берилиши муаммога тўла ечим бўла олмайди. Қандай шароит яратилмасин, агар ўқитувчи билимининг сифати паст бўлса, бола билим ололмайди. Бизга фидойи, билимли устозлар керак.

    Машҳур Қоракўл мактабининг собиқ директори, раҳматли Тўхтамурод Жумаев машинасини сотиб, мактабга тиккани ҳақида эшитган эдим. Мана шундай фидойи ўқитувчилар керак бизга. Айниқса, кадр тайёрлаш масаласида бунга эътибор беришимиз шарт. Бу эса мамлакатимизни нафақат ташқи, балки ички хавфдан ҳам асрайди. Ички хавф — бу яққол душманлик қилмаслиги мумкин, аммо ўз ишига сохта ёндашиб, фақат ўзини кўрсатиш учун 20-30 нафар номзод, доктор чиқардим, дейишда намоён бўлади. 10 нафар фан номзоди эмас, 1 нафар чиқарсин, билимли бўлсин. Мана, биз математикада шу жиҳатга жуда катта эътибор қаратамиз.

    Ҳозир хориж журналларида яхши мақолалар бериляпти. Скопу — иқтибос, деган нарса чиққан ҳозир. Буни ҳам сохталаштириш бошланган. “Йиртқич” журналлар пайдо бўлди. 50 ёки 100 доллар пулингизни олади-да, бир тийинга қиммат мақолаларни чиқаряпти. Журнал хорижийга ўхшайди. Ичини очиб ўқисангиз, таҳрир ҳайъатида ўзимизнинг қоракўзлар. Нима ёзсангиз, чиқараверади. Бу ҳам хавфсизлигимизга таҳдид. Аччиқ бўлса ҳам айтай, таҳлилларда шунақа сохта журналлар бўйича Ўзбекистон биринчи ўринда экани аён бўлиб қолди. Бу Ватанимиз обрўсига салбий таъсир қиладиган жиҳат.

    Ёш математик олимларнинг бири Португалия, бири Хитой ёки Испаниядаги илмий марказлар билан ҳамкорлик қиляпти. Чунки бу олимларнинг билими бор, уларга талаб юқори. Сохта фалсафа докторларининг кимга кераги бор? Айрим олимларимиз чет
    элда ўша мамлакат позициясида ишлаяпти. Лекин улар ҳар йили энг иқтидорли болаларни ҳамкорлик доирасида олиб кетиб, ўша ерда тарбия қиляпти. Бизда бу борада муаммо йўқ.

    Ўтган йили ҳамма фан жамиятларининг президентларини йиғдик. Ўшанда шу масалани ўртага ташладик. “Соҳангиздан чиқаётган сохта мақолаларни вазирлик текшира олмайди, олий аттестация комиссияси текширишига имконият йўқ. Уни олимларнинг ўзи назорат қилиши керак. Фанингизнинг софлигини ўзингиз асрашингиз керак”, дедик. Биз нафақат ташқи, балки шу каби ички хавфлардан ҳам огоҳ бўлишимиз зарур.

    Шавкат АЮПОВ,
    Фанлар академияси Математика институти директори,
    академик, Ўзбекистон Қаҳрамони

    Мақола "Янги Ўзбекистон" газетасининг 27-сонида (2024 йил 7 февраль) чоп этилган.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates