Биллинг тизими: сув сарфини бир неча баробар камайтиради

    Мутахассисларнинг фикрича, 2050 йилга қадар сувга бўлган талаб яна 50 фоизга ошади. Афсуски, мамлакатимизда ҳам ичимлик сув муаммоси йўқ эмас.

    “Янги Ўзбекистон” газетасининг 7.10.22 йил, 206-сонида аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш масалалари, бу борадаги камчиликлар ва янгича ечимлар, ичимлик сув сифати ва назорати бўйича Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг биринчи ўринбосари, “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раиси Соҳиб САИФНАЗАРОВ билан катта интервью эълон қилинди. Қуйида ушбу интервью билан танишишингиз мумкин.

    Инсон кислороддан кейин энг кўп сувга эҳтиёж сезади. Ҳеч бир тирик организм обиҳаётсиз яшай олмайди. Аммо сувни исроф қилмаслик, ундан оқилона фойдаланиш ҳақида доим ҳам қайғуравермаймиз. Ваҳоланки, ер юзида 2 миллиардга яқин киши тоза сув ичишни, ҳатто, орзу қилади. Яна 2 миллиард 300 миллиондан кўпроқ одам эса санитария талабларига жавоб бермайдиган сувни истеъмол қилишга мажбур. Дунёнинг 17 мамлакатида сув танқислиги, аллақачон, энг юқори даражага етган.

    Маълумки, ер юзининг 70 фоизи сув билан қопланган. Аммо ушбу миқдорнинг атиги 3 фоизга яқини ичиш учун яроқли, холос. Ачинарлиси, йиллар давомида бу миқдор ҳам камайиб, танқислик ортиб боряпти.

    Бу шунчаки ваҳимали рақамлар эмас. Аслида ҳам ичимлик сув муаммоси сайёрамизни ташвишга солаётган долзарб экологик масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Айниқса, дунё нуфуси ошиб бориши, саноат корхоналарининг кўпайиши ва ривожланиши, қўшимча суғориладиган ерларнинг ўзлаштирилиши, қолаверса, беҳуда исрофгарчилик қайта тикланмайдиган сув манбалари кескин камайишига олиб келмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, 2050 йилга қадар сувга бўлган талаб яна 50 фоизга ошади.

    Афсуски, мамлакатимизда ҳам ичимлик сув муаммоси йўқ эмас. Жаҳон банкининг таҳлилий кўрсаткичларига кўра, 2050 йилга бориб Ўзбекистонда сувга бўлган талаб 59 куб километрдан 62-63 куб километргача ошади ва мавжуд сув ресурслари сезиларли даражада камаяди. Бундай вазиятда сувдан оқилона фойдаланиш ва тежамкорликнинг ўзи камлик қилиши аён.

    Хўш, бугун юртимизда бу борада вазият қандай? Аҳолининг қанча қисми ичимлик сувга муҳтож? Аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш кўрсаткичларини ошириш бўйича соҳада қандай чоралар, инновацион лойиҳалар қўлланиляпти? Ана шундай долзарб саволлар билан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг биринчи ўринбосари, “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раиси Соҳиб САИФНАЗАРОВга мурожаат қилдик.

    — Бугунги кунда дунёда умуман сув етиб бормайдиган ҳудудлар ҳам йўқ эмас. Бундай жойларда ҳаёт ҳам, тириклик ҳам бўлмаслиги аниқ. Аммо тоза ичимлик сув бормайдиган ёки етказиб беришнинг имкони бўлмаган ҳудудлар бошқа масала.

    Мамлакатимизда сув етиб бормаган жойнинг ўзи йўқ. Фақат ичимлик сув марказлашган ҳолда таъминланмаган ҳудудлар бор. Лекин улар аҳолиси сувни муқобил манбалар, хусусан, булоқлар, қудуқлар, качалкалар, сойлардан истеъмол қилади. Бу, албатта, тоза ичимлик сув таъминотида камчиликлар борлигидан далолат. Ҳозирги вақтда мамлакатимизда аҳолининг марказлашган ичимлик сув билан таъминганлик даражаси 71,2 фоизни ташкил қилади. Бунда аҳоли жон бошига кунига ўртача 133 литр сув етказиб берилмоқда. Аммо бу етарли кўрсаткич бўлмагани ҳолда, барчани қамраб олиш бўйича ишлар олиб бориляпти. Хусусан, охирги беш йилда соҳага 10 триллион сўм ёки олдинги йилларга нисбатан 5 баравар кўп маблағ ажратилди. Бунинг ҳисобига 6 миллион 500 минг киши илк бор марказлашган ҳолда ичимлик сув билан таъминланди. Ўтган йили 474 та сув иншооти қурилиб, 6 минг 300 километрга яқин тармоқлар тортилди. 592 та маҳаллада 2 миллиондан зиёд аҳолининг сув таъминоти яхшиланган. Жорий йилда эса 1,6 миллион кишини илк бор марказлашган ичимлик сув билан таъминлаш, 3,4 миллион нафарининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш ҳисобига мавжуд кўрсаткични 74,2 фоизга етказиш режалаштирилган.

    Юртимизда ичимлик сувнинг 60 фоизи ер ости, 40 фоизи эса ер усти сув манбаларидан олинади. Уларни тозалаб, аҳолига етказиш доим энг долзарб масалалардан бўлган. Масалан, айрим ҳудудларда марказлашган ичимлик сув таъминотини йўлга қўйишнинг географик жиҳатдан имкони йўқ. Шу боис, жорий йил 8 февраль куни давлатимиз раҳбари раислигида ҳудудларда ичимлик сув таъминотини яхшилаш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ушбу масалага алоҳида тўхталиб ўтилди. Ўшанда республикадаги марказлашган сув тармоғи йўқ 1 минг 545 та маҳаллада улардаги имкониятларни ўрганиб, уч хил йўналишда ишни ташкил этиш бўйича кўрсатма берилганди. Яъни инфратузилмага яқин маҳаллаларга марказлашган тармоқ тортиш, ер ости суви яқин ва тоза бўлган жойларда қудуқ қазиб, сув иншооти қуриш, қудуқ қазиш ҳамда қувур тортиш имкони бўлмаган қишлоқларда аҳоли сув ташиб келиши учун катта сиғимли ҳовузлар барпо этиш вазифалари қўйилганди.

    — Президентимиз мустақиллигимизнинг ўттиз бир йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида Тараққиёт стратегиясида белгиланган катта марраларга эришиш учун 2026 йилгача энг аввало эътибор қаратиладиган 5 та асосий соҳани санаб ўтди. Мазкур вазифаларнинг бешинчиси аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш экани соҳа олдига катта режаларни қўяди, шундай эмасми?

    — Албатта, бу мамлакатимиз тараққиёти йўлидаги энг катта ва муҳим вазифаларимиздан биридир. Чунки янги Ўзбекистоннинг таг замирида одамларни рози қилиш ётибди. Бунга эса инсонларнинг энг зарур ҳаётий эҳтиёжини таъминламасдан туриб эришиб бўлмайди. Қачонки, энг чекка қишлоқлар аҳолиси ҳам шаҳардаги каби исталган вақтда тоза ичимлик сувдан фойдалана олса, биз мақсадимизга етган бўламиз. Шу боис, соҳага жалб қилинаётган инвестициялар ҳажмини кескин кўпайтириш, муаммоли ҳудудларга тоза ичимлик сувни етказиш ва сифатини яхшилаш бўйича алоҳида дастурларни амалга ошириш кўзда тутилган. Биргина жорий йилда соҳага республика бюджетидан 2,5 триллион сўм ва халқаро молия институтларидан 245,2 миллион доллар миқдорида маблағлар ажратилиши белгиланган. Ушбу маблағлар ҳисобидан 791 та ичимлик ва оқова сув объектларида қурилиш-монтаж, 6 минг километр ичимлик ва оқова сув тармоғи, 548 та ичимлик ва оқова сув иншоотларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари амалга оширилади.

    Шу йилнинг 1 сентябрь ҳолатига кўра, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан барча дастурлар доирасида жами 3,2 минг километр ичимлик ва оқова сув тармоқлари, 170 та иншоотда қурилиш ҳамда реконструкция қилиш ишлари бажарилиб, 134 та объектда қурилиш-монтаж ишлари якунланди. Натижада аҳолининг ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси 71,2 фоизга, оқова сув хизмати 17,5 фоизга етказилди, 521 мингдан ортиқ одамнинг ичимлик сув таъминоти яхшиланди. Қолаверса, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ҳам 1 триллион сўм маблағ ажратилиши белгиланган. Бунинг ҳисобига жойларда 3 882 километр тармоқлар ва 431 та иншоотда қурилиш ҳамда реконструкция қилиш ишлари олиб борилади.

    Муҳим масалалардан яна бири — соҳага инвестицияларни кўпроқ жалб этиш. Бу нафақат молиявий, балки халқаро тажриба, янги лойиҳалар, инновацион технологияларнинг кириб келиши жиҳатидан ҳам ижобий самарадорликка эга. Шу боис, жорий йилда “Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан халқаро молия институтлари иштирокида 20 та лойиҳа рўёбга чиқарилмоқда. Ушбу лойиҳаларнинг умумий қиймати 1,9 миллиард долларга тенг. Маблағлар йирик халқаро банк ва жамғармалар томонидан молиялаштирилади.

    Лойиҳалар юртимиз бўйлаб сув тармоғи, сув олиш ва тозалаш иншоотлари, қудуқлар, сув минораси ҳамда резервуари қуриш ва реконструкция қилиш ишларини қамраб олади. Булар туфайли 3,6 миллион кишининг ичимлик сув, 3,1 миллион нафарининг эса марказлашган оқова сув тизими билан таъминланади.

    Ана шундай мегалойиҳалардан бири Қашқадарё вилоятида амалга оширилмоқда. Яъни “Оқсув—Деҳқонобод сув қувурини тортиш” лойиҳасининг инвестицион қиймати 23,9 миллион доллар бўлиб, унда 2026 йилга қадар 183 километр сув қувури ҳамда 310 километр ички тармоқларни тортиш кўзда тутилган. Лойиҳа тугаллангач, ҳудуддаги 113 минг аҳоли тоза ичимлик сувдан баҳраманд бўлади.

    Воҳадаги яна бир мегалойиҳа эса Тўпаланг сув омбори сувидан фойдаланиш ҳисобига Сурхондарё вилоятининг ичимлик сув таъминотини яхшилашга қаратилган. Умумий қиймати 138 миллион долларга тенг лойиҳа 2021—2024 йилларда амалга оширилади. Ҳозирда “Тўпаланг” сув омборининг қуйи қисмида босимни сўндириш, сувни тозалаш ва тарқатиш иншоотларини қуриш ишлари олиб бориляпти. У ердан туманлардаги сув тақсимлаш узелларигача жами 361 километр қувур тортилади. Бу тизим самарасида Сариосиё, Денов, Шўрчи, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Бандихон, Қизириқ, Шеробод, Ангор, Музработ, Термиз туманлари ва Термиз шаҳридаги 1,7 миллион кишининг тоза сув таъминоти яхшиланади.

    Булар — соҳадаги ишларнинг бир қисми. Аниқроғи, бизнинг вазифамиз аҳолига ичимлик сув етказиб бериш баробарида, қурилмаларнинг соз ҳолатда ишлашини доимий назорат қилишдан иборат. Бунинг учун авваллари асосан инсон меҳнатидан фойдаланилган бўлса, ҳозирги вақтда соҳага “ақлли” ва замонавий технологиялар кириб келяпти. Бу борада эса хориж тажрибасини ўрганиш янада муҳим.

    Шу боис, ташкилотимиз Жанубий Корея, Франция, Испания, Исроил, Латвия, Туркия, Россия, АҚШ каби давлатлар билан турли йўналишларда ҳамкорлик қилиб келмоқда. Эскирган сув тармоқларини модернизация қилиш, “ақлли” сув ҳисоблагичларни ўрнатиш, соҳага корпоратив бошқарув тизимини жорий этиш, кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, энергиятежамкор асбоб-ускуналарни ўрнатиш, энергия аудитини ўтказиш ишлари шулар сирасидан.

    Бундан ташқари, ходимларимиз соҳада қўлланилаётган янги технологиялар билан танишиш, янги билим ва кўникмаларга эга бўлиш, сув таъминоти масалаларига оид халқаро даражадаги тадбирларда иштирок этиш учун мунтазам равишда хориж давлатларига хизмат сафарига юборилмоқда. Муҳими, бу ишлар амалда ўз самарасини бермоқда ҳам. Соҳани трансформация қилиш доирасида Сифат менеджменти (ISO 9001) ва Коррупцияга қарши курашиш (ISO 37001) бўйича халқаро сертификатлар олингани, янги биллинг тизими ишга туширилиб, молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари жорий этилаётгани шундай саъй-ҳаракатлар самарасидир.

    Бундан ташқари, соҳани модернизация қилиш доирасида қуёш энергияси, қувурларнинг ичини торкетлаш орқали эскирган тармоқларни реконструкция қилиш, частотали ўзгартирувчилар ўрнатилган энергиятежамкор насослар, сув тозалаш иншоотларида цеолитдан тайёрланган филтрлаш материаллари, сувни юпқа қатламли тиндириш технологиялари қўлланилмоқда.

    — Замонавий технологиялар ҳақида гапирдингиз. Шу ўринда юртимиз бўйлаб аҳоли хонадонларига бепул ўрнатилаётган “ақлли” сув ҳисоблагичларга тўхталсак. Нима учун бундай қурилмаларга зарурат туғилмоқда? Уларнинг афзаллиги нимада ва тежамкорлиги қай даражада?

    — “Smart” сув ҳисоблагичлар ўз номи билан “ақлли” қурилма бўлиб, улар сув сарфининг аниқ ҳисобини юритиш ҳамда ҳисоблагич кўрсаткичларини масофадан туриб юбориш имконини беради. Яъни тизим автоматик равишда ишлаши ҳисобига қурилма ичидаги барча жараёнлар соҳа вакиллари томонидан ягона тизим орқали кузатиб, назорат қилиб борилади. Сув сарфига оид ҳисоб-китобларни амалга ошириш ёки бирор камчиликларни аниқлаш учун ходимларнинг уйма-уй юришига ҳожат қолмайди, барчаси электрон тизимда акс этади.

    Бу қурилманинг ягона афзаллиги эмас. Электрон ускуна сувни ортиқча исроф қилиш, ноқонуний фойдаланишларнинг ҳам олдини олади. У инсон омилига бўйсунмагани боис, қурилмада амалга оширилган кичик ҳаракат ҳам дарҳол тизимда акс этади. Сув сарфининг аниқ ҳисобини юритиш эса сув ресурсларини бошқаришда муҳим аҳамиятга эга. Келгусида бундай турдаги ҳисоблагичларни нафақат аҳоли хонадонларига, балки узелларга ҳам ўрнатишни режалаштирганмиз. Бу аҳолига қанча сув етказиб берилаётгани, сув технологик йўқотишларининг аниқ миқдорини билиш ва бунинг олдини олиш имкониятини беради.

    Бироқ, бир нарсани таъкидлашни истардимки, сув ҳисоблагични ўрнатиш ёки ўрнатмаслик истеъмолчининг ўз ихтиёридаги танлов. Бундан сув таъминоти корхоналари эмас, биринчи навбатда, истеъмолчиларнинг ўзи манфаатдор бўлиши керак. Бу борада, аввало, тегишли тушунтириш ишлари олиб борилади. Масалан, хонадонида сув ҳисоблагич ўрнатилган оила фақат истеъмол қилган сув учун пул тўлайди. Таҳлилларга кўра, сувдан сув ҳисоблагични ўрнатмасдан, белгиланган истеъмол меъёрлари бўйича фойдаланаётган абонентлар “ақлли” қурилма эгаларига нисбатан 2-3 баробар кўпроқ пул тўлаяпти. Масалан, агар беш кишилик оила ичимлик сув учун йилига ҳисоблагичсиз 682 минг сўмга яқин маблағ сарфласа, ҳисоблагич ўрнатилгач, ўртача 216 минг сўм тўлайди. Ана энди, қанча тежалишини ҳисоблайверинг.

    “Smart” сув ҳисоблагичларни ўрнатиш пилот лойиҳа сифатида Тошкент шаҳрида бошланди. “Ўзсувтаъминот” АЖ ҳамда Жанубий Кореянинг “K-Water” ташкилоти билан имзоланган меморандумга асосан пойтахтимизнинг Миробод туманида 7850 та замонавий сув ҳисоблагичларни ўрнатиш ҳамда биллинг тизимига улаш белгиланган бўлиб, хозирги кунда жами 1900 та сув ҳисоблагич ўрнатилди. Бу борада “Shin dong-a electronics co, ltd” ташкилоти билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилган. Меморандумга кўра, Миробод туманида 43 та антенна ва 610 та сув ҳисоблагичларни ўрнатиш ҳамда биллинг тизимига улаш белгиланган.

    Шунингдек, лойиҳа Тошкент вилоятида ҳам амалга ошириляпти. Ҳудудда ишлаб чиқарувчи корхоналар ўз ҳисобидан замонавий сув ҳисоблагичлар ўрнатмоқда. Хусусан, Ангрен шаҳридаги “Quvvat” МЧЖ корхонаси 5-мавзедаги кўп қаватли уйларга жами 180 дона сув ҳисоблагич ўрнатиши режалаштирилган бўлиб, ҳозирда 75 донаси ўрнатилди. Олмалиқ шаҳридаги “Luna” Туркия компанияси томонидан ишлаб чиқарилган 5 та замонавий сув ҳисоблагич маҳалла ва кўча бошларига қўйилган. Мазкур корхона саъй-ҳаракати билан Фарғона вилояти Боғдод туманидаги 6 та кўп қаватли уй ҳам 20 та замонавий сув ҳисоблагичга эга бўлди. Синов тариқасида амалга оширилаётган ушбу лойиҳа муваффақиятли натижа берса, яқин йилларда юртимиздаги барча хонадонларга босқичма-босқич “ақлли” сув ҳисоблагичларни ўрнатиш кўзда тутилган.

    Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 майдаги “Аҳолининг ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари билан таъминланганлик даражасини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ кейинги йилнинг 1 январидан бошлаб юридик шахс ва юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи истеъмолчилар томонидан ҳам ҳудудий сув таъминоти корхоналарига масофадан маълумот узатувчи замонавий сув ҳисоблагичлар ўрнатилади. Ҳужжатда сув ҳисоблагичларни ўрнатган тадбиркорларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваригача солиқ имтиёзлари берилиши белгиланган. 2023 йилдан бошлаб хорижий ҳамда маҳаллий сув ҳисоблагич ишлаб чиқарувчилар айрим техник талаблар асосида сув ҳисоблагич ускуналарини таклиф этишлари мумкин.

    — Ана энди, аҳолини энг кўп ўйлантирадиган масалалардан бири — ичимлик сув сифати ҳақида гаплашсак. Бу, айниқса, охирги йилларда инфекцион касалликлар тарқалиши натижасида янада долзарб мавзуга айланди. Одамларнинг касалликлар сув орқали юқади, деган тахминлари қанчалик ўринли? Умуман, мамлакатимизда ичимлик сув неча босқичда ва қай тартибда тозаланади?

    — Ичимлик сувни аҳолига тозаланмаган ҳолда етказиш ҳеч бир стандартларга тўғри келмайди. Яъни ичимлик сув бир нечта тозалаш босқичларидан ўтмагунига қадар хонадонларга йўналтирилмайди. Бунинг ўз белгиланган талаб ва меъёрлари бор.

    Аввало, сув ҳавзалари ва бошқа манбалардан олинадиган сув тозалаш учун сув иншоотига келиб тушади. У ерда сувга махсус идишларда зарур реагентлар билан ишлов берилиб, тиндирилади. Майда заррачалар сув тагига чўккач, рангсизлантирилади. Сўнг бирин-кетин зарарсизлантириш, юмшатиш, чучуклаштириш ва тиниқлаштириш жараёнларидан ўтказилади. Ана шу мураккаб босқичлардан кейингина сув насослар ёрдамида тармоққа юборилади. Марказлаштирилган таъминот тизимидаги сув сифати сувнинг манба юқори оқимидан то истеъмолчи уйидаги жўмракларигача бўлган ҳаракати давомида кечаю кундуз назорат қилинади. Ушбу назорат сувнинг мақбул органолептик, кимёвий ва микробиологик хусусиятларини баҳолашга имкон берадиган турли тадбирлар мажмуасини ўз ичига олади.

    Биргина Тошкент шаҳри мисолида оладиган бўлсак, пойтахтимиз аҳолисини ичимлик сув билан таъминловчи 7 та сув иншооти мавжуд. Шулардан бири ва энг қадимийси “Бўзсув” бош сув иншооти ҳисобланади. Мазкур иншоотдаги сувнинг атиги 7 фоизи аҳолига ичиш учун йўналтирилади. Шунда ҳам 3 босқичли тозалаш жараёнидан ўтказилиб, сўнг аҳоли истеъмолига етказилади.

    Ўтган йили иншоотнинг фильтрлаш ва кимё бактериология бинолари тўлиқ таъмирланиб, зарурий жиҳозлар билан таъминланди. Авваллари лабораторияда атиги 10 га яқин таҳлиллар ўтказилган. Ҳозир сув таркиби жаҳон стандартларига мос 25 дан зиёд таҳлилдан ўтказилмоқда. Бу сувда бўлиши мумкин бўлган турли касаллик ва вирусларни ушлаб қолиш учун етарли жараён, дейиш мумкин.

    Ўзбекистонда режали лаборатория назорати сув шаҳар таъминоти тармоғига етказилгунга қадар ва сув тақсимлаш тармоғининг алоҳида нуқталарида амалга оширилади. Бундай назорат республикада фаолият юритаётган 79 та лабораторияда доимий равишда олиб борилади. Ҳар ойда ўртача 17 200 та намуна, шундан 10 000 таси қисқартирилган назорат учун, 6 200 таси умумий физик-кимёвий таҳлиллар учун, 1 000 таси эса махсус токсикологик назорат учун олинади.

    Сув сифати ва хавфсизлиги мониторинги учун “Water lab” ахборот тизими ҳам жорий этилган бўлиб, республика бўйлаб ичимлик сув сифатини назорат қилиш имконияти сезиларли даражада кенгайтирилди. Бунинг учун сув таъминоти соҳасидаги барча мавжуд лабораториялар рақамлаштирилди ва хужжат алмашинуви ҳамда ҳисоботлари электрон тарзда юритилишига эришилди.

    Афсуски, аҳоли орасида мамлакатимизда оқова сув ҳам ичимлик сув сифатида йўналтирилади, деган нотўғри тахминлар учраб туради. Бу ҳеч бир мезонларга тўғри келмайди. Биламизки, оқова сувлар маиший-хўжалик ва саноат-ишлаб чиқариш фаолияти натижасида юзага келади. Шаҳар ва туман марказлари инфратузилмаларининг канализация тармоқларидаги оқова сувлар ўзи оқар ва босим орқали тозалаш иншоотларига юборилиб, зарарсизлантирилган ҳолда канал, дарё ва сув ҳавзалари ёки рельефига ташланади ҳамда суғориш мақсадларида ишлатилади.

    Ҳудудларда оқова сув тизимларини модернизация қилиш бўйича кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Масалан, Халқаро тараққиёт уюшмаси ва Жаҳон банки кўмагида амалга оширилаётган лойиҳа доирасида Бухоро вилоятида 100 километрга яқин янги оқова сув тармоқлари тортилиб, 7 та оқова насос станцияси реконструкция қилинди. Тошкент вилоятида ҳам қатор йирик лойиҳалар давом этяпти. Ҳозир пойтахтимизда кунлик қуввати 1,2 миллион метр куб бўлган оқова сув тозалаш иншоотини қуриш бўйича Осиё тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия институтлари билан музокаралар олиб борилмоқда.

    Ушбу лойиҳалар ва ҳаракатларнинг барчаси бир мақсад — аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш ҳамда бу борадаги сифат ва сон кўрсаткичларини мунтазам ошириб боришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Ирода ТОШМАТОВА суҳбатлашди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates