Биотехнологик ўсимлик навлари халқ саломатлиги ва иқтисодий барқарорлик кафолати

    Узум ва анор кўчатларини invitro усулида кўпайтириш юзасидан ҳам бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Марказда invitro микроклонал кўпайтириш технологияси ёрдамида фермерлар учун вируслардан холи, соғломлаштирилган узум ва анор кўчатлари кўпайтирилиб, жойларга етказиб берилади.

    Геном ва генетик хилма-хилликни ўрганиш бўйича фундаментал, амалий ва инновация ишларини амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги экинлари, доривор ва техник ўсимликлар тузилиши ҳамда фаоллигини ўрганиш, уруғчилик билан боғлиқ ишлар, уларни турли шароитда синаш ҳамда ишлаб чиқаришга татбиқ қилиш бугунги куннинг муҳим вазифасидир.

    Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Геномика ва биоинформатика маркази томонидан замонавий ген ва ҳужайра муҳандислиги, геном ва виртуал селекция дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда улардан фойдаланиб, атроф-муҳит ва одамлар учун хавфсиз, касаллик ва зараркунандаларга чидамли, турли тупроқ-иқлим шароитига мос янги ўсимлик навларини яратиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, марказда қишлоқ хўжалиги соҳасининг янги йўналишларида ҳам илмий ишлар олиб бориляпти.

    Бугунги кунда марказда 6 та лаборатория ва 2 та — Персоналлаштирилган қишлоқ хўжалиги экинларини ўрганиш ҳамда Генетик ўзгартирилган организмлар ва уларнинг маҳсулотларини таҳлил қилиш бўйича миллий мувофиқлаштириш маркази бўлими фаолият юритмоқда.

    Шунингдек, марказ қошида махсус уруғчилик хўжалиги, иссиқхона, фито­трон ва гермоплазма каби ноёб объектлар мавжуд.

    Марказ фаолияти давлатимиз ­раҳбарининг 2017 йил 10 февралдаги “Геномика ва биоинформатика соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотларни, шунингдек, инновация ишларини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида қайта ташкил этилди, геномика ва биоинформатикани янада ривожлантириш бўйича ишлар жадаллашиб, янги босқичга кўтарилди.

    Лабораторияларда ҳужайралардан кўпайтирилган пахта, буғдой, узум ниҳоллари, ген-нокаут усули билан яратилган “Порлоқ” туркумидаги тезпишар, ҳосилдор пахта навлари ўрин олган.

    — Марказ олимлари томонидан ғўзани фитохром А1 гени учун биринчи маротаба ген-нокаут технологияси ишлаб чиқилди. Унга АҚШ, Хитой, Миср, Россия ва Ҳиндистонда патент олинган, — деди Геномика ва биоинформатика маркази директори ўринбосари Забардаст Бўриев. — Яратилган технология бир вақтнинг ўзида ғўзанинг қатор фойдали хусусиятларини ижобий томонга ўзгартирди. Ушбу технология ёрдамида ғўзанинг узун толали ва сифатли, эрта пишар, серҳосил, қурғоқчилик ва шўрга чидамли янги “Порлоқ” нави яратилди. Янги нав ўрта толали ғўза бўлишига қарамай, унинг толаси сифати ингичка толали ғўзага деярли ўхшаш.

    Республикамизнинг Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари “Порлоқ” ғўза навини етиштириш учун энг мақбул ҳудудлар саналади. “Порлоқ” ғўза нави кескин ўзгарувчан, турли хил ноқулай иқлим шароитларга чидамлилиги билан бошқа навлардан ажралиб туради. Шунингдек, бошқа ғўза навларига нисбатан 18-20 фоиз кўп ҳосил беради. Тола сифати дунё бўйича ўрта толали ғўза навлари орасида энг юқори ўринда туради.

    Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида, айниқса, июнь ва июль ойларида об-ҳаво кескин исиб кетиши натижасида ғўза ҳосили тўкилиши кузатилади. “Порлоқ” ғўза нави эса агротехник тадбирлар ўз вақтида бажарилмаса ҳам, шона ва гулларини сақлаб қола олади. Бир туп ғўза 30-40 тагача гуллаши мумкин.

    Маркерларга асосланган селекция технологияси қисқа вақт ичида ғўзанинг янги навларини яратиш имконини беради. Марказ олимлари ушбу технология ёрдамида ғўзанинг серҳосил, тола сифати юқори ҳамда машинада теришга қулай бўлган “Равнақ-1” ва “Равнақ-2” навларини яратди. Улар дунё миқёсида маркерларга асосланган селекция ёрдамида яратилган биринчи нав саналади. Бу навларни айни пайтда тижоратлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

    Анъанавий селекция усулларини қўллаб, янги ғўза навларини яратиш машаққатли меҳнат, узоқ вақт ва кўп маблағ талаб этади. Бундай ҳолларда селекция жараёни ҳатто 20-25 йилгача чўзилиши мумкин.

    Юқорида келтирилган муаммоларни бартараф этишда анъанавий селекция усулларини геном-технологиялари ва молекуляр селекция усуллари билан бойитиш муҳим аҳамиятга эга.

    Узум ва анор кўчатларини invitro усулида кўпайтириш юзасидан ҳам бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Марказда invitro микроклонал кўпайтириш технологияси ёрдамида фермерлар учун вируслардан холи, соғломлаштирилган узум ва анор кўчатлари кўпайтирилиб, жойларга етказиб берилади.

    Мутахассисларнинг таъкидлашича, ўсимликларда ҳам вирус бўлади. Масалан, узум узоқ йил яшагани учун йиллар давомида унда вирус йиғилиб боради. Уруғ агар кичик ҳужайрадан олинганда, вирусдан холи, қилиб ўстириш мумкин. Шунда узумнинг ҳам ҳосилдорлиги ошади, ҳам мазаси ширин бўлади. Шу боис, фермерлар бу шаклда ўстириладиган ўсимлик турларига қизиқади.

    Ген-нокаут технологияси ёрдамида яратилган буғдойнинг “Баркамол” нави эътиборга молик изланишлардан. Синов жараёнида бўлган ушбу навдан ҳосилдорликни 30 фоизгача кўтариш мумкин.

    Ғўзанинг вилт касаллигига чидамли “Бардош” нави ҳам бор. Вилт ҳар йили дунёда ғўзанинг кўп миқдорда нобуд бўлишига олиб келади. Янги яратилган технология вилт замбуруғини ғўза ичига киришига йўл қўймайди ва бунинг натижасида ўсимлик ҳимояланади.

    Янги авлод SNP (Single Nucleotide Polymorphism — Ягона Нуклеотидлар Полиморфизими) маркерларининг яратилиши SNP-чип технологиясининг вужудга келишига асос бўлди. SNP-чип технологияси бугунги кунда генларни карталаштириш соҳасида қўлланилаётган энг самарали усуллардан бири ҳисобланади. Марказ ва АҚШ олимлари ҳамкорлигида ғўзанинг фузариоз вилт касаллигига чидамли генларини аниқлашда SNP-чип технологиясини қўллаш борасида тадқиқотлар олиб борилмоқда.

    Шунингдек, картошканинг фито­хром Б гени фаолиятини ген-нокаут технологияси ёрдамида сусайтириш натижасида ҳосилдорликни 26 фоизга оширишга эришилди. Ҳозир картошканинг янги навлари синовдан ўтказилмоқда.

    Биология фанининг янги йўналишларидан бири бўлган “генлар инженерлиги” жадал суръатларда ривожланиб бормоқда. Ўсимлик генларини мақсадли тарзда ўзгартирилиши, уларнинг фаолиятини кучайтириш ва сусайтириш, бир организмдан иккинчисига кўчириб ўтказиш ҳамда алмаштириш ва ҳатто “ўчириб” қўйиш каби илғор усуллари кенг жорий этилмоқда.

    Ана шундай ген-муҳандислик тадқиқотлари асосида яратилган янги навларни ишлаб чиқиш, синаш ва тажриба хўжалигига олиб киришни самарали ташкил этиш учун марказ ҳудудида иссиқхона барпо этилган. Энг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган иссиқхонада томчилатиб суғориш тизими, автоматик бошқарув пульти мавжуд.

    Иссиқхонада синовдан ўтказилиб, экологик хавфсизлиги ўрганилган, генетик жиҳатдан турғунлаштирилган янги, яъни гени ўзгартирилган навлар халқ саломатлиги ва иқтисодий барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates