Биотехнологиялар кластери халқимизга ва илм-фанга нима беради?

    "Янги Ўзбекистон" газетасининг шу йил 11 апрель, 69-сонида олий таълим, фан ва инновациялар вазири, академик Иброҳим Абдураҳмоновнинг "Биотехнологиялар кластери халқимизга ва илм-фанга нима беради?" сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Президентимиз шу йил 7 апрель куни ҳудудлар ривожи, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида Гулистон шаҳри мамлакатимизнинг “Инновацион тиббиёт хаби”га айлантирилишини маълум қилди. Бу дегани, келгусида Сирдарёда 500 миллион долларлик инвестиция ҳисобига Ўзбекистон—Хитой биотехнологиялар кластери қурилади.

    Мазкур кластерни ташкил этиш натижасида биотехнология соҳасида илмий тадқиқотларни амалга ошириш, биотехнологик маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва тижоратлаштириш салоҳиятига эга кадрлар тайёрланади. Соҳага доир дунёдаги энг сўнгги инновацион ишланма ва илмий тадқиқот натижаларини жалб қилиш имконияти юзага келади. Инновацион технологиялар трансфери амалга оширилади.

    Ҳозир юртимизда генларни тўлиқ таҳлил қила оладиган, геномларни ўқийдиган марказлар фаолият юритяпти. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан олимларимизнинг янги фан йўналишлари ва тадқиқотлар билан шуғулланишларига кенг йўл очиб берилди. Илғор фан ютуқларига асосланган билим платформалари яратилди. Шу билан бирга, ёш олимларимизнинг хорижда таълим олиб, малака ошириши, илғор билимларни юртимизда жорий қилиши таъминланди. Хусусан, Президентимизнинг амалий кўмаги ва тавсияси асосида барпо этилган Геномика ва биоинформатика маркази ушбу йўлдаги муҳим қадамлардан бири бўлди.

    2018 йилда Тошкент фармацевтика институтида биотехнология кафедраси очилди. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 25 ноябрдаги “Биотехнологияларни ривожлантириш ва мамлакатнинг биологик хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазкур соҳанинг жадал ривожланишини белгилаб берди. Энди эса бу жараён янада юқори босқичга кўтарилади. Марказий Осиёда ягона биотехнологиялар соҳасидаги янги платформа — хаб барпо этилади. Замонавий тилда “хаб” ижтимоий-иқтисодий фаолиятини йўлга қўйиши учун тадбиркорларга йўл-йўриқ кўрсатиш, комплекс ривожланишини таъминлаш ҳамда уларни атрофлича қўллаб-қувватлаш мақсадида барпо этилган ўзига хос марказ, фаолият майдони, деб талқин қилинади.

    Айни пайтда биотехнологиялар замонавий ва сердаромад соҳа бўлиб, 2022 йилда унинг дунё бозоридаги хизматлар қиймати 859,94 миллиард АҚШ долларига баҳоланди. 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 1,7 триллион долларга етиши кутилмоқда. Яъни 2023 йилдан 2030 йилгача ҳар йили ўртача 8,7 фоиз ўсади, биотехнология АКТ соҳасидан кейин дунёдаги энг тез тараққий этаётган соҳага айланади. Қолаверса, жаҳон фармацевтикаси босқичма-босқич кимёвий препаратлардан воз кечиб, биотерапевтик дори-дармонларга ўтяпти. Бугун уларнинг нархи анча юқори, лекин самарали ҳамда анъанавий дорилардан кўра хавфсиз. Бундан ташқари, янги дори-дармон ва усуллар авваллари даволаб бўлмайдиган касалликларни даволаш имкониятини беряпти.

    Ўзбекистон — Хитой биотехнологиялар кластерининг айнан Хитой билан ҳамкорликда барпо этилиши тасодиф эмас. Бу мамлакат биотехнология соҳаси ривожи бўйича сўнгги беш йилда АҚШдан кейин дунёда иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Унинг биотехнология бозоридаги хизматлар қиймати 2025 йилда 36 миллиард АҚШ долларига етиши тахмин қилинмоқда.

    Шу йилнинг март ойи охири — апрелнинг бошида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги делегациясининг Хитой Халқ Республикасига хизмат сафари доирасида хитойлик ҳамкорларимиз билан “Ўзбекистон — Хитой биотех кластер” ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Бу бир неча йиллик сермаҳсул мулоқотимизнинг янада ривожланишига хизмат қилади. Давлатимиз раҳбарининг ташқи сиёсатдаги ўзига хос ёндашуви ҳамда икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқаларни янги босқичга олиб чиққани натижасида Ўзбекистон — Хитой ҳамкорлигида яратилган вакциналар коронавирус пандемияси даврида юртимиз аҳолисини бу мудҳиш офатдан ҳимоялаш, жамоавий иммунитетни шакллантиришга хизмат қилганини таъкидлаш ўринли. Қолаверса, бу орқали юртимиз илм-фани соҳада катта тажрибага эга бўлди. Ўзбекистонда қўлланган вакциналарнинг 66,6 фоизи ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси экани фикримизни тасдиқлайди.

    Сирдарёда ташкил этиладиган Ўзбекистон — Хитой биотехнологиялар кластери биотехнологиялар соҳасидаги таълим сифатини ошириш, илмий тадқиқотларни жадаллаштириш, инновацион лойиҳалар трансферини амалга ошириш, хизматлар кўрсатадиган компанияларни ташкил этишга қаратилган. У нафақат Марказий Осиё, балки МДҲ ва Кавказолди давлатлари учун ягона хаб бўлиб хизмат қилади. Мана шу кластерни Сирдарёда ташкил қилиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган. У 150 гектар майдонни қамраб олиши кўзда тутилган.

    Шу ўринда нима учун бу катта платформа Сирдарёда ташкил этилмоқда, деган ўринли савол пайдо бўлиши табиий. Гап шундаки, сўнгги йилларда академик мустақиллик берилиши натижасида Гулистон давлат университети аввалги Инновацион ривожланиш вазирлиги иштирокида жадал ривожланди. Хусусан, у ерда биологлар мактаби пайдо бўлди. Биотехнология соҳасининг турли йўналишларида фаолият юритиш салоҳиятига эга жамоа шаклланди. Бунинг самараси ўлароқ, Сирдарё вилояти инновацион ҳудудида ташкил этиладиган биотехнологиялар кластери соҳадаги барча инновацион жараёнларнинг “эпимаркази”га айланади. Инновацияларга эҳтиёж пайдо бўлганида бошқа ҳудудларга ҳам янги инновацион ечимларни таклиф қиладиган марказ вазифасини ўтайди.

    Кластер соҳага миллий кадрлар тайёрлаш ва илмий тадқиқот билан шуғулланишга мўлжалланган Ўзбек-Сино биотехнология университети (Uzbek-Sino Biotechnology University), касалликларни даволашда энг сўнгги диагностика даволаш усуллари қўлланадиган Инновацион тиббиёт клиникаси, Марказий Осиё аҳолиси, ҳудуддаги ҳайвонлар ва ўсимликлар геномини ўрганишга ихтисослашган Марказий Осиё геном маркази, биоматериаллар ва генетик маълумотларни сақловчи Генбанк ва дата маркази, ўсимта ва саратон касалликларини даволовчи Ҳужайра терапияси марказини ўз ичига олади.

    Бундан ташқари, ҳудудда лабораториялар учун диагностика ускуналари ва махсус тўпламларини ишлаб чиқарувчи корхона, инновацион вакциналар ишлаб чиқарувчи марказ барпо этилади. Алоҳида корхоналарда прибиотик биопрепаратлар, моноклонал антитаначалар ва бошқа рекомбинант препаратлар ишлаб чиқарилади. Янги туғилган чақалоқлар ва ҳомиладор аёллардаги генетик муаммоларни аниқлаш учун диагностика маркази ташкил этилади. Шунингдек, 10 минг талаба учун ўқув бинолари, замонавий кампус, лабораториялар, муҳандислар мактаби очилади.

    Янги биотехнологик хаб бунёд этилиши олимларимиз орзу қилиб келган кўплаб илғор йўналишларга ҳам кенг йўл очиб беради. Жумладан, Ўзбекистон аҳолисининг геноми тавсифланади. Рақамли форматда ноёб генетик коллекциялар яратилади. Генетик нуқсони ва касалликлари бўлган болаларнинг туғилиш даражасини пасайтиришга эришилади. Онкологик касалликларни ҳужайра ва иммунотерапия орқали мутлақо янги усулда даволаш йўлга қўйилади. Қаришга қарши курашиш, инсон ҳаётини узайтириш масалалари тадқиқ этилиб, натижалари амалиётга жорий этилади. Фармацевтика соҳасида биоорганизмларнинг ҳимоя тизимини ўрганиш натижаларига кўра ихтиро қилинган хавфсиз ва самарадор дори-дармонлар ишлаб чиқарилади. Мазкур кластерда яратилган шу сингари янги биотехнологик маҳсулотлар илк босқичда Марказий Осиё ва Кавказолди мамлакатларига экспорт қилинади. Шу билан бирга, ривожланган мамлакатлар билан билим ва технология трансфери яқин ва узоқ хорижга маҳсулотларимизни экспорт қилиш имконини беради.

    Биокластер барпо қилиниши Сирдарёдаги муҳим янгиланишларнинг бир қисми, албатта. Ушбу ҳудуд тарихида биринчи марта шундай улкан бунёдкорлик ишларига старт берилгани барча учун қувонарли. Илғор инновациялар ҳудудида биофармацевтика, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, электротехника, тиббиёт, таълим соҳаларининг 20 йўналишидаги лойиҳаларга жорий қилинадиган алоҳида имтиёзлар эса мазкур янгиланишларнинг тезлашувига, одамларни руҳлантиришга хизмат қилади.

    Вилоятнинг 11 тумани ва шаҳри Хитой модели асосида саноатга ихтисослаштирилади. Уларнинг ҳар бирида инновацион технопарклар ташкил қилинади. Электротехника, биофармацевтика, кимё, қурилиш материаллари, ипак ва озиқ-овқат саноатида инновацион лойиҳалар амалга оширилади. Ҳудудга эркин иқтисодий зона мақоми берилади ва “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимининг соддалашган тизими жорий қилинади. Ишлаб чиқариш бинолари намунавий лойиҳалар асосида қурилиб, тадбиркорларга “саноат ипотекаси” орқали тайёр ҳолда берилади. Жорий йилнинг ўзидаёқ технопарк инфратузилмасига 200 миллиард сўм маблағ ажратилади. Қолаверса, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун Сирдарёда Ўзбекистон — Хитой инвестиция жамғармаси ташкил этилиши ва унга 1 миллиард доллар сармоя олиб келиниши жараённи тезлаштириш ва сифатли маҳсулот чиқара бошлашни таъминлаш учун “тоза қон”, яъни акцелерация вазифасини ўтайди.

    Давлатимиз раҳбарининг Сирдарё вилоятига ташрифи мобайнида илгари сурилган муҳим беш ташаббус алоҳида эътиборга молик. Улар доирасида вилоятда энг илғор агротехнологиялар жорий қилинади. Ирригация ва мелиорация тизимини модернизация қилишга хитойлик инвесторлар жалб қилинади. Хитой тажрибаси ёрдамида қорамол ва паррандачилик экокомплекслари ташкил қилинади. Шўр ва сувсизликка чидамли маккажўхори, сорго, беда каби озуқага бой экинлар экилади. Интенсив анор, қовун, пекан ёнғоғи ва балиқчилик плантациялари ташкил қилинади. Мева-сабзавотни сақлаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш технопарки барпо этилади. Шўр ва сувсизликка чидамли экин турлари, чорвачилик наслларини яратиш бўйича Хитойнинг етакчи олийгоҳлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади. Уларнинг филиаллари ташкил қилиниб, қишлоқ ва сув хўжалиги учун кадрлар тайёрланади ҳамда ерни ўзлаштириш, чўлланиш, ирригация ва экология йўналишида илмий тадқиқотлар олиб борилади.

    Президентимизнинг тўртинчи ташаббусида Сирдарёни мамлакатимизни Қозоғистон, Тожикистон, Хитой ва Афғонистон билан боғлайдиган йирик логистика хабига айлантириш кўзда тутилган. Бу жараёнда хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда юртимизнинг шарқий ва марказий қисмларини ҳамда чет эл йўналишларига боғлайдиган янги транспорт маршрутлари ва мультимодал логистика маркази қурилади. Бундан ташқари, йўлларни қуриш, таъмирлаш ва бошқаришга хусусий секторни жалб қилиш ҳам шу вилоятдан бошланади. Бу ташаббуснинг моҳияти шундан иборатки, аввал Сирдарёда, сўнг мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида замонавий йўлларни лойиҳалаш, янги технологиялар асосида қуриш ва хизмат кўрсатиш бўйича хусусий сектор пайдо бўлиб, ривожланади. Бу борада тадбиркорлар саъй-ҳаракати билан янги мутахассислар етишиб чиқади. Йўл қурилиши билан бирга, унинг инфратузилмасини яратиш борасида кўплаб иш ўринлари барпо қилинади.

    Давлатимиз раҳбари илгари сурган ушбу хайрли ташаббуслар Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида кўзда тутилган эзгу мақсад ва юксак манзилларга эришиш йўлидаги саъйҳаракатларнинг ёрқин ва амалий ифодасидир.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates