Илк кутубхона 1903 йилга келиб ташкил этилган, бир савдогар томонидан Наманган шаҳридаги кутубхонага 1400 дона китоб совға қилинган. 1918 йилда пахта тозалаш заводи клуби қошида 540 номда китоб фондига эга шаҳардаги биринчи жамоат кутубхонаси пайдо бўлди.
1929 йилда ўша кутубхона алоҳида бинога кўчирилди. 1931 йили Алишер Навоий номидаги давлат кутубхонасидан юборилган тажрибали мутахассис тармоқни анча кенгайтирди. 1936 йилда китоб фонди 18398 тага, китобхонлар эса 8595 нафарга етди. Наманган вилояти ташкил этилгач, 1941 йили кутубхонага вилоят кутубхонаси мақоми берилди. Орада Наманган Андижон вилоятига қўшилгани боис, энди у Наманган шаҳар кутубхонасига айлантирилди. Наманган вилояти қайта тузилгач, яна ўз мақомини тиклади. 1980 йилда шаҳар марказида 4 қаватли мазкур муҳташам бино қурилди. Унга Ўзбекистон Олий Кенгашининг биринчи котиби Шароф Рашидов ташриф буюриб, очилиш маросимида қатнашди, кутубхонани мумтоз шоира Нодира номи билан аташ таклифини билдирди. Наманган Халқ депутатлари Кенгашининг 1980 йил 19 июндаги 368-сонли қарорига мувофиқ Наманган вилоят кутубхонасига ХIХ асрнинг биринчи ярмида ижод қилган таниқли ўзбек шоири Моҳларойим Нодира номи берилди.
Мамлакатимизда кутубхоналар фаолияти Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида”ги Қонуни билан тартибга солинади. Президентимизнинг 2019 йил 7 июндаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан ушбу тизим фаолияти тубдан такомиллаштирилди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тизимига ўтказилди. Миллий кутубхона қошида вилоят, шаҳар, туман кутубхоналари фаолияти қайта йўлга қўйилиб, уларнинг моддий-маънавий имкониятлари кенгайтирилди. Наманган вилояти бош кутубхонаси ҳам катта имтиёзга эга бўлди.
Ахборот-кутубхона маркази бой меросга эга бўлиб, XVII-XVIII асрга тааллуқли китоблар, 1940 йилдан буён чиқарилган газета ва журналларни сақлаб келмоқда. Бу масканга директорлик қилган Муборак Бобохонова, Мўминжон Муҳаммадиев соҳа ривожига баракали ҳисса қўшдилар. Кутубхонани 22 йилдан бери бошқараётган Мавлуда Жўрабоеванинг самарали меҳнати эътирофга лойиқ. Шу ерда қарийб 30-40 йиллардан буён ишлаб келаётган ўз ишининг жонкуярлари китобхонларга сифатли хизмат кўрсатмоқда. Икки йилдирки, Президентимизнинг юқорида тилга олинган қарорига асосан 21 майни кутубхоначилар куни сифатида нишонлашмоқда.
2019 йил мазкур қутлуғ маскан тарихида унутилмас бўлиб муҳрланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёвнинг шу йил 28 февраль – 1 март кунлари Наманганга ташрифи чоғида вилоят кутубхона марказини замон талабларига мос равишда қайта таъмирлаш, китоб фондини бойитиш, мутолаа учун қулай шароит яратиш бўйича топшириқ берганди. Шундан сўнг ишлар жадаллашиб кетди. Ахборот-кутубхона маркази реконструкцияси ва таъмирлаш ишларига Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маблағлари ҳисобидан 10 млрд. сўм ажратилди. Вилоят ҳокимлиги томонидан 1,5 млрд. сўмга яқин ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятга ташрифи давомида берилган топшириқлар ҳамда вилоят фаоллари иштирокида ўтказилган 9-сонли мажлис баёнида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, Наманган вилояти ҳокимининг 2019 йил 23 майдаги 383-сонли ҳамда Наманган шаҳар хокимининг 2019 йил 24 майдаги 662-сонли қарорларига асосан, Нодирабегим номидаги Наманган вилояти ахборот-кутубхона маркази деб номланиши белгилаб қўйилган. Йил якунида, яъни 23 декабрда номи бироз ўзгартирилиб, мукаммал таъмирланган янги бино фойдаланишга топширилди. Тантанали тадбирда Саида Мирзиёева ҳам иштирок этди. Кутубхонани вилоят ҳокимлиги яна 60 минг дона китоб билан бойитди. Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан 50 млн. сўмлик энг сара адабиётлар совға қилинди.
Ҳозирда кутубхонада 600 минг китоб фонди мавжуд, уларнинг 35 фоизини давлат тилидаги китоблар ташкил этади. Бу даргоҳ шаҳар ва туманлардаги мавжуд 18 та кутубхоналар, 3 та олий ўқув юрти, 118 та ахборот-ресурс маркази, халқ таълимига қарашли АРМлар ва маҳаллалардаги кутубхоналарга услубий марказ ҳисобланади. Ахборот-кутубхона маркази вилоят аҳолиси, китобхонлари ҳамда ёшлари учун энг севимли жойга айланган. Масофадан туриб китоб ўқиш учун вилоятлар ҳамда ривожланган давлатлар кутубхоналари билан электрон китоб ўқиш имконияти ҳам яратилган. Хорижий илм-фан ахборот ресурслари билан таъминланган ва фойдаланувчиларга тақдим этиб борилмоқда.
Нодирабегим номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази бир вақтнинг ўзида 450 нафар китобхонга хизмат кўрсата олади. Бу ердаги 574 мингдан зиёд китобдан 200 минги бадиий асарлар, 5000 номдаги электрон китоблардир. Бундан ташқари, 100 мингдан ортиқ журналлар, йирик ададдаги газеталар ўтмиш солномалари сифатида ўқилмоқда. 1000 дан ортиқ нодир адабиётлар эса ниҳоятда қадрланиб мутолаа қилинади.
- Интернет ривожлангани билан китоб ва газета мутолаасига бўлган талаб сақланиб қолаверади. Ахборот-кутубхона марказимиздан китобхонларнинг қадами асло узилгани йўқ, деярли ҳар куни таълим муассасалари жамоалари бизнинг бинога саёҳат уюштиришади, - дейди биз билан суҳбатда марказ директори, «Кутубхона аълочиси» кўкрак нишони соҳибаси Мавлуда Жўрабоева. – Шу йилнинг ўтган уч ойи мобайнида фондимиз 708 тага кўпайди, фойдаланувчиларимиз 21 минг 310 нафарни, янги аъзолар 1425 нафарни ташкил этди. 2020 йилнинг кўп даври карантин чекловлари билан кечгани боис йил давомида 59 минг нафар китобхон даргоҳимизга келган бўлса, 2021 йил биринчи чорагининг ўзида уларнинг сони 29 минг 322 нафарга етди. Фойдаланилган ресурслар эса 80742 тадан иборат бўлди.
Ҳудудда юқори тезликдаги интернетга уланган WI-FI ҳудуди ҳам бор. Реконструкциядан сўнг замонавий кўринишга эга бўлган бинода “Bookcafe”, янги адабиётларнинг кўргазмалар зали, медиа ва интернет зали, хорижий ёзувчилар асарларини ўқиб-ўрганиш учун ўқув зали, шунингдек, Ўзбекистон, ёшлар ва илмий заллар мавжуд. “Билимдонлар”, “Шаҳризода”, “Байналмилал дўстлик”, “Ҳабиб Саъдулла” каби клублар фаолият юритмоқда. Ўқув маркази ҳамда болажонлар зали бежирим жиҳозланган. Нодирабегим залида бу халқона шоиранинг ҳаёти ва ижоди, у яшаб ўтган даврдан ҳикоя қилувчи экспонатлар ҳам жойлаштирилди.
- Мен таҳсил олаётган университет «Нодирабегим» кутубхонасига яқинлиги, ва албатта, хоҳлаганим учун тез-тез қатнаб тураман, - дейди Наманган Давлат университети талабаси, ёш адиб Шаҳзод Эргашалиев. - Бу бинодаги ажойиб муҳит мени доим ўзига чорлайди, босма нашрларнинг ҳиди димоғимга урилиб, кайфиятимни кўтаради. Зиё масканида вилоятимизнинг таниқли шоир-ёзувчилари иштирокида ўтказиладиган ижодий учрашувларда мунтазам қатнашишга интиламан. Талаба бўлсам, шу кутубхонага кўп бораман, деб дилимга туккандим. Чунки ўқувчилигимда саёҳатга келганимизда фаол китобхонларни кўриб ҳавасим ошганди. Мана, айни дам ўша ёқимли онлар оғушидаман. Қаранг, кимдир журнал варақлаган, биров китобга «шўнғиган», бошқаси эса интернетдан зарур маълумотини қидиряпти, нафис суҳбатлар қулоққа чалинади. Математика факультетида ўқисам-да, ҳикоялар ёзаман. Ижод намуналарим юксак эътироф қозониб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг тавсияси билан «Биринчи китобим» лойиҳасида катта ададда илк китобим чоп этилди. Бугун ўша «Уфққа туташ йўл» насрий тўпламим мазкур ахборот-кутубхона марказидан жой олганидан, уни мутолаа қилишаётганидан жуда хурсандман.
Хуллас, сизга ҳикоя қилинган зиё масканига кирган кишининг кўзи қувониши, кўнгли тўлиши, тафаккури юксалиши аниқ. Қишда ҳам, ёзда ҳам мўътадил ҳаво китобхон учун, сақланаётган китоблар учун ҳам бирдай қулайлиги билан эътиборни тортмоқда, довруқ қозонмоқда.
Орифжон ЖЎРАЕВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири.