Бу йил куз-қиш мавсуми нисбатан серёғин келди. Гидрометеорологик хизматлар прогнозларига кўра, баҳорнинг илк ойи — мартда ҳам ёғинли кунлар кўп бўлиши тахмин қилинмоқда. Одатда ёғин миқдори кўп бўлиши қадимдан йилнинг қут-баракали келишига ишора ўлароқ ижобий қабул қилинган. Бу ҳолат сайёрамизда тобора ошиб бораётган эҳтиёж ва албатта, иқлим ўзгаришлари туфайли сув танқислиги долзарб муаммога айланиб бораётган бир шароитда муҳим аҳамиятга эга.
Жумладан, БМТ Жаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш ташкилоти ўтган йили эълон қилган баёнотида 2050 йилга бориб қурғоқчилик дунё аҳолисининг тўртдан уч қисмидан кўпроғига таъсир қилиши мумкинлигини маълум қилди. Бу жуда катта рақам ва табиийки, хавотирли жиҳатлар юртимиз иқлим шароити, хусусан, сув таъминоти барқарорлигига ҳам тааллуқлидир. Буни биргина сўнгги 15 йилда юртимизда ёғингарчилик миқдори 25 фоизга қисқаргани ҳам тасдиқлайди.
Жаҳон табиий ресурслар институти (World Resources Institute) ва Британиянинг “Economist Intelligence Unit” ташкилоти тадқиқотларига кўра эса 2040 йилга бориб, сув танқислигига энг кўп учраши тахмин қилинаётган 33 давлат орасида Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон ҳам бор.
Бу эса, ўз навбатида, ушбу даврга бориб тахминлар қай даражада қарор топишидан қатъи назар, океан ва йирик денгизлардан олисда жойлашган Ўзбекистон учун мавжуд ресурслардан тежамкорлик билан фойдаланишга ўтиш, бунга айни пайтдан бошлаб устуворлик беришни талаб қилади.
Шунинг учун ҳам мамлакатимизда ушбу неъматдан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буни 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида 7 миллиард метр куб сувни тежаш вазифаси белгилангани мисолида ҳам кўриш мумкин.
Сув ресурсларини тежаш, ундан мақсадли ва самарали фойдаланишда сув тежовчи технологиялар алоҳида аҳамиятга эга. Бу соҳада юқори самарадорликка эришиш учун дунёда шаклланган томчилатиб суғориш технологиялари бозорига интеграциялашиш ва унинг илғор тажрибаларини Ўзбекистонда қўллаш долзарб ҳисобланади. Бу тажрибалар ҳудудларда сув тежовчи технологияларни қўллашни сифат жиҳатидан юқори даражага олиб чиқади.
Дунё тажрибасига бир назар
Метр куб атамаси қишлоқ хўжалигида сув миқдорини аниқлашнинг асосий ўлчов бирлиги ҳисобланади. Билъакс, томчи уларнинг миллиондан бир қисми ўлароқ аниқ бир миқдорни англатмайди. Лекин масаланинг қизиқ томони шундаки, сўнгги пайтларда сув миқдорининг аниқ ўлчов бирлиги четда қолиб, томчи атамаси сув хўжалиги тизими, умуман, сув билан боғлиқ жараёнларда фаол қўлланиладиган сўзга айланиб боряпти. Тилимизда ушбу ўзак асосидаги янги сўз бирикмалари пайдо бўлмоқда.
Шу ўринда томчилатиб суғориш ўзи нима экани ва унинг қандай пайдо бўлгани тарихига бир назар ташласак, фойдадан холи бўлмайди. Томчилатиб суғориш сув ресурсларидан самарали фойдаланишда энг мақбул усуллардан бири ҳисобланади. Маълумотларга кўра, бу усул биринчи марта ўтган асрнинг 60-йилларида Исроилнинг Негев чўлида қўлланган. Қисқа вақт ичида эришилган ижобий натижалар, қолаверса, сув танқислигининг кучайиб бориши дунёнинг кўплаб мамлакатларида томчилатиб суғоришнинг тез тарқалишига сабаб бўлди.
— Натижада дунёда умумий ҳажми 9,3 миллиард доллар қийматидаги томчилатиб суғориш технологиялари бозори шаклланди, — дейди тадқиқотчи Комилжон Қўзиев. — АҚШнинг “Rhode Island” университети экспертлари фикрича, 2028 йилга бориб бу бозорнинг ҳажми 23,3 миллиард долларга етади. Бу ҳозирги кўрсаткичдан деярли 2,5 бараварга ортиқдир. “Fortune Business Insight” ташкилоти Осиёдаги томчилатиб суғориш технологиялари бозори ҳажмини 4,3 миллиард доллар қийматида баҳоламоқда. Бу бозорнинг ўртача йиллик ўсиш суръати 9,3 фоизни ташкил этса, 2026 йилга бориб унинг ҳажми дунё бозорининг 40 фоизини қамраб олиши прогноз қилинган.
Бу бозорнинг энг асосий талабгорлари Хитой, АҚШ, Буюк Британия, Канада, Германия, Франция, Италия, Австралия, Россия, Япония, Жанубий Корея, Саудия Арабистони, Бразилия, Аргентина каби давлатлар саналади. Суғориладиган майдонларда сув тежовчи технологиялар қўлланган ер майдони 100 миллион гектарга яқинлашиб қолди. Бу борада Хитой етакчилик қилмоқда. Жумладан, 2009 йилда Хитойда “Миллий сувни тежаш — ирригация” дастури қабул қилинган. Дастур доирасида “2020 йилга бориб бундай технологиялар ўрнатилган суғориш майдони ҳажмини мамлакатдаги жами суғориладиган ернинг 80 фоизига етказиш, шу жумладан, спринклер технологияли майдонларни 4,29 миллион, томчилатиб суғоришни 1,3 миллион, паст босимли трубалар орқали суғоришни 8,08 миллион ва каналлар қопламали суғориш майдонларини 17,8 миллион гектарга етказиш” вазифаси бўйича амалга оширилган ишлар бу борада катта натижаларга эришишга замин яратган.
Дунё мамлакатлари орасида, шунингдек, АҚШ (13,8 миллион гектар), Ҳиндистон (7,7 миллион гектар), Бразилия (4,5 миллион гектар) ва Испания (4,5 миллион гектар) давлатлари етакчи ҳисобланади. Бироқ жами суғориладиган майдонга нисбатан бундай технологиялар ўрнатилиши қамрови бўйича Исроил пешқадам. Хусусан, Исроилда жами суғориладиган ернинг 99 фоизига сув тежовчи технологиялар ўрнатилган.
Бу турдаги технологияларнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, томчилатиб суғориш усули ўсимликларнинг илдизига сувни кичик дозаларда томчилатиш орқали уни озиқлантиришга асосланган. Бунда сувнинг миқдори ва частотаси ўсимликларнинг эҳтиёжига мувофиқ тартибга солинади. Сув барча ўсимликларга тенг ва бир хил миқдорда оқади. Бутун дала суғорилмайди, яъни ортиқча сув исроф қилинмайди. Сув фақатгина ўсимлик илдизига керакли миқдорда етказиб берилади. Пировардида, буғланиш, шимилиш туфайли кузатилиши мумкин бўлган катта йўқотишларнинг олди олинади.
Сувдан тежамли фойдаланишда Исроил тажрибаси энг самарали ҳисобланади. Ушбу давлатда, аввало, сувдан самарали фойдаланиш, уни тежашнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланган. Жумладан, 1959 йилдан 2001 йилгача бўлган давр мобайнида “Сув ресурслари тўғрисида”ги, “Сув қудуқларини бурғилаш устидан назорат тўғрисида”ги, “Тупроқни муҳофаза қилиш ва дренаж тизими тўғрисида”ги, “Сувни ўлчаш тўғрисида”ги ва “Сув корпорациялари тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинган.
Иироилнинг 1972 йилда тузилган “Netafim irrigation” компанияси дунёда томчилатиб суғориш тизимларининг биринчи саноат ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Биринчилик билан бир қаторда, ушбу корхона томчилатиб суғориш тизимининг афзаллиги шундаки, технологиялар сувни нафақат 70 фоизгача тежайди, балки минерал ўғит, ишчи кучи, ёқилғи сарфини ҳам сезиларли даражада қисқартириб, энг асосийси, манзилли озиқлантириш орқали экинлар ҳосилдорлигини икки баравар оширишга имкон беради. Умуман олганда, Исроилда яратилган сув хўжалиги тизими интеграцияси тежамкорликнинг классик намунаси ҳисобланади.
Сув тежовчи технологиялар — юқори самарадорлик кафолати
Дунё тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, экинларни замонавий ёндашувлар — томчилатиб, ёмғирлатиб, умуман олганда, сув тежовчи технологиялар ёрдамида суғориш нафақат сув сарфи ҳажмини катта миқдорда иқтисод қилиш, балки ҳосилдорликни ошириш, сарф-харажатни эса сезиларли даражада камайтиришга замин яратади. Бу эса, ўз навбатида, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, экология барқарорлигига эришиш каби долзарб масалалар ечимига хизмат қилади. Қолаверса, тежалган ёқилғи, минерал ўғит ва ишчи кучи бошқа соҳалар ривожида қўшимча имкониятлар яратади.
— 24 йилдан бери фермерлик фаолияти билан шуғулланаман, — дейди Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги фермер хўжалиги раҳбари Нурмат Ашуров. — 2019 йил туманда биринчилардан бўлиб томчилатиб суғориш усулини даламда қўллай бошладим. Очиғи, ўша пайт кўпчилик бунга бўлмайдиган иш, деб қараганди. Ўзимда эса бир оз хавотир бўлгани бор гап. Кейинчалик бу усулга барчанинг фикри ижобий томонга ўзгарди. Боиси, бу анчагина тежамкор усул экани фермерлик фаолиятим мисолида яққол кўринди.
Жумладан, шу йили банкдан 360 миллион сўм кредит олиб, 20 гектар пахта майдонига томчилатиб суғориш ускуналарини ўрнатган бўлсам, ҳали ҳосил етилмасидан харажатларим қоплана бошлади. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг қарорига асосан, ҳар гектар ерим учун 8 миллион сўмдан — жами 160 миллион сўм субсидия олдим. Шунингдек, 14 фоизлик кредитимнинг асосий фоиз қисми ҳам давлат томонидан қоплаб берилди. Бу — масаланинг яхши бир жиҳати. Асосий ютуқли томони эса ҳосилдорлик ошгани ва тежамкорликда бўлди. Биринчидан, сув тежалиши ҳисобига ғўзалар танқислик сезмади, натижада ҳосилдорлик ва шунга мос равишда даромадимиз ўтган йилларга нисбатан анча ошди. Иккинчидан, бир гектар ерга авваллари 700-800 килограммдан ўғит берган бўлсак, томчилатиб суғориш орқали бу кўрсаткич 300-400 килограммга тушди. Шунингдек, ёқилғига сарфлайдиган харажатимиз 50 фоизга камайди. Олдин йигирма гектар ерни 5-7 кун давомида камида тўрт-беш киши ёрдамида суғорган бўлсак, бу усулда 3-4 кунда фақатгина бир сувчи билан уддалаяпмиз. Хуллас, бунинг яна бошқа кўплаб яхши томонлари бор. Асосийси, даромадимиз аввалги йилларга нисбатан сезиларли кўпайиб боряпти.
Фермернинг қўшимча қилишича, бу усул сув муаммоси мавжуд бўлган Қашқадарё шароитида жуда самарали ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Нурмат Ашуров 20 гектар лалми ерда боғ барпо этиб, шу усулда суғоришни режалаштирган.
Суғориш тизимида янги технологияларни қўллаш, модомики, мана шундай самарадорликка эга экан, юртимизда буни оммалаштириш ҳолати қай аҳволда, бу борада имкониятларимиз қандай экани барчамизга бирдек қизиқ ва муҳим, албатта.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳудудларида фойдаланиладиган ўртача йиллик сув ресурсларининг миқдори 51-53 миллиард метр кубни ташкил этади. Бунинг нисбатан кам қисми — 21,5 фоизи юртимиз, қолган асосий 78,5 фоиз қисми эса қўшни давлатлар ҳудудида шаклланади.
Сувнинг катта қисми суғоришда ишлатилади ва айнан вегетация даврида сув танқислиги кузатилади. Масалан, 2021 йилги суғориш мавсумида ҳудудларда сув таъминоти меъёрга нисбатан 25 фоиз кам бўлиши кузатилди. Бу қарийб 8-10 миллиард метр куб сув танқислигига олиб келди.
Ҳудудларда бу каби сув танқислигининг ортиб бориши мавжуд ресурслардан тежамли фойдаланишни талаб қилади. Шу мақсадда мамлакатимизда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Жумладан, Президентимизнинг 2020 йил 11 декабрдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 февралдаги “Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича харажатларининг бир қисмини қоплаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари қабул қилиниб, буни амалга ошириш тартиби бўйича Низом ишлаб чиқилган эди. Низомга кўра, пахта ва узум плантацияларининг 1 гектарига — 8 миллион сўмдан 11 миллион сўмгача, мевали экинларга — 6 миллион, озуқабоп, мойли, дуккакли экинлар ва доривор ўсимликларга — 2,5 миллион, сабзавот экинлари ва картошкага — 1,5 миллион, полиз экинларига — 1,3 миллион сўм миқдорида субсидиялар ажратиш белгиланган. Жорий қилинган сувни тежайдиган суғориш технологияларидан суғориш мавсумида фойдаланмаслик ҳолатлари аниқланса, ажратилган субсидия давлат бюджетига қайтарилиши ҳам белгилаб қўйилган.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 1 мартдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан эса бу борадаги харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар ажратиш тартиби тасдиқланди.
Яратиб берилган қулай шароит, тақдим этилаётган имтиёзлар натижасида биргина 2021 йилда 433 минг гектар майдонда сувни тежайдиган технологиялар жорий этилди. 2022 йилда эса бу борада янада каттароқ марра — 478 минг гектар белгиланди.
Сув хўжалиги вазири ўринбосари Рустам Қаршиевнинг айтишича, сўнгги йилларда мамлакатимизда сувни тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган майдонлар ҳажми қарийб бир миллион гектарга етказилди. Замонавий технологиялар ўрнатилган майдоннинг катта қисмини томчилатиб суғориш тизими ташкил этади. Ушбу йўналиш бўйича 2023 йилда амалга оширилиши режа қилинган ишларнинг асосий қисми ҳам томчилатиб суғориш ҳиссасига тўғри келади. Хусусан, жорий йил 260 минг гектарда томчилатиб, 25 минг гектарда ёмғирлатиб, 15 минг гектарда дискрет усулда суғориш технологиясини ўрнатиш режалаштирилмоқда.
Ушбу технологияларни ишлатиш орқали 1,9 миллиард метр куб сув, 100 минг тонна минерал ўғит, 13 минг тонна ёқилғи-мойлаш материаллари иқтисод қилинади. Ўз навбатида, ҳосилдорлик ўртача 15-20 центнерга оширилиб, 300 минг гектар майдонда такрорий экинларни суғориш имконияти яратилади.
Маълумотларга кўра, биргина Қорақалпоғистон Республикасида 2022 йилда ирригация объектларида сув сарфини онлайн мониторинг қилиш имконини берувчи 286 та “Ақлли сув”, мелиоратив кузатув қудуқларида сизот сувлар кўрсаткичлари ва ерларнинг минераллашганлик даражасини онлайн назорат қилиш имконини берувчи 270 та “Дайвер”, насос станцияларида сув сарфини онлайн ҳисобини юритувчи 208 та “Ақлли ҳисоблагич” қурилмаси ўрнатилиб, Қизкеткен-Кегейли ИТБ тасарруфидаги “Кегейли” магистрал канали бош иншооти бошқаруви автоматлаштирилган.
2023 йилда эса ирригация объектларига 1 минг 200 дан зиёд “ақлли” қурилмалар ўрнатиш ҳамда 2 та йирик сув хўжалиги объектининг бошқарувини автоматлаштириш режалаштирилган.
— Сувни тежаш, экинларни суғоришда сув тежовчи технологиялардан фойдаланишни оммалаштиришнинг аҳамияти биз учун жуда муҳим, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги сектор раҳбари Абу Қидирбаев. — Чунки Қорақалпоғистон дарёларнинг энг қуйи ўзанида жойлашган. Шунинг учун ҳам сувни тежашга қаратилган ислоҳотлар ва унинг доирасида қилинаётган амалий ишлар муҳим аҳамиятга эга. Шундан келиб чиқиб, 2022 йилда 5 минг 313 гектар майдонда сувни тежайдиган технологиялар, шундан 3 минг 304 гектар майдонда томчилатиб, 1 минг 909 гектарда ёмғирлатиб суғориш технологияси ва 100 гектар майдонда дискретли суғориш тизимини жорий қилдик. 35 минг 737 гектар қишлоқ хўжалиги экин майдони эса лазерли ускуна ёрдамида текисланди.
2023 йил ҳосили учун жами 20 минг 224 гектар майдонда сувни тежайдиган технологиялар, шундан 17 минг 649 гектар майдонда томчилатиб, 1 минг 575 гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш ва минг гектар майдонда дискретли суғориш тизимини жорий этишни режа қилганмиз.
Шу билан бирга, ғалла майдонларида ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича қурувчи корхоналар билан талабгорлар ўртасида пудрат шартномалари тўлиқ расмийлаштирилди, айни пайтда 227 гектар майдонда қурилиш ишлари олиб бориляпти.
Умуман олганда, сўнгги беш йилда мамлакатимиз бўйича сув тежовчи технологиялар қўлланаётган майдонлар ҳажми 7,7 баробар ортган. Бунда кўпроқ пахта майдонларига ана шундай технологиялар ўрнатилган. Натижада сув сарфи қисқариши билан бир қаторда, пахтанинг ўртача ҳосилдорлиги 1,26 бараварга ортишига эришилган. Ўғит ва ёқилғи ҳам сезиларли тежалган. Лекин бу сув тежовчи технологияларнинг самарадорликка таъсири ҳали юқори эмаслигини кўрсатяпти. Кейинги йилларда бу борадаги тажрибага ҳамоҳанг равишда самарадорлик ҳам ортиб боришини прогноз қилиш мумкин.
Сув тежамкорлигида қайси вилоят етакчи?
Мутахассислар фикрига кўра, Ўзбекистонда яқин келажакда сув танқислиги 7 миллиард метр куб, 2050 йилларга бориб эса 12-13 миллиард метр куб бўлиши тахмин қилинмоқда. Мана шундай мураккаб бир шароитда сув тежамкорлигини янада ошириш, айни пайтда сув танқислиги муаммоси сезиларли бўлган вилоятларда бу жараённи янада жадаллаштириш талаб этилади.
Шу ўринда қайси вилоят сув ресурсларидан самарали фойдаланяпти, деган савол туғилиши табиий, албатта. Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти мутахассислари айни йўналишда ўтказган тадқиқотдан бунга жавоб олиш мумкин.
Хусусан, тадқиқотда вилоятларда мавжуд ҳолат ўртача 1 гектар ерни суғориш учун сарфланган сув миқдори, ўртача бир метр куб сув ҳисобига етиштирилган маҳсулот, сув тежамкор технологиялар қўлланган майдонлар қамрови каби самарадорликни акс эттирувчи кўрсаткичлар асосида таҳлил қилинган.
Унга кўра, сўнгги йилларда бу борада олиб борилган ислоҳотлар натижасида сув тежовчи технологиялар қўлланилган майдонлар Навоий (28 фоиз), Андижон (23,6 фоиз) ва Жиззах (21,9 фоиз) вилоятларида кенгайиб бормоқда. Шунингдек, 2021 йилда Бухоро (16,1) ва Хоразм (23,1) вилоятларида қамров даражаси аввалги йилларга нисбатан 2,3-4,3 маротаба ортган.
Ҳудудларнинг сувдан фойдаланиш самарадорлиги 2018-2021 йилларда қайд этилган натижаларига қараб гуруҳларга ажратилди. Рейтинг натижаларига кўра, биринчи гуруҳдан Андижон ва Самарқанд вилоятлари жой олди. Сабаби, ушбу вилоятлар сувдан фойдаланишда юқори самарадорликка эришган.
Сувдан фойдаланиш самарадорлиги ўртача бўлган иккинчи гуруҳга Тошкент, Жиззах, Навоий, Наманган ва Фарғона вилоятлари киритилди.
— Фарғона вилоятида мавжуд сув ресурсларининг асосий қисми қўшни республикалардан оқиб келувчи манбаларга боғлиқ ва шу боис, экинларни сув билан таъминлаш, унинг ҳар томчисидан оқилона фойдаланиш муҳим, — дейди Сирдарё-Сўх ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Фахриддин Турсунов. — Асосий эҳтиёж Норин дарёси, “Катта Фарғона” ва “Катта Андижон” магистрал каналлари орқали қондирилади. Тоғ музликларининг йилдан-йилга камайиб бориши кичик сойлардаги сув захираларига салбий таъсир кўрсатмоқда. Юзага келган ҳолатларнинг олдини олиш, бирламчи сув танқислигини юмшатишда сув тежовчи технологияларни ривожлантириш, янги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга.
Шу кунга қадар вилоятимизда 21 минг 377 гектар майдонда замонавий сув тежовчи технологиялар жорий қилинди. Жумладан, 18 минг 919 гектарда томчилатиб суғориш, 2 минг 280 гектарда ёмғирлатиб ва 178 гектар экин майдонларида дискретли суғориш тизимларидан фойдаланилмоқда. Натижада биргина пахта майдонларига сарфланган сув ва бошқа ресурслар миқдори 40-50 фоиз тежалди, ҳосилдорлик 15-20 центнергача ошди.
Ишлаб чиқаришда инновацион лойиҳаларни қўллаш, аввало, сув танқислигининг олдини олса, иккинчидан, қиммат бўлган минерал ўғит, механизация хизматлари, ёқилғи харажатларини камайтириш имкониятини бермоқда. Қўштепа туманидаги “Fergana Global Textile” МЧЖ пахта-тўқимачилик кластери томонидан Солижонобод массивидаги бир неча йиллардан бери фойдаланилмаётган ернинг 215 гектари ўзлаштирилиб, Исроил давлатининг “Netafim irrigation” корхонаси технологияси асосида томчилатиб суғориш усули жорий этилди. Ушбу қурилма барча иш жараёнини бир жойдан бошқариш имкониятини беради. Натижада шу вақтга қадар бор-йўғи 17-20 центнер ҳосил олинаётган ерлардан биринчи теримнинг ўзидаёқ 45 центнергача ҳосил олиш имконияти яратилди, сув ва бошқа ресурслар 50 фоизгача тежалди.
Сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш борасидаги тажриба оммалашмоқда, янги ташаббуслар қўллаб-қувватланяпти. Жорий мавсумда вилоятда 35 минг 566 гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий этиш устида иш олиб борилмоқда. Бу майдонларнинг 12 минг 850 гектари пахта майдонлари ҳиссасига тўғри келади.
Қашқадарё, Хоразм ва Сурхондарё вилоятлари сувдан фойдаланиш самарадорлиги нисбатан паст бўлган учинчи гуруҳдан жой олди. Шундай бўлса-да, ундан фойдаланиш аввалги йилга нисбатан яхшиланган.
Кўриб турганингиздек, сув тежамкорлиги борасида энг қуйи гуруҳдан жой олган вилоятларда ҳам самарадорлик ўтган йилларга нисбатан яхшиланиб бормоқда. Бунда, энг аввало, кластер ва фермерларга қулай шароит яратиш, айни йўналишдаги ишларни рағбатлантириш, тежамкорликни оширишни назарда тутувчи ҳуқуқий асослар яратиб берилаётгани муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Хусусан, сўнгги беш йилда бу борада 100 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 1 та қонуни, Президентимизнинг 5 та фармони, 20 та қарори ҳамда 1 та фармойиши, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 60 дан ортиқ қарор ва фармойишлари қабул қилинди.
Соҳа ривожида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси ҳамда Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 20212023 йилларга мўлжалланган стратегияси ҳам ҳал қилувчи роль ўйнаяпти.
Умуман олганда, ушбу ҳужжатлар, концепция ва стратегияда белгиланган вазифалар доирасида амалга оширилаётган ишлар сувни тежаш самарадорлигининг йилданйилга яхшиланиб боришига хизмат қилиши шубҳасиз. Зеро, ушбу йўналишда самарадорлик ортиб бориши биз юқорида қайд этиб ўтган сув танқислиги билан боғлиқ мураккаб вазиятларнинг салбий оқибатларини юмшатиши билан янада аҳамиятлидир.
Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири