Дунёда глобал ахборот майдонининг кенгайиб бориши натижасида ундаги кибер маконда турли хил кибер таҳдидлар вужудга келмоқда ва мазкур таҳдидлар дунё ҳамжамиятини ташвишга солмоқда. Ҳозирги кунда глобал ахборот майдонда содир этилаётган кибержиноятчиликка қарши курашиш энг долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда.
Маълумотига кўра, дунёда ҳар йили 500 миллиондан ортиқ кибер ҳужумлар уюштирилади. Ҳар сонияда 12 нафар инсондан бири кибер маконда содир этилган ҳужумлар қурбонига айланади. Америка Қўшма Штатлари, Франция, Англия, Германия, Бельгия, Люксембург каби ривожланган давлатларда жиноятларнинг 60-65 фоизи кибер ҳужумлар орқали содир этилмоқда. Ўзбекистонда ҳам сўнгги уч йилда бу турдаги жиноятлар 8,3 бараварга кўпайиб, ҳозирда умумий жиноятчиликнинг қарийб 5 фоизига етган.
Кўриниб турибдики, кибиржиноятчиликка қарши курашиш ва уни олдини олиш тизимини яратиш Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида устувор мақсад сифатида белгиланиши унинг нақадар долзарблигидан далолат беради.
Кибержиноятчиликка қарши курашиш ва уни олдини олиш ҳақида гапиришдан олдин, кибержиноятчилик нима ўзи ва унга қарши курашиш нима учун бугунги куннинг долзарб мавзусига айланаётганлиги тўғрисида гапириш лозим бўлади.
Кибержиноятчилик деганда, глобал ахборот майдонида кибер макон билан боғлиқ содир этиладиган ҳар қандай жиноятларни тушуниш лозим.
2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида кибержиноятчиликнинг олдини олиш тизимини яратишда қуйидагилар асосий бажарилиши лозим бўлган вазифалар сифатида белгиланди:
Биринчидан, 2023–2026 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг киберхавфсизлик стратегиясини ишлаб чиқиш. Бунда, “UZ” домен зонаси Интернет-маконининг киберхавфсизлигини таъминлашнинг асосий йўналишларини ҳамда электрон ҳукумат, энергетика, рақамли иқтисодиёт тизимларини ва муҳим ахборот инфратузилмасига тааллуқли бошқа йўналишларни ҳимоя қилиш бўйича комплекс вазифаларни белгилаш;
Иккинчидан, кибержиноятчилик учун жиноий жавобгарликни қайта кўриб чиқиш;
Учинчидан, Ахборот майдонидаги киберҳужум ва таҳдидларни мониторинг қилиш тизимини янада такомиллаштириш. Бунда киберхавфсизликнинг Ягона тармоғининг техник инфратузилмасини кенгайтириш, “Кибернетикада инновациялар IT-парки” фаолиятини янада жадаллаштириш, IT-паркнинг ҳудудлардаги рақамли технологиялар ўқув марказлари негизида ёшларни киберхавфсизлик асослари бўйича ўқитилишини таъминлаш, ҳамда ҳар йили талаба ва ўқувчилар орасида киберҳужумлар аниқлаш бўйича республика миқёсида конкурслар ўтказиш назарда тутилади.
Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистонда барча соҳалари, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий соҳалар рақамлаштиришга ўтаётган бир даврда Интернет-маконининг киберхавфсизлигини таъминлашнинг асосий йўналишларини бегилаб берувчи киберхавфсизлик стратегиясини ишлаб чиқилиши лозим. Чунки барча соҳалар рақамлашиб электрон шаклга ўтар экан электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт тизимларига тааллуқли бошқа йўналишлар турли хил киберҳужумлар ва таҳдидларга учраши мумкин. Мазкур соҳаларнинг киберҳужумларга учраши эса мамалакатнинг турли хил соҳаларини издан чиқишига олиб келиши мумкин.
Дарҳақиқат, кибержиноятчилик учун жавобгарлик ҳозирги кундаги Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида етарлича қамраб олинмаганлиги учун илғор ривожланган хорижий давлатлар жиноят қонунчилиги ва амалиётини ўрганиб ҳозирги кундаги кибержиноятчиликка тегишли барча қилмишларни қамраб оладиган нормаларни амалдаги жиноят қонунчилигимизда мустаҳакамлаш мақсадга мувофиқ бўлади.
Ферузбек Худойқулов,
Тошкент давлат юридик университети доценти