ТДТУ Олмалиқ филиали раҳбарияти ҳамда мактаб директорлари битирувчилар ҳақида суҳбатлашди

    ТДТУ Олмалиқ филиалида филиал раҳбарияти Олмалиқ шаҳридаги 24 та умумий ўрта мактаби директорлари билан "Битирувчи -2024" мавзусида суҳбатлашди.

    Учрашувда филиал директори А.Самадов филиал фаолияти ҳамда филиалга бириктирилган Олмалиқ шаҳри ва ёндош ҳудудларда жойлашган мактаблар билан олиб борилаётган ҳамкорлик ишлари хусусида батафсил маълумот берди.

    Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари О. Абдиев таълим йўналишлари ва шакллари, ўтган йилги ва янги ўқув йилига режалаштирилаётган қабул квоталари, таълим учун яратилган шароитлар ҳақида, Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича директорнинг биринчи ўринбосари Б.Жамиев филиалда олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.

    Анжуман давомида филиал раҳбарияти ҳамда мактаб директорлари таълим ислоҳотлари, мавжуд муаммоларга муқобил ечимлар хусусида ўзаро фикр алмашдилар.

    Шундан сўнг мактаб директорлари Металлургия ва кимёвий технологиялар факультетининг ўқув ва илмий лабораториялари билан таништирилди. Янги замонавий лаборатория жиҳозлари ҳақида маълумотлар берилди.

    Олий таълим ва умумий ўрта мактаблар интеграциясини янада ривожлантириш давлатимизнинг таълим тизими олдига қўяётган асосий талаби экани, таълим ислоҳотларини самарали амалга оширишда тизимнинг барча бўғинлари ҳамжиҳатликда ишлаши зарурлиги таъкидланди.