Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури ўртасида “Ўзбекистонда биохилма-хилликни сақлаш миллий стратегиялари ва ҳаракатлар режалари (NBSAP) ва 7-Миллий ҳисоботни янгилашни қўллаб-қувватлаш бўйича GEF-8 дастури” лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида Битим имзоланди.
Ҳужжатга Экология вазири Азиз Абдуҳакимов ва БМТ Тараққиёт дастури "Nature Hub" директори Мидори Пакстон Ар-Риёдда бўлиб ўтаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси (UNCCD) Томонлар конференциясининг (COP16) 16-сессияси доирасида имзо чекди.
Лойиҳа Ўзбекистонга NBSAP'ларни яқинда келишилган Биохилма-хиллик бўйича Кунминг-Монреал глобал дастурига мувофиқлаштириш ва Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги конвенция ва Биохилма-хиллик бўйича Кунминг-Монреал глобал дастурининг миллий даражада самарали амалга оширилишини таъминлаш учун уларни қайта кўриб чиқиш ва янгилашда қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Бундан ташқари, лойиҳа ушбу ҳужжатларни амалга ошириш бўйича 7-Миллий ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим этишда республикага кўмак беради. 2024 йилнинг ноябридан 2027 йилнинг 30 июлигача амалга оширилиши режалаштирилган.
Маълумот учун, 2023–2024 йилларда БМТТД Ўзбекистонга биохилма-хилликни сақлаш бўйича янги миллий мақсадларни белгилашда кўмак кўрсатди. Ўзбекистон Марказий Осиёда миллий мақсадларни БМТнинг Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги конвенцияси доирасида расман нашр этган биринчи давлатга айланди.