Божхона брокери ҳамда халқаро курьерлик жўнатмаларини етказиб бериш фаолияти такомиллаштирилади

    Жорий йил 28 майда Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.

    Унда «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига божхона брокери фаолиятини ҳамда халқаро курьерлик жўнатмаларини етказиб бериш бўйича фаолиятни такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун дастлабки тарзда муҳокама этилди.

    Кейинги йилларда божхона маъмуриятчилигини янги босқичга олиб чиқиш, божхона ва юк операцияларини рақамли трансформация қилиш орқали инсон омилини кескин қисқартириш бўйича тизимли ишлар амалга ошириб келиняпти.

    Шу билан бирга, халқаро курьерлик хизматлари бозори кун сайин ривожланиб боряпти ҳамда истеъмолчиларнинг ҳозирги талабларига мослашишда кенг имкониятлар яратиш зарурати пайдо бўлди.

    Таҳлилларга кўра, 2021–2023 йиллар давомида халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали кириб келган жўнатмаларда 1 минг 723 та ҳолатда божхона қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган.

    Шунингдек, божхона брокери фаолиятни олиб бориш учун рухсатнома бериш тартиби 2018 йилда бекор бўлгандан сўнг, импорт ва экспорт фаолияти ҳужжатларини расмийлаштиришда етарли малакага эга бўлмаган мутахассислар (ихтиёрий шахслар) томонидан божхона декларацияларини хато тўлдиришлари оқибатида, божхона тўловларини нотўғри ундириш ҳолатлари кўплаб учраяпти.

    Қонун билан божхона брокери ва халқаро курьерлик жўнатмаларини етказиб бериш бўйича фаолиятни бошлаш ёки тугатиш учун ваколатли органни хабардор қилиш тартиби белгиланяпти.

    Яъни ваколатли органларни хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолият турлари қаторига қўшимча равишда божхона брокери сифатида фаолиятни амалга ошириш ва халқаро курьерлик жўнатмаларини етказиб бериш фаолияти киритиляпти.

    Ваколатли органни хабардор этмасдан фаолиятни амалга оширганлик, шунингдек хабардор қилиш тартибида фаолият юритиш учун белгиланган талаблар ва шартларнинг бажарилганлиги юзасидан ваколатли органга ёлғон ёки нотўғри маълумотлар берганлик учун эса жарималар белгиланяпти.

    Муҳокамадан сўнг Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.