Ўқувчиларнинг ёзги таътил даврида мароқли дам олиб, бўш вақтларини мазмунли ўтказишида соғломлаштириш оромгоҳларининг ўрни беқиёс. Ёзги оромгоҳлар жисмоний фаоллик, ижтимоий ўзаро таъсир, шахсий ўсиш ва ўйин-кулгини ўзида мужассам этади. Бу эса болаларнинг ҳар томонлама ривожланиши ва фаровонлиги учун қимматлидир. Шу боис ёзги соғломлаштириш мавсумига ҳар йили ўзгача тайёргарлик кўрилади.
«Ўзметкомбинат» АЖда металлургларнинг фарзандлари учун қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Металлурглар фарзандларининг «Соҳил» болалар соғломлаштириш оромгоҳида мароқли дам олишлари учун барча шарт-шароит яратилган. Ёз фаслида беш мавсумда фаолият кўрсатувчи оромгоҳнинг бир мавсуми 12 кундан иборат. Ҳар бир мавсумда оромгоҳ 140 нафар ўғил-қизни ўз бағрига қабул қилади. Мавсум якунига қадар 700 нафар бола дам олиб соғломлаштирилиши режалаштирилган. 12 июнь куни «Ўзметкомбинат» АЖ ва комбинат Бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган бу болалар соғломлаштириш оромгоҳида биринчи мавсумда бошланди.
Ёзги оромгоҳ экологик тоза ҳудудда жойлашгани болалар саломатлиги учун муҳим аҳамиятга эга. Мавсум давомида болажонларнинг вақтларини мазмунли ўтказиш учун бу ерда турли кўнгилочар танловлар ташкил этилади. Шу билан бирга, болалар инглиз тили, робототехника ва компьютер технологиялари тўгаракларида шуғулланади.
«Соҳил» оромгоҳига ўз ишига сидқидилдан ёндашадиган педагог-тарбиячи, етакчи, тўгарак раҳбарлари, ички ишлар ходимлари жалб этилди. Тиббиёт ходимлари болалар саломатлигини назорат қилиб борса, етакчилар турли қизиқарли ўйин ва мусобақалар билан уларнинг вақтини мароқли ўтказишга ёрдамлашади. Ошпазлар эса мазали таомлар тайёрлаб, келажагимиз эгаларининг жисмоний камолотига ҳисса қўшадилар. Асосийси, болаларнинг мириқиб дам олиши, кўнгилли ҳордиқ чиқариши учун барча шароит яратилган. Улар оромгоҳларда ўзаро дўстлашади, қалблари бир олам завққа тўлиб, янги ўқув йилига бой таассуротлар билан қайтадилар.
«Соҳил» ёзги болалар соғломлаштириш оромгоҳида 26 июндан иккинчи мавсум бошланади.
«Ўзметкомбинат» АЖ Ахборот хизмати.
Реклама