Ёз - ўтмоқда соз

    Айни кунларда "Ёзни Камалак билан!" лойиҳасининг 3-босқичи ўтказилмоқда.

    Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Наманган вилояти кенгаши “Камалак” болалар ташкилоти томонидан вилоят бўйлаб (туман, шаҳарларда, маҳаллаларда, болалар соғломлаштириш оромгоҳларида) “Ёзни Камалак билан!” лойиҳаси бутун ёз фасли давомида ташкил этилиб, ҳозиргача ўз атрофига 47 мингдан зиёд ёшларни жамлади.

    Мазкур лойиҳа доирасидаги “Қувноқ викторина”, “Мен юлдузман”, “Қувноқ эстафета”, “Ранглар жилоси”, “Эртакчи болажон”, “Дастурчи болажон”, “Болалар лигаси”, “Зукко китобхон”, “Асфальтга расм чизиш”, “Болалар шахмат тахтаси”, мотивацион учрашувлар, флешмоблар, “Заковат” интеллектуал ўйини, “Менинг “Камалагим” каби лойиҳалар, стол тенниси ва бошқа спорт мусобақалари ёшларда катта таассурот қолдирмоқда.

    Таъкидлаш жоизки, ёзги таътил бошланибоқ “Ёзни Камалак билан” лойиҳасига республикамизнинг ҳамма ҳудудларида бир вақтда старт берилди. Наманган сардорлари ва фаол ёшлари ташаббусига биноан жамики болаларни имкон даражасида қамраб олиш, бўш вақтларини мазмунли йўлга қўйиш мақсадида ўзгача тартибда, яъни 3 босқичда амалга ошириш белгиланди. Лойиҳанинг 1-босқичини вилоятдаги кундузги оромгоҳларда, 2-босқичини маҳаллалардаги болалар ва давлат мактабгача таълим ташкилотларидаги тарбияланувчилар иштирокида 20 дан ортиқ қизиқарли, энергизер ва спорт мусобақалари уюштирилди.

    Айни кунларда эса лойиҳанинг 3-босқичи кетмоқда. Охирги босқичга соғломлаштириш оромгоҳларидаги болалар йўналтирилган. Хусусан, Чуст тумани, сўлим Ғова қишлоғида жойлашган “Меҳржон”да ҳар мавсумда 400 нафар бола дам олади. Яқинда шу масканда “Ёзни Камалак билан” шиори остида махсус тадбир қилинди.

    Ниятимиз ўғил-қизларимизнинг билимини бойитиш ва ақлий салоҳиятини янада юксалтиришдан иборат. Бундай эзгу саъй-ҳаракатлар ватанпарварлик, дўстлик ва тинчлик туйғуларини кучайтиришда аҳамиятлидир. Барча лойиҳаларда фаол қатнашган ва ғолибликни қўлга киритган болалар Ёшлар иттифоқи Наманган вилояти кенгаши масъуллари тарафидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

    “Ёзни Камалак билан” лойиҳаси август ойининг сўнгига қадар давом этади.

    Анасбек ҲАМРАБОЕВ,

    Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Наманган вилояти кенгаши “Камалак” болалар ташкилоти раиси