Ёзги таътил ҳам мароқли, ҳам мазмунли ўтмоқда

    Бўш вақтда 7 август 2023 2495

    Хоразм вилоятида 29 та ёзги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари фаолияти йўлга қўйилган. Уларда 11 минг нафардан зиёд ўғил қизларнинг соғломлаштирилиши назарда тутилган.

    Оромгоҳларда таълим-тарбия сифатини, спортнинг оммавийлигини, китобхонлик маданиятини оширишга алоҳида аҳамият қаратиляпти. Дам олувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш учун 5 ташаббус доирасидаги тўгараклар иш юритмоқда.

    Менинг ўзим бир неча йиллардан бери оромгоҳларда тарбиячи, етакчи, бош етакчи лавозимларида ўз иш юритиб келар эдим. Бу йил Хонқа туманидаги “Соғлом авлод” болалар ёзги дам олиш ва соғломлаштириш оромгоҳида оромгоҳ раҳбари вазифаси юклатилди.. Бунда малакали педагоглар, ҳамкор ташкилотлар вакилларининг тажрибаларга таянган ҳолда, фаолиятимизни йўлга қўйганимиз асқатяпти.

    Оромгоҳда болажонлар учун барча шарт–шароит яратилган. Ҳар бир боланинг ривожланиши, саломатлигига алоҳида эътибор қаратилиши, машғулотларнинг қизиқарли ўтиши эса уларнинг ҳам ақлан, ҳам жисмонан соғлом бўлиб улғайишларини таъминлаяпти. Хусусан, гуруҳлар ўртасида мунтазам равишда “Заковат” интеллектуал ўйинлари, турли хилдаги касб-ҳунар тўгараклари, спорт мусобақалари мунтазам равишда ташкил этиляпти. Юртимизнинг қадим масканлари, очиқ осон остидаги музей шаҳар Хивага саёҳатлар уюштириляпти. Қолаверса, масканимиз ҳудудимизнинг энг сўлим ва баҳаво жойида жойлашган.

    Яна бир эътиборли томони, оромгоҳимизга иқтидорли талабаларни жалб қилганмиз. Урганч давлат университетининг Маркетинг ва талабалар амалиёти бўлими билан ҳамкорликда ўтказилган суҳбатлар асосида 4 навбатда 28 нафар ёш бош етакчи, тарбиячи, мусиқа раҳбари, спорт мураббийси лавозимларида ишлаши йўлга қўйилган.

    Улар мавсум давомида 500 га яқин мактаб ўқувчиларининг, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикасининг Шуманай туманидан келган 100 нафар боланинг ҳам мазмунли ҳордиқ олишига ҳисса қўшиб, қизиқишлари ва интилишларига мос машғулотлар олиб боришяпти. Ташкил этилган тўгараклар фаолиятининг яхши йўлга қўйилгани талабаларнинг бўлажак касбларига бўлган меҳрдан, орттирилаётган кўникмалар эса, уларнинг иқтидоридан далолат бериб турибди.

    Маркетинг ва талабалар амалиёти бўлими раҳбари, устозимиз Қаҳрамон Йўлдошевнинг талабаларнинг зўр иштиёқ билиб ишлаётгани, ишончимизни оқлаётгани бизни жуда қувонтирди, деган сўзларидан жуда мамнун бўлдик. Чунки, улар бир томондан педагогик маҳоратларини, тажрибаларини оширган бўлсалар, иккинчи томондан моддий жиҳатдан ҳам рағбатлантириб келиняпти.

    Ёз кунларини тенгдошлари ва янги дўстлари даврасида ўтказаётган болажонларнинг қувончи ҳам чексиз. Бу эса, уларнинг яқинлашиб келаётган янги ўқув йилини ҳар жиҳатдан кучга тўлиб, завқ билан бошлашларига катта имконият яратаётганини кўрсатади.

    Мавжуда ПЎЛАТОВА,

    Хоразм вилояти Хонқа туманидаги

    “Соғлом авлод” оромгоҳи директори