Ижтимоий тармоқларда Экология, атроф-муҳитни мухофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдухакимовнинг жорий йилнинг 4 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида “Яшил макон” лойиҳасини амалга оширилиши мониторингида аниқланган камчиликлар юзасидан қилган маърузаси тарқалди.
Маърузада вазир “Яшил макон” лойиҳаси доирасида икки миллиондан ортиқ экилмаган кўчатларни ҳисоботга “экилди” деб қўшиб ёзилган, суғориб бўлмайдиган жойларга 7,3 миллион туп ниҳол ўтқазилган, экилган 1,8 миллион туп кўчатни сақлаш ва парваришлаш учун тегишли масъуллар белгиланмаган. Жумладан, Навоий вилоятида 959 минг, Тошкент вилоятида 564 минг, Фарғона вилоятида 465 минг, Қашқадарё вилоятида 227 минг туп экилмаган дарахт кўчатлари ҳисоботга "экилди" деб қўшиб ёзилган.
Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур ялпи мажлисда Бош прокуратуранинг Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи Ўктам Ўтаев иштирок этиб, маърузада келтирилган камчиликлар Бош прокуратура томонидан алоҳида назоратга олинган.
Ҳозирда Бош прокуратура ва вазирлик мутахассисларидан иборат тузилган ишчи гуруҳ ҳолатга қонуний баҳо бериш ва айбдор шахсларга нисбатан тегишли чора кўриш юзасидан ўрганиш ишларини бошлади.