Интеллектуал мулк департаментининг хабар беришича, халқимиз орасида “Абдуссамий” тахаллуси билан билан танилган шоир Шоҳруҳ Абдувоҳидовга тегишли “Қизғанаман”, “Сўнгги нафасгача”, “Соғиндим ёмон” ҳамда “Дилдора” номли шеърлар хонанда Ботир Қодиров томонидан ҳуқуқ эгаси рухсатисиз ҳамда тегишли тартибда муаллифлик ҳақини тўламасдан фойдаланилган.
Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177 прим 1-моддаси билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилиб, тегишли судга юборилди.
Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг қарорига кўра, ҳуқуқбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 177 прим 1-моддасининг иккинчи қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 8 (саккиз) баравари миқдорида – 3 000 000 (уч миллион) сўм жарима жазоси тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, Ботир Қодировда бу биринчиси эмас. Аввалроқ шоир “Шамсиддин Садоий“нинг Адлия вазирлигига қилган мурожаати асосида “Давлатинг борида“, “Омонат“ ва “Тингла дўстим“ номли шеърлари хонанда Ботир Қодиров томонидан ҳуқуқ эгаси рухсатисиз ҳамда тегишли тартибда муаллифлик ҳақини тўламасдан фойдаланилганлиги аниқланиб, Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг қарорига кўра, ҳуқуқбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 177 прим 1-моддасининг биринчи қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 (беш) баравари миқдорида – 1.875.000 (бир миллион саккиз юз етмиш беш минг) сўм жарима жазоси тайинланган эди.








