29 апрель куни Тошкент вилояти Экология бошқармаси Сирдарё сув ҳавзаси шўбаси инспекторлари томонидан Сирдарё дарёсининг ўнг қирғоғида назорат тадбирлари ўтказилди. Шундай тадбирлардан бирида инспекторлар браконьерлар ҳужумига учради.
Маълум бўлишича, рейд давомида Сирдарё дарёсининг Оққўрғон туманидан оқиб ўтувчи ҳудудида инспекторлар номаълум фуқаролар томонидан тақиқланган қуроллар, яъни лескали тўр, моторли қайиқ ёрдамида балиқ овланаётгани ҳолатига дуч келишади.
Сирдарё сув ҳавзаси шўбаси бошлиғи Д. Зоҳидов ва бош давлат инспектори Т. Бўриев ҳуқуқбузарлик ҳолатига чек қўйиш мақсадида ноқонуний балиқ овлаётган фуқароларни ёнига қайиқ билан боради. Аммо шу пайтда ҳуқуқбузарлар инспекторларга ҳужум қилиб, уларни сувга итариб юборишади.
Шунингдек, браконьерлар инспекторларни сувга чўктириш мақсадида резина қайиқни ёришади. Бундай ҳолатда қандай йўл тутишни билган инспекторлар эса дарёни қирғоғига сузиб чиқишади. Буни кўрган ҳуқуқбузарлар инспекторларни ҳақоратлаб, ов қуролларини олиб, қочиб кетишади.
Мазкур ҳолат бўйича ҳуқуқбузарларнинг шахсига аниқлик киритиш ҳамда ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида тегишли ҳужжатлар Тошкент вилояти прокуратураси ва вилоят ИИБга юборилди.