Ҳар йили Халқаро олимпия қўмитасига аъзо бўлган 205 давлатда ушбу санага бағишланган спорт ва гўзаллик байрамларида миллионлаб инсонлар иштирок этишади. Аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш орқали жисмоний тарбия ва спортга бўлган меҳрни янада юксалтиришга хизмат қилаётган «Олимпия куни» мамлакатимизда кенг нишонланиши анъанага айланган
Коронавирус сабаб бу йилги спорт тадбирлари мамлакатимизда ўзгача тарзда ўтказилмоқда. Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси томонидан 20 июндан пандемия шароитидан келиб чиққан ҳолда катта онлайн мулоқот билан бошланган тадбирларда номдор спортчилар, мутахассислар ва мураббийлар, санъат олами вакиллари бир-бирларини “Олимпия куни” билан қутлашди. Жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш инсон саломатлиги учун не чоғли фойдали экани яна бир карра таъкидлаб ўтилди.
Тадбир давомида «Виртуал югуриш мусобақаси»га старт берилди ва бугунги кунга қадар мазкур онлайн мусобақада 500 га яқин юртдошларимиз иштирок этишди. Таъкидлаш лозимки, мазкур лойиҳада мамлакатимиздан етишиб чиққан жаҳон спортининг ёрқин вакилларининг иштирок этиши унга бўлган қизиқишни янада оширди.
Қолаверса, ушбу санага бағишлаб ҳудудларда енгил атлетика, тош кутариш, каратэ, таэквондо, велоспорт, камондан ўқ отиш, эшкак эшиш йўналишлари бўйича онлайн мусобақалар ташкил қилинмоқда. Бу эса мусобақаларга чанқоқ ёшларнинг руҳиятини оширишга, маҳоратли спортчилар етишиб чиқишига, қолаверса аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини янада ривожлантиришга туртки бўлмоқда.









