Қайд этилишича. "Хирургия хизматини трансформация қилиш, ҳудудларда жарроҳлик амалиётлари сифатини ошириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарорида жорий йил якунига қадар барча ҳудудларда буйрак трансплантацияси амалиётини йўлга қўйиш кўзда тутилган эди.
Унга асосан, ҳозир юртимизнинг деярли барча вилоятларида шундай амалиёт ўтказилмоқда. Хусусан, Фарғонада академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг малакали мутахассислари ва маҳаллий шифокорлар ҳамкорлигида буйрак трансплантацияси муваффақиятли амалга оширилди. Унда риштонлик 24 ёшли бемор М.А.га 48 ёшли онаси М.А.нинг бир буйраги кўчириб ўтказилди.
Пойтахтдан келган малакали жарроҳ, тиббиёт фанлари доктори, профессор Фазлиддин Фахриддинов бошчилигида бажарилган мазкур амалиёт қарийб 3 соат давом этди.
— Бемор бир неча йилдан буён юқори қон босими, иштаҳа пасайиши, пешоб йўлидаги хасталиклардан жиддий азият чекиб келган, — дейди вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Одилжон Умаров. — Ўтказилган тиббий текширувлар натижасида унга сурункали гломерулонефрит ва иккиламчи буйрак етишмовчилиги ташхиси қўйилган. Айни вақтга келиб, ташхис терминал босқичга ўтгани сабабли уни ҳаётга қайтаришнинг ягона усули сифатида буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти тавсия этилган. Шу боис донорлик учун беморнинг барча оила аъзолари таҳлил натижалари олиниб, онаси М.А.нинг кўрсаткичлари донорлик учун мос келди. Бир йиллик тайёргарликдан сўнг ушбу амалиёт муваффақиятли бажарилди.
Худди шандай амалиёт куни кеча Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалида ҳам ўтказилди. Косонлик 45 ёшли бемор аёл Х.Ҳ. 13 йилдан буён сурункали гломерулонефрит касаллигидан азият чекиб келади. Саккиз ойдан буён гемодиализ муолажаларини олиб келаётган беморга турмуш ўртоғи бир буйрагини берди. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази хирургия бўлими бошлиғи, тиббиёт фанлари доктори, профессор Фарҳод Хаджибаев раҳбарлигидаги гуруҳ ва маҳаллий мутахассислар иштирокида ўтказилган операция муваффақиятли бажарилди. Қашқадарё вилоятида илк буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти жорий йилнинг март ойида бажарилган эди.
Эслатиб ўтамиз, юртимизда 2018 йилдан бошлаб буйрак трансплантацияси амалиётлари йўлга қўйилди. Илгари жуда қиммат нархда фақат хорижда ўтказиб келинган бундай операциялар эндиликда вилоят марказларида ўтказиладиган амалиётлар қаторидан жой олмоқда.