Гулистон туманининг Аҳиллик маҳалласида истиқомат қилаётган, 1976 йилда туғилган Акромжон Маматқуловга ўткир буйрак етишмовчилиги ташхиси қўйилиб, Гулистон тиббиёт кластерининг нефрология ва гемодиализ бўлимига йўлланма беришди. Аммо, бора-бора гемодиализ муолажалари ўз самарасини бермай қўяди.
Шунда, унинг 1974 йилда туғилган опаси Гулбаҳор Мухторова укаси Акромжонга бир буйрагини беришга қарор қилади. Маълум бир текшириш, шифокорлар хулосасидан сўнг, буйрак трансплантацияси билан боғлиқ юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Бу ҳақида Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Амалиёт Гулистон тиббиёт кластерида ўтказилиб, В.Ваҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказ хирурглари, сирдарёлик хирурглар ҳамроҳлигида олиб борилди.
Айни вақтда опани, қолаверса, Акромжонни саломатлиги анча яхши. Улар ўз уйида, фарзандлари олдида, шифокорлар назорати остида даво муолажаларини оляпти.
— Рости, жондек жигарингни кундан-кунга сўлиб боришини кўргач, на кўзингга уйқу келади, на бир қултум сув томоғингдан ўтади, — дейди Гулбаҳор Мухторова. — Кўп ҳам ўйлаб ўтирмадим, укам, унинг гулдек фарзандлари кўз ўнгимдан ўтавергач, бир буйрагимни беришга қарор қилдим. Кўриб турганингиздек, укам, укажоним соғ-саломат. Опа учун ҳар нарсадан кўра, жигарини саломатлиги муҳимроқ. Бунинг учун шифокорларга раҳмат. Улар ёрдами сабаб, мен укамга, укам саломатликка эришди.
Энг асосийси, харажатлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилди.