Буюк халқ тенгламаси

    Миллий давлатчилигимизнинг 3000 йиллик тарихий йўли бир маромда кечмагани яхши маълум. Унинг ҳар бир босқичи ўз хусусиятларига эга бўлган ва шундай бўлиши ҳам табиий.

    Тарихий қонуниятлар эса уларни англаш, ўрганиш ва хулосалар қилиш орқали туғилади. Шу маънода, Президентимиз жорий йил 11 октябрь куни ўтказган йиғилишда қатнашар эканмиз, қисқа даврда туриш-турмушимиз қанчалар ўзгаргани, қараш ва мўлжалларимиз, ҳаётдан муддаоларимиз, ечишга киришган муаммоларимизнинг кечаги ва бугунги сифати, кўлами, келажаги ўртасидаги фарқ ер билан осмончалик бўлиб бораётгани ҳақидаги ўй ва таҳлиллар қуйилиб келаверди. Негаки 2016 йил сўнгги чорагига қадар кечган салкам юз йил ичида одатда ўзбекнинг бутун кузи, айниқса, октябрь ойи ўрталарида кун тартибида асосан битта масала турарди: пахта!

    Мустақиллигимиз тикланиб, жадидчилик бир сидра жонлангандек бўлиб, Абдулла Авлонийнинг тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир чақириғини турли минбарлардан бемалол жаранглатолсак-да, аслида бизнинг кузак ҳаёт-мамотимиз пахталигича қолаверганди. Ундан муҳимроқ, ташвишлироқ, қалтисроқ мавзу бўлмасди, бўлиши ҳам мумкин эмасди. Бирон иш, ишкал чиқиб қолса, тўхтаб тур, пахта ўтсин кейин, ҳозир бу ҳеч кимга ёқмайди, ишқилиб об-ҳаво туриб берсин-да, болаларимиз пахтадан қачон қайтаркин, қабилидаги гап-сўзлар тинмас эди. Бугун-чи, бугун?

    2023 йил кузининг қирқ иккинчи кунида бўлиб ўтган тадбирда юртимизда сайёҳлик соҳасини янада ривожлантириш, меҳмонхоналар сонини ошириш, Мадрид, Бахмалга учоқларни йўлга қўйиш, 56 та замонавий самолёт ва 36 та тезюрар поезд сотиб олиш, аэропортларни хусусий бошқарувга бериш, сайёҳлик бўйича етук мутахассислар тайёрлаш, Сурхондарёдаги буддавийлик ёдгорликларига чет элликларни жалб қилишни кучайтириш, Бухорода ҳам “Боқий шаҳар” барпо этиш, 16-20 октябрь кунлари Самарқандда БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWTO) Бош ассамблеясининг 25-йиғилишини ўтказиш, яқин келажакда “Шарқ тароналари”ни Ахсикентда уюштириш, Андижонда Заҳириддин Муҳаммад Бобур музейини катталаштириш, буюк бобомизга атаб боғ барпо этиш, 85 миллионта кўчат экиш, узумзор, тутзорлар яратиш, тарих, маданият, кино, миллий давлатчилик каби — Янги Ўзбекистонимиз учун “ҳаёт-мамот” эмас, балки бемалол қилса бўладиган, ўтган қисқа муддатда мазкур йўналишларда мақтаса арзигулик ишлар ҳам бажариб қўйилган масалалар ҳақида сўз кетди.

    Агар шундан кейин — октябрь ойининг охиригача юз берган муҳим воқеалар — давлатимиз раҳбарининг Бишкек ва Пекин сафарлари, Самарқанддаги йирик халқаро тадбирдаги қатнашуви, Тошкентда қурилиш ва ободончилик ишлари билан танишиш, “Яшил макон” лойиҳасининг галдаги мавсумини бошлаб бериш билан боғлиқлиги, айниқса, шуҳрати “энг кўп пахта бериши” билан ўлчаб келинган Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида пахта йиғим-терими мавзуси тилга олиниши у ёқда турсин, ҳатто эсланмагани кўзда тутилса, миллатимиз туриш-турмушидаги чиндан ҳам кескин сифат ўзгаришларнинг аҳамияти янада ойдинлашади, албатта.

    Янги Ўзбекистон бошқа кўпчилик қатори узоқ йиллар чет элга чиқишдан мосуво бўлиб келган камина учун ҳам ўзга юртларга бориш, ҳамкасблар билан учрашиш, дунёни кўриш бахтини берди, десак ошириб юбормаган бўламиз. Кейинги йилларда жаҳоннинг қатор илмий, таълим ва маданият муассасалари билан изчил ҳамкорлик ўрнатаётган институтимиз олдида турган вазифалардан бири хорижий давлатларда сақланаётган, халқимиз ўтмишига оид бирламчи манбаларни топиш, ўрганиш ва илмий муомалага киритишдан иборатдир. Бу ҳақида сўз кетганда, одатда Эрон, Туркия, Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон, араб давлатлари, Буюк Британия, Франциянинг бу борадаги имконлари кўз ўнгимизга келишига ўрганиб қолганмиз. Ҳолбуки, Хитой, Мўғулистон, Япония, Испания, Италияда ҳам бизга тегишли манбалар борлигига ҳеч қачон шубҳа бўлган эмас. Бироқ у ерларга етиб бориш ушалмас орзу бўлиб қолаверган.

    Испания ташқи ишлар вазирлиги қошидаги Осиёни тадқиқ этиш ташкилоти (Casa Asia) ва Кадиз университети томонидан шу йилнинг 22 сентябрида уюштирилган 11-Осиё тадқиқотлари учрашувига таклифга кўра, Руи Гонсалес Клавихо юртига отландик. Бугун ҳеч кимда саволу ҳайронлик туғдирмайдиган, оддийлик касб этиб улгурган ушбу ҳолат баҳона кечаги кунимиз ҳақиқатларидан бирига тўхталмасдан ўтолмаймиз.

    Пахта азиз, олиму ўқитувчи хор бўлган ўтмиш дамлар ва давримизни эндиликда биров ёдга олса олади, бўлмаса, йўқ. Билиб-билмасдан, масала моҳиятини тушуниб-тушунмасдан илмий фаолиятни “грант” тизимига “ўтказиб” қўйишнинг аянчли оқибатларига ҳалигача баҳо берганимиз йўқ. Иккитагина мисол билан чекланамиз. Битта “грант” доирасидаги битта иш ўрнига бир неча киши илиниб олиб, кун кўришга мажбур бўлгани энди чўпчакдек туюлади. Бироқ ўша кезлари олимнинг 0,15 улушда ишлашидек шармандачилик ҳеч кимни ажаблантирган эмас. Бўлмаса “прописка” ололмаган, ижтимоий хизматлардан фойдаланолмаган, боласини боғча ёки мактабга беролмаган, шифокорга кўрсатолмаган.

    Чет элларга илмий сафарларни айтмаса ҳам бўлади. Ташқаридан келган таклифларнинг қанчаси “юқори ва тегишли ташкилотлар”дан ўтмагани боис, хорижга чиқиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайдиган ютуқ саналарди. Бу борада омади чопганларнинг кўпчилиги эса таклиф этувчининг “қўли”га қараб қолганини ҳам, бунинг оқибатларини ҳам яширмаслигимиз керак. Пулини тўлагандан кейин ашуласини ҳам айттиради-да. Мустамлака босқичимизда “марказ”га сажда қилган бўлсак, энди четдан ким сийлаб чақирса, ўшани дуо қилишга ўтганимиз, мазкур аянчли аҳволимиз асоратларининг салбий таъсири бугун ҳам жиддийлигини тан олишимиз керак...

    Шу маънода, Янги Ўзбекистонга хос бўлган сифатлардан бири ҳам олимларимизнинг қадр-қиммати юксалтирилиб, илм аҳлининг фақат ижод билан машғул бўлиши учун барча шарт-шароитлар яратиб берилгани билан боғлиқлигини баралла айтишдан ҳеч қачон чарчамаслигимиз керак! Айнан сўнгги йилларда олимларимиз даромади уч марта ва кескин оширилди. Бугун институтимизда бир иш ўрнининг 0,5 улушида ишлаётган магистрларнинг бир йиллик соф даромади магистратура тўловининг икки йиллигини қоплашга етиб, қолганига шу кунларда Истанбулга бир ҳафталик саёҳатга бориб келса бўладиган даражада эканини барча билиши ва қадрлаши керак!

    Илмий салоҳияти юқори, яратиб берилган имконлардан унумли фойдаланаётган, қўшимча лойиҳаларда қатнашиб, таълим тизимига тортилган ишчан ходимларимиз орасида долларда ҳисоблаганда, ойига минг, бир ярим минг, икки мингдан ортиқ даромад топаётганлари ҳам борлиги яқин-яқингача тушга ҳам кирган эмас. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ажратилаётган турли манбалар, инстутимиз ҳисобидан чет элларда малака ошириш, кутубхона ва архивларда ишлаш, илмий йиғинларда қатнашиш имконига эга ходимларимиз сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. Ҳомийларимиз қўллашлари билан ўзимиз лозим топган хорижлик олимларни юртимизга чорлаб, келиб-кетмоғи, турмоқ-емоғини қоплашни ҳам эплаяпмиз.

    Илмий муассасаларни моддий жиҳатдан ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсати натижасида олимларимиз чет элликлар олдида тили қисиқликдан қутулганини қанча урғуласак, шунча оз. 11-Осиё тадқиқотлари учрашуви ўтказилган Кадиз шаҳрига бориб-келиш ва шу баҳона Туркия, Испания ҳамда Италиянинг бир қатор шаҳарларида бўлиб, у ерлик ректорлар, олимлар, ноширлар, журналчилар билан шахсан учрашиш, уларда бор ва тарихимизни тўлақонли ёритишимиз учун зарур манбалар бўйича илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш, мутахассислар тайёрлаш, тарғибот масалалари юзасидан бирламчи келишиш, архив ва музейлари билан танишишни ўз ичига олган ўн олти кунлик илмий сафар харажатларини кўтаришга бугун институтимиз қодирлигининг ўзиёқ мамлакатимизда илм-фанга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг ёрқин далилидир.

    Сафаримиз давомида давлатимиз раҳбарининг, “бизнинг ота-боболаримиз ҳеч кимга эргашган эмаслар, балки эргаштирганлар — биз эргашувчи эмас, эргаштирувчи халқмиз”, сўзларини кўп марта эслашга тўғри келганини ҳам урғулаган бўлардик.

    Гап шундаки, биз Пиреней дея ўрганиб қолганимиз, аслида эса Иберика (Iberica) аталмиш яриморолнинг Андалус ўлароқ таниқли ва бутун бошли жанубий бўлаги 711-1492 йиллари, яъни салкам саккиз юз йил мусулмон сулолалар бошқарувида бўлган ва, демак, Шарқ, айниқса, Биринчи ва Иккинчи Уйғониш даврлари илмий-маданий ютуқларини тўла ўзлаштиришга эришган. Бу борада Тўледў (Toledo) тилмочлик мактаби алоҳида ўрин тутганини мутахассислар яхши билади. Атамасининг келиб чиқиши арабчада булоқ, ирмоқни билдирувчи “мажра” (مجري (сўзи билан ҳам боғланадиган Мадриднинг жануби-ғарбида ўрнашган Тўледў вилояти ва шаҳри ҳам мусулмонлар қўл остида эди. 1085 йили уни эгаллаган испанлар ушбу ҳудудда сақланаётган, араб тилида битилган юз минглаб қўлёзма китобларнинг соҳибига ҳам айланган. Улар орасида ўзбекнинг улуғлари — Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Ибн Синонинг ҳам шоҳ асарлари бўлгани жуда яхши маълум. Ўзларига бутунлай нотаниш саналган, математика, астрономия, тиббиёт, фалсафага оид бундай бебаҳо меросга дуч келган европаликлар уларни лотин ва эски испан тилларига ўгиришни бошлаб юборган. Шу тариқа, у ердан Европага ўнлик саноқ тизими, алгебра, алгоритм, осмон жисмлари, тиббиёт ва фалсафа бўйича энг илғор кашфиётлар, таълимотлар, назариялар, қўлланмалар тарқала бошлаган, кейинги беш-олти юз йил ичида қитъа университетларининг минглаб ёшлари айнан бизнинг улуғ боболаримизга эргашиб, пишиб, ўз мамлакатлари илм-фан пойдеворини яратиб борган.

    Андалус ўлкасининг тезгина ва катта кўламда кўзга ташланадиган яна бир жиҳати унинг ҳам тарихий, ҳам замонавий меъморчилигига Шарқнинг ўта кучли таъсири бўлгани ва бугун ҳам борлиги билан боғлиқ. Бутун дунёдан келган ва маҳаллий сайёҳларни ўзига тортадиган энг асосий ёдгорликлар айнан мусулмон ҳукмдорларининг қўрғонлари, саройлари, боғлари ҳамда масжидларидир. Энг эътиборлиси, уларнинг безакларида Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон тарихий ёдгорликларига хос ҳандасавий ва исломий нақшлар, бўёқлар, устачилик ишлари чексиз учрайди. Шунинг учун ҳам бўлса керак, уларни қизиқиш билан томоша қилдик, аниқроғи, ўргандик, бироқ ҳайратга тушганимиз йўқ.

    Барселона, Рим, Милан ҳам оғзимизни очириб, сўлагимизни оқизолмади дея оламиз. Колизей, Рим харобалари, Саграда Фамилийа, Дуўмў тарихий черковлари, кўприклари ҳам лол қолдиролмади. Негаки, қанчалар маҳобатли бўлмасин, уларда бизнинг тарихий ёдгорлигу мажмуаларимиздагидек гўзаллик ва дид, маҳорат ва уйғунликни кўрмадик. Шунда ўтган йили Истанбулдаги Тўпқопи саройига кириб бораётганимизда туркиялик бир ҳамкасбимизнинг бу ер барибир Самарқанд, Бухоро, Хива ва Кешдаги ёдгорликларга тенг келолмайди, дегани каминанинг кўнгли учунгина бўлмаганини эсладик. Бироқ бир нарсага тан бердик.

    Аввало, ҳар кимнинг ўз юрти, тарихи, маданияти, дини — борлиғию мероси ўзига азиз! Туркия, Испания, Италия халқлари ҳам бундан мустасно эмас. Уларнинг аждодлари, чиндан ҳам, кўзкўз қилса арзигулик тарихий-маданий бисот қолдирган. Ушбу бой ва ранг-баранг бисот кўз қорачиғидек асраб-авайланаётганини ҳам кўрдик. Энг асосийси, улар уни ўта юксак, ҳар томонлама пишитилган маҳорат ва пардоз билан бутун дунёга кўрсата олмоқда! Уларнинг биздан бирдан-бир устунлиги ҳам мана шундалигига гувоҳ бўлдик.

    Масалан, Рим салтанати асосчиси Октавиан Август (милоддан олдинги 63 — милодий 14 йиллар) яшаган, сувоқлари тўкилиб кетган, айримларидагина жиндеккина рангли нималардир сақланиб қолган, атайин ярим қоронғулик тусини бериш орқали салобати бўрттирилган, турли тўсиқларию тақиқли ёзувлари борлиги билан одамдаги қизиқишни кучайтирадиган бир неча хонани кўриш учун яхшигина ақча тўлашга тўғри келди.

    Шу ўринда, ҳақли савол туғилади: Туркия, Испания, Италияда шахсан кўрганимиз — археология ва меъморчилик тарихий ёдгорликларига келаётган одамларнинг кети узилмаслигининг бош сабаби нимада? Бунга жавобни йиғилишда лўндагина қилиб айтилган мана бу сўзлардан топамиз: биз бор тарихимизни ҳам кўрсата олмаяпмиз, сайёҳлик бўйича бутун дунёга жар солишимиз керак, сайёҳлик ишининг билимдонлари бўлган олий даражадаги мутахассисларни тайёрлашимиз лозим!

    Чиндан ҳам, буюк тарихимиз, тенгсиз маданиятимиз, оламшумул кашфиётларимиз бўла туриб, уларни бутун оламга тўлақонли кўрсата олмаётганимиз бор гап! Шу маънода, сўз кетаётган тадбирда Сурхондарёдаги буддавийлик ёдгорликларига Шарқий ва Жануби-шарқий Осиё мамлакатлари аҳлини жалб этиш масаласи кўндаланг қўйилганини ҳар жиҳатдан қўллаймиз. Негаки, биринчидан, буддавийлик Сурхон воҳасига мазкур дин асосчиси Будда (милоддан олдинги 563-483) давридаёқ кириб келгани ва илк ибодатхона ҳам ўша кезлари қурилгани маълум. I-V асрларда ҳукмронлик қилган кушонийлар (ўғузлар) даврида буддавийлик Туронда кенг кўламда тарқала бошлаб, Буюк ипак йўли орқали Хитой, Япония ва Корея ярим оролигача етиб борган. Буни тасдиқловчи ёдгорликлар Сурхон воҳасида етарли. Энг муҳими, бутун тарихи ичида умумбуддавийлик йиғинлари бор-йўғи олти марта — милоддан олдинги V, IV, III асрлар, милодий II аср бошлари, 1871, 1954-1956 йиллари ўтказилгани ва уларнинг тўртинчиси (тахминан 110 йили) буюк ҳукмдорларимиздан саналмиш Канишка (103-125) даврида уюштирилганига оид тарихий далил тарғибот ишларида ўта қўл келишига шубҳа қилмаймиз. Агар ҳозирда буддага сиғинадиганлар бутун дунёда камида 500 миллион кишини ташкил этиб, уларнинг кўпчилиги зикр этилган минтақаларда яшашидан ташқари, Шимолий Америкада 4 миллионга, Европада 2 миллионга яқин буддавийчилар борлиги кўзда тутилса, юқорида урғу берилган йўналишнинг аҳамиятию қиммати янада ойдинлашади.

    Шу муносабат билан бир гапнинг хонаси келиб қолди. Коронавирус тарқалишидан олдин ташқи сайёҳликдан камида 130 миллиард даромад топган Хитойда археология соҳаси иқтисодиёт учун жуда катта фойда келтиради. Археологлар қўлга киритган ҳар бир ютуқ ҳақида бутун дунёга жар солиш орқали миллионлаб чет элликларни чорлаш, ёдгорликлар атрофида хизмат кўрсатиш тизимини яратишда хитойликларга тан бериш керак. Дунёга машҳур “Ҳайкалчалар қўшини” ёдгорлигининг ўзига ҳар йили 5 миллион сайёҳ келиб-кетади.

    Кекса Турон — Туркистон юраги бўлмиш юртимиз тупроқлари остида беш мингга яқин археология ёдгорлиги бор. Бироқ уларнинг жуда озчилиги ўрганилган, холос. Агар биз бу борадаги изланишларни мақсадга мувофиқ йўлга қўя олсак, натижаларимиз бошқаларникидан кам бўлмаслиги аниқ. Бундай ишонч билдиришимизга барча асослар етарли.

    Йиғилишда сайёҳликни ривожлантиришда 3000 йиллик тарихга эга миллий давлатчилигимиз, бой маданиятимиз имконларини тўлиқ ишга солишга алоҳида урғу берилар экан, яқин йилларда “Шарқ тароналари”ни Ахсикентда ўтказиш режаси шунчаки билдирилмади, деб ўйлаймиз. Фарғона водийсининг кўп асрлик маркази бўлиб келган, Буюк ипак йўлида жойлашган ушбу шаҳарни ўрганиш сўнгги йиллардагина тизимли равишда йўлга қўйилгани, 2018 йили у ерда “Очиқ осмон остида музей” ташкил этилганидан яхши хабардормиз. Шу билан бирга, бу ерда халқаро миқёсда тан олинган “Шарқ тароналари”ни ўтказиш ғояси ҳеч кимнинг фикрига келмаганини очиқ айтишимиз керак. Демак, бу ишни ҳам қилсак бўлар экан! Қолаверса, халқаро тажриба ҳам йўқ эмас.

    Туркиялик қардошларимиз қадимги шаҳар — машҳур Эфес харобаларида сақланиб қолган театр майдонида бу йил Опера ва балет халқаро байрамининг еттинчисини ўтказди. Жаҳоннинг жуда кўплаб юртлари каттаю кичигининг миллионлаб юракларини эгаллаган Френк Синатра, Стинг, Мерайя Кери, Шакира, Scorpions, Red Hot Chili Peppers учун Миср эҳромлари орасида қурилган саҳна шунчаки бериб қўйилган эмас, албатта. Бу каби тадбирлардан муддао ойдек равшан: шу йўл билан мамлакатга одам чақирадилар — сайёҳларни чорлайдилар. Шу маънода, Мисрнинг 2022 йилги экспортида пахта толаси 607 миллион доллар ва кийим-кечак 2,1 миллиард долларни ташкил этгани ҳолда, Сувон канали 7,9 миллиард доллар, сайёҳлик эса 13 миллиард доллар даромад келтиргани бир сидра таҳлилланса, одамларимиз турмуши, миллатимиз юксалишининг моддий негизи — миллий иқтисодиётимиз табиатини тубдан ўзгартиришга қаратилган давлат сиёсати мағзини чақсак бўлади.

    Демак, йиғилишда сайёҳлик ва пахтачиликдан топиладиган миллий даромад солиштирилиб, чуқур таҳлил этилиб, айниқса, сайёҳликдан яқин йилларнинг ўзида 3-4 миллиард доллар топишимиз мумкинлиги, бунинг учун дунёдаги кескин рақобат шароитида ҳар бир сайёҳ учун курашишимиз кераклиги ҳақида бежизга айтилгани йўқ.

    Қонунчилик палатасининг сайёҳлик масалалари билан ҳам шуғулланадиган қўмитасида кечган ўн беш йиллик фаолиятимизда бир рақам йилдан-йилга кўчиб ўтаверарди — юртимизга чет элликлар оқимини 1 миллионга етказиш. Газ, сув, чироқ, йўл, меҳмонхона, ошхона, совға-салом тайёрлайдиган ишлаб чиқариш бўлмаса, энг асосийси, давлатга кириш эшиклари тақа-тақ ёпиқ бўлса, энг яқин мижозларимиз — қўшниларимиз билан юз кўрмас бўлсак, иши юришган ишбилармоннинг мулки ҳам, чўнтагидаги пули ҳам қоқиб олинса, мазкур маррага етишиш мумкинми, деган саволни берадиган марднинг ўзи топилмасди. Барака топгурлар, озгина енгиллик бериб, шароит яратайлик, сайёҳлик пахтадан неча марта кўп даромад беради, деган одам “сиёсат”га қарши чиққан билан тенг бўларди...

    2016 йили пахта толаси ҳамда ундан ишланган тайёр маҳсулотларни сотишдан 916 миллион доллар топилгани ҳолда, 2022 йили тўқимачилик маҳсулотлари экспорти 3,2 миллиард долларга тенг бўлганининг аҳамиятини одамларимизга кўпроқ тушунтиришимиз керак. Пахта толасини экспорт қилишни тўхтатиб, уни импорт қилувчи давлатга айланганимизнинг тарихий қимматини эса ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмаслиги ҳақида қанча бонг урсак, шунча камлик қилади.

    2016 йилга келиб, яъни йигирма беш йил деганда, чет эллик сайёҳларнинг сонини аранг 1,3 миллионга етказолдик. Ўшанда 3 та давлат фуқароларигина Ўзбекистонга визасиз кира олган. 2023 йили хориждан 7 миллион сайёҳ келишига эришилмоқда. 2024 йилги мўлжал — 10 миллионлик кўрсаткич бундан ўн йил бурун ақлга сиғмаслиги турган гап эди. Бугун салкам 100 та давлат фуқаролари юртимизга визасиз келиш имконига эга. 2023 йилнинг 9 ойида сайёҳликдан олинган даромад 1 миллиард 720 миллион долларни ташкил этмоқда.

    2030 йилга бориб, чет эллик сайёҳлар сонини 15 миллион, ички сайёҳлик оқимини эса 25 миллионга етказиш режасини бемалол бажарса бўлишига эса энди ҳеч кимда шубҳа йўқлигига ишонамиз. Биргина ўзимиз эмас, халқаро майдонда сайёҳлик мурватларини ишлатадиганлар ҳам бунга инонмоқда. Бўлмаса, бутун дунё сайёҳлигининг бош-қошида турган Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош ассамблеяси ўзининг 25-йиғилишини Ўзбекистонда ўтказмасди, 100 дан ошиқ давлатдан асосан, вазирлар ва ўринбосарлари, 120 дан ортиқ хорижий сармоядорлар ва 600 та миллий ширкатларимиз Самарқандга ошиқмасди.

    Сўнгги йилларда миллий сайёҳлик бозоримизга Radisson, Wyndham, Hilton, Hyatt Regency, Ramada, Mövenpick, Mercure, Courtyard by Marriott, Minyoun, InterContinental Hotels Group ва Accor сингари оламга машҳур, “қўй сўйиб чақирсанг” келмайдиган халқаро казо-казолар росмана кириб келаётгани ҳам бежиз эмас. Ҳар бир сентнинг қадрини биладиган, ўз манфаати учун тегишли сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий шароитни кўрмаса, энг муҳими, сармоя киритадиган юртда тинчликхотиржамлик муҳити кафолатланганига ишонмаса, бир қадам ҳам қўймайдиган бу каби ишбилармону ширкатлар янги Ўзбекистоннинг ипидан игнасигача ўргангани ва ўрганаётгани, шубҳасиздир. Бошқача айтганда, мамлакатимизда амалга оширилаётган тарихий ўзгаришлар, ҳар соҳада эришилаётган ютуқлардан, инқилобий ўзгаришлар ортга қайтмаслигидан улар жуда яхши хабардор. Шунинг учун ҳам, улар ўзбеклар ўлкасига интилмоқда.

    Йиғилишда пахта мавзуси бутунлай кўтарилмади, деёлмаймиз. Кўтарилди. Тадбирга “Indorama Corporation” компанияси асосчиси ва раиси Шри Пракаш Лохия билан музокаралардан кейин кириб келган Президентимиз сингапурлик ушбу йирик ишбилармон билан гектарига 70 центнер ҳосил берадиган пахта навларини яратиш ҳақида ҳам келишиб олинганини таъкидлади. 2016 йили ўртача ҳосилдорлик 26,1 центнерга етгани ва мазкур “марра”га ҳосилдорлиги юқори саналган, Американинг “sea island” пахта нави Туркистонга олиб келиб экила бошлагандан 150 йил ўтиб эришилгани, бу йил эса, яъни қандайдир етти йилда ўртача ҳосилдорлик 40 центнерга етказилаётгани кўзда тутилса, “вақтни — имкониятга, имкониятни — ютуққа, ютуқни тараққиёт пойдеворига айлантира оладиган халқ — буюк халқдир” тенгламаси ўз натижаларини бераётгани аёнлашади-қолади.

    Азамат ЗИЁ,

    ФА Тарих институти директори,

    тарих фанлари доктори, профессор

    No date selected
    октябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates