Янги Ўзбекистонда тинчликка шукроналик ярашади

    Фикр 26 июл 2023 4428

    Инсон қўлидаги неъматларга шукур қилар экан, неъматлар зиёда бўлишига гувоҳ бўлади. Илм-маърифатнинг зиёда бўлиши учун бир неъмат борки бу юрт тинчлигидир. Қанча юртлар бор тинчлик, ҳаловат, ҳотиржамлик нималигини билмайди.

    Илм олаётган ҳаловат, лаззат ва муҳаббат билан ўқир экан, билингки, энди унинг ана шу илмга бўлган рағбати ошиб бораверади.

    Ҳаловатга тинчлик билан, офият билан интиламиз. Шунинг учун бугун тинчликни қадрига етайлик!

    Тинчликка ҳаракат ҳамда бирдамлик билан эришилади. Қаноатли, шукр қилувчи банда ҳақиқий бой ҳисобланади. Шукрнинг қаноатдан ҳам афзаллик жиҳати бор. Шукр неъматнинг борига хурсанд бўлиш баробарида қалб хотиржамлигига кафолат ҳамдир.

    Қаранг, Юртимиз тинч. Ўқишга, ишга кетаётган фарзанднинг ота-онаси нима дейди? «Болам, яхши ўқиб келгин», «Ўғлим, ишинг бароридан келсин» ёки «Яхши бориб келгин», — дейди.

    Бугун бошида уруш кечаётган диёрлардаги ота-оналар эса «Болам, дийдор қиёматга қолмаган бўлса, кўришамиз», — деб фарзандларини кузатади.

    Айрим ҳудудларда нотинчлик, беқарорлик, хунрезлик ҳукм сураётган бир вақтда Янги Ўзбекистондаги тинчлик-осойишталикни таъминлаш учун ҳам ўзаро янада иноқ ва аҳил бўлиб яшашимиз, бирлашиб бир кучга айланишимиз керак.

    Бугунги кунда турли зиддиятлар чиқариш ва шу йўл билан ўз ғайр мақсадларига эришишни кўзлайдиган кучлар борлигини ҳам ёддан чиқармаслигимиз керак. Шундай кучлар бор экан, низоли вазиятларни сунъий равишда вужудга келтиришга қаратилган ҳаракатлар ҳам тўхтамайди. Бу ҳар бир ақли расо кишидан доимо огоҳлик ва ҳушёрликни, содир бўлаётган ҳодисаларга зийрак кўз ва теран нигоҳ билан қарашни талаб этади.

    Шундай экан, жамиятимизда яшаётган кишиларга динимизни мусаффо ҳолда етказиш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларни биз учун ёт бўлган ғоялар таъсирларидан ҳимоя қилиш, ёшларни ўз қатъий қарашлари ва эътиқодига эга, маънавий баркамол этиб тарбиялаш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиз эканлигини ҳеч қачон унутмаслигимиз керак.

    Зеро, тинчлик-осойишталик ҳукм сурган жойда, юксалиш, тараққиёт бўлади. Мамлакат гуллаб-яшнайди.

    Фатима Сейдабдуллаева,

    Республика Маънавият ва маърифат маркази

    Хоразм вилояти Тупроққалъа туман бўлинмаси раҳбари.