Ғоявий иммунитет

    Ифтихор ҳисси, ғурур туйғуси, ғоявий чиниққанлик фазилати мафкуравий иммунитетнинг таянчи. Айни шу фазилатлар кучли бўлган одам бутун интеллектуал имкониятларини, ақлий салоҳиятини онгли равишда ишга солади.

    Яқинда Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар муаммоларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди. Унда янги Ўзбекистоннинг бутунлай янги тарихий шароитлардаги тараққиётида ёшлар иштироки, уларда Ватан туйғуси, ғоявий ва маънавий етуклик фазилатларини шакллантиришга доир концептуал масалалар ҳақида фикр юритилди.

    Ёшларда мафкуравий иммунитетни кучайтириш, ғоявий курашчанлик фазилатларини шакллантириш жамият тубдан янгиланаётган, турмуш тарзимиз жиддий равишда ўзгараётган бир пайтда муҳим аҳамиятга эга. Бироқ инсон қалби, ҳиссиёти, туйғуси ва руҳияти билан боғлиқ бу мураккаб жараёнда, аввало, инсоннинг ўзи ким, у қандай жонзот, инсон феномени нималардан иборат, деган саволларга жавоб топмоғимиз лозим.

    Инсон бутун моҳияти билан ижтимоий ҳодиса. У қанчалик хусусий – ҳар бир инсон алоҳида қадрият бўлмасин, ўз феъл-атвори, қарашлари, жамиятда тутган ўрни ва ижтимоий тараққиётга боғлиқлиги жиҳатидан умумийдир. Шу боис, ҳар бир инсонга алоҳида воқелик сифатида унинг жамият тараққиётига қўшадиган ҳиссаси, ўтказадиган таъсири алоҳида назарда тутилмоғи лозим.

    Дарҳақиқат, ҳар бир инсон олам ичра оламдир. Чунки ҳар бир одам алоҳида ва бетакрор, айни пайтда у умумий манфаатлар доирасида бир-бирига боғлиқ, бир-бирининг тақдирига дахлдор улкан қадриятдир. Ана шу мураккаб руҳий ҳолатдан келиб чиқиб, ёшлар, уларнинг дунёқараши, ҳаётий эҳтиёжлари ва интилишларини доимий равишда ўрганиб, жамиятнинг фаол ва ташаббускор қатламига айлантириш зарурат тусини олмоқда.

    Инсон ижтимоий табиатига кўра ўз турмуш тарзини ўзи йўлга қўяди, ўзини ўзи бошқаради. Ўй-хаёллари, орзу-умидлари ва мақсадларини руёбга чиқариш жараёнлари орқали ўз ҳаётини реал воқеликка айлантиради. Яхшилик ва ёмонлик, сахийлик ва бахиллик, муҳаббат ва нафрат инсон оламининг бутун моҳиятини белгилайди. Бошқача айтганда, инсон ўзини ўзи мувофиқлаштириб турадиган, ҳимоя қиладиган, тиклайдиган, йўлга соладиган, ҳатто шакллантирадиган мураккаб тизим. Ана шу ҳолатнинг ўзи ҳар бир инсондан маънавий баркамолликка интилиб, руҳий тозалиги ва ахлоқий етуклигини доимий равишда ошириб боришини тақозо этади.

    Инсоннинг моҳияти, табиати, жонзот сифатидаги имкониятлари хусусида гапирар экан, Имом Ғаззолий “Кимёи саодат” китобида: “Инсон фаришта ва ҳайвон орасидаги маҳлуқдир. Ҳайвон ривожланмайди, чунки унинг камолот қуввати йўқ. Фаришта ҳам ривожланмайди, чунки унинг ўзи пок, илоҳий нурдан иборат. Фақат инсонда ривожланиш, руҳий камолот ҳислати мавжуд”, дейди. Демак, ҳайвонда шаклланишга, ривожланишга, ўзини ўзи бойитишга, ўзини ўзи қадриятга айлантиришга даъват этадиган ички, маънавий-руҳий қувват йўқ. У қандай яшаётганини англамайди. Яшаш моҳиятини тушунмайди. Фаришта эса азалу абад пок бўлгани учун унинг шаклланиши ва ривожланишига эҳтиёж йўқ. У шундоқ ҳам тоза, шундоқ ҳам покиза. Фақат инсондагина руҳий камолотга интилиш туйғуси, ўзини ўзи ривожлантириш қуввати мавжуд. Унинг комилликка интилишида, етуклик сари ҳаракат қилишида, ҳаёт мазмунини бойитишида, шу аснода яхлит жамият маънавий қиёфасини баркамол этишига имконият бор. Руҳий ва маънавий камолот туйғуси инсон феноменининг таянчи, уни қадриятга айлантирувчи ноёб қудратдир.

    Худди шу фикрни атоқли немис файласуфи К.Ясперс ҳам ўзига хос талқин этади. Жумладан, у: “Ҳис-туйғу моҳияти сифатида инсон ҳайвондан юқори, маънавий руҳий жиҳатдан эса фариштадан пастда туради. Ўз моҳиятининг ана шу икки жиҳати билан уларга қавмдош бўлса-да, ҳайвон ҳам эмас, фаришта ҳам эмас. Уларнинг ҳар икковидан ҳам устун томонлари бор”, дейди. Демак инсон жисмидаги ривожланиш қуввати, такомиллашишга, шаклланишга руҳий эҳтиёж мавжудлиги барча жонзотлардан уни кескин равишда фарқлантирувчи ва жонзотлар оламида алоҳида имкониятлари билан ажралиб турувчи ноёб имконият.

    Ҳар бир одам ўзини ўзи камолотга етказса, яхлит жамият маънавий қиёфаси шаклланади. Бунинг учун жамиятнинг ҳар бир аъзосида ўзини ривожлантириш ҳисси – иммунитет бўлмоғи лозим. Ғоявий чиниққан, турли мафкуравий оқимларга берилмайдиган, тараққиётга ва умуммиллий манфаатга хизмат қиладиган соғлом ғояларни ҳимоя қиладиган одамда ички даъват, маънавий қудрат кучли бўлади. Бу – инсон қалбидаги ғоявий иммунитет.

    Ҳар бир инсон алоҳида индивид, алоҳида олам сифатида фақат ўзигагина хос бўлган “мен”ига эга. Бироқ инсон оламининг мураккаблиги, зиддиятлилиги фақат битта унинг “мен”игагина хос эмас. Чунки ҳар бир алоҳида, мустақил ана шу “мен”нинг ичида бир неча юзлаб “мен”ча яшайдики, улар бир-бири билан доимий равишда курашиб, талашиб, бир-бирини инкор этиб, баъзан манфаатлар доирасида қўллаб-қувватлаб, рағбатлантириб турадиган безовтаю беором оламни ташкил этади. Ана шу нуқтаи назардан қараганда, инсон табиатидаги яхшилик ва ёмонлик, муҳаббат ва нафрат, эзгулик ва ёвузлик туйғулари курашида яхшилик, меҳр-муҳаббат ва эзгулик фазилатларини кучайтириш замонавий тараққиётнинг муҳим омилига айланди. Зотан, мутлақ идеал одам бўлмагани каби мутлақ ёмон одам ҳам йўқ. Фақат қайсидир инсонда яхшилик, эзгулик туйғулари нисбатан кўпроқ намоён бўлиши ёки, аксинча, бошқа бирида ёмонлик, нафрат туйғулари устуворлик қилиши мумкин. Инсоннинг ана шу ҳолатидан келиб чиқиб, маънавий баркамол жамият қуриш йўлида биз, демак, ҳар бир инсоннинг жисмидаги, қалбидаги яхшилик ва эзгулик туйғуларини кучайтиришимиз лозим. Бу ёшлар билан ишлашда, уларни тарбиялашда муҳим ахамият касб этади.

    Ёшларни комил инсон қилиб тарбиялаш, баркамол шахсни шакллантириш борасида кенг миқёсли ишларни амалга оширар эканмиз, биз бевосита ҳар бир навқирон йигит-қиз қалбидаги ана шу нозик жиҳатларни мўлжалга олмоғимиз лозим. Мафкуравий иммунитет ёки ғоявий курашчанлик фазилати, назаримизда, худди шу нуқтада жойлашган. У кимдадир уйғоқ, курашчан, беҳаловат бўлса, кимдадир мудроқ, тамбал, бефарқ ва лоқайд. Бизнинг вазифамиз шу иммунитетни уйғотиш асосида жамият ишига дахлдор, миллат тақдирига тақдирдош, Ватан истиқболи учун жавобгар авлодни шакллантиришдан иборат. Бунинг учун мафкуравий иммунитетнинг вазифасини аниқлаб олмоғимиз лозим.

    Кўп йиллик тажрибам ва кузатишларимдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, ғоявий иммунитет муносабат билдириш, таъсир этиш, йўналтириш, жавобгарлик ҳиссини уйғотиш, дахлдорлик туйғусини ошириш, сафарбарликка даъват этиш каби фазилатлар тизимидан иборат.

    Ёшларда бу фазилатларни шакллантириш, мафкуравий иммунитетни кучайтириш, яъни маънавий-руҳий мудроқликдан уйғотиш, ҳар қандай воқеликка муносабат билдира олиш, унга таъсир кўрсатиш, жамият ва умуммиллий тараққиёт учун жавобгарлик ҳиссини, дахлдорлик туйғусини намоён этиш орқали ўзини ўзи умуммиллий манфаат йўлида йўналтира олиш, сафарбар эта билиш фазилатларини ёрқин намоён қила оладиган авлодни яратишимиз керак.

    Ёшлар қалбида мафкуравий иммунитет ва ғоявий таъсирчанликни оширишда, албатта, қадриятларнинг ўрни катта. Ҳар бир ёш ўзининг тасодифий, бу кенг ва серқирра ҳаётда муаллақ мавжудод эмаслигини, унинг аждодлари буюк, улкан ва маҳобатли маданий-тарихий меросга ворис эканини англамоғи, истқбол олдида эса масъул эканини чуқур тушунмоғи лозим. Бунда миллий ва умуминсоний қадриятларни етарлича ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Жумладан, қадриятлар тизимига кирган миллий ахлоқ-одоб, урф-одат ва анъаналар, амалий фаолият билан боғлиқ меъёрлар, ижтимоий ҳамкорлик, кишиларнинг ёши, касби, жинси, ирқий хусусиятларини инобатга олиб муносабатда бўлиш, диний ва дунёвий қадриятлар туркумини бир-бирига боғлиқ ҳолда, бир-бирини тўлдириб борадиган шаклда амалга оширишни тақозо этади.

    Бунда, албатта, миллий маданият ва санъатни чуқур тушуниш, маросимлар ва байрамлар орқали мафкуравий иммунитетни кучайтириш омилларидан фойдаланиш муҳим . Жумладан, халқ ижоди намуналари, санъат турлари, миллий кийиниш, миллий байрамлар, жумладан, Наврўз, Мустақиллик, Хотира ва қадрлаш куни, Ватан ҳимоячилари куни ва бошқа маънавий-маърифий омиллардан унумли фойдаланяпмиз.

    Яна бир жиддий масалага алоҳида эътибор бериш лозим. Бунёдкор, тараққиётга даъват этувчи, миллий ўзликни англашга чақирувчи омиллар билан бирга вайронкор ва бузғунчи ғоялар ҳам мавжудки, унга бефарқ қараш мумкин эмас. Хусусан, ахборот хуружи авж олаётган, ахборот-психологик таҳдид глобаллашиб бораётган бир шароитда “ғояга қарши ғоя, фикрга қарши фикр, жаҳолатга қарши маърифат” тамойили ёшларнинг феъл-атворида, турмуш тарзида даъваткор ва таъсирчан воситага айланмоғи лозим. Айниқса, ҳали-ҳамон онгу шуурумизда сақланиб қолган коммунистик мафкура, ижтимоий ҳаётнинг турли босқичларида ўзини намоён этаётган космополитизм, буюк давлатчилик шовинизми, ирқчилик, фашизм, агрессив миллатчилик, қолаверса, маҳаллийчилик иллатларига қарши тура оладиган, умуммиллий манфаатга хизмат қиладиган мафкуравий иммунитетни, ғоявий курашчанлик фазилатларини ривожлантирмоғимиз лозим.

    Ёшларга ғоявий таъсир этиш омиллари хилма-хил. Жумладан, ғоявий таъсирда вақт омили алоҳида аҳамиятга эга. Бу бевосита ўқиш вақти ва бўш вақт билан боғлиқ воқеликдан иборат. Ғоявий таъсир йўналишлари эса ақлий, руҳий, ахлоқий, меҳнат ва эстетик омиллардан иборат. Ғоявий таъсир этиш шакллари ҳам таъсири, миқёси ва кўламига қараб индивидуал, жамоавий ва оммавий йўналишларда бўлиши мумкин. Демак, айрим ҳолларда алоҳида-алоҳида ёшлар билан якка тартибда ғоявий таъсир ўтказишга, маънавий-маърифий ишларни олиб боришга тўғри келса, жамоавий шаклда муайян жамоа тўпланган жойда амалга ошириш мумкин. Ғоявий таъсир этишнинг оммавий шакли эса бевосита оммавий ахборот воситалари орқали тўғридан-тўғри бутун жамиятда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришни қамраб олади.

    Бизнингча, ёшлар онги ва дунёқарашига ғоявий таъсир этиш узлуксизликни, тизимлиликни, комплекс ёндашувни тақозо этади.

    Дарҳақиқат, мафкуравий иммунитетни уйғотиш ва ғоявий таъсирчанликни кучайтиришда доимий равишда узлуксиз тарзда иш олиб борилмаса, маънавий-маърифий фаолият шаклланган тизимга эга бўлмаса, аниқ натижага эришиш мушкул. Ҳар бир инсон алоҳида ва тўлақонли тизим экан, унинг ана шу серқирра, ранг-баранг ва зиддиятли оламига мос равишда ғоявий таъсир комплекс тарзда, кенг миқёсли, ёшлар оламини яхлит ҳолда қамраб олган шаклда бўлмоғи лозим. Бу вазифа биздан учта ўзига хос вазифани ҳал этишни тақозо этади.

    Биринчиси – таъсирчанлик. Бизнинг ҳар бир сўзимиз таъсирчан, жозибали, тингловчи қалбини жунбушга келтирадиган, унинг онгу шуурида мустаҳкам ўрнашадиган, феъл-атворини яхшилик сари буришга таъсир ўтказадиган бўлиши керак. Бу борада, афсуски, лексиконимиз эскирган, луғавий бойлигимиз етарли эмас. Ҳамма гапларимиз тўғри. Фақат у умумий тафсилотдан, баёндан иборат. Сўзларимиз ҳароратсиз. Тингловчини, хусусан, ёшларни ўзимизга жалб эта олмаймиз.

    Иккинчиси – ҳозиржавоблик. Ахборот хуружи авж олаётган ҳозирги пайтда ёшларни ҳайратда қолдириш осон эмас. Хусусан, талаба ёшларнинг кенг имкониятларини, интернет тизимидан фойдаланишга бўлган катта қизиқишини назарда тутсак, ғоявий-тарбиявий ишларда ҳозиржавоблик, бугуннинг гапини айта олиш, бугуннинг муаммосига объектив ёндашиш, ёш тингловчини бунга ишонтира билиш алоҳида тайёргарликни ва қобилиятни, юксак билимлар савиясини тақозо этади.

    Учинчиси – конкретлик. Фикрларимиз аниқ, лўнда, ёшлар онгига тез кира оладиган, қалбини забт эта оладиган бўлмоғи лозим. Кўп сўзлилик аудиторияни зериктириб қўяди. Ҳозирги ёшларнинг тезкор ва шиддатли замон таъсирида шаклланаётган руҳиятини эгаллаш учун қисқа, аниқ, лўнда ва исбот талаб қилмайдиган хулосалар билан минбарга чиқиш самара бериши мумкин, холос. Бу ўз-ўзидан жуда катта билим, замонавий жараёнлардан хабардорлик ва улар моҳиятини чуқур тушунганлик, мавжуд фикр ва хулосаларни етарли даражада жозибадор қилиб етказа олиш тажрибасини тақозо этади. Демак, нотиқлик санъати, сўз жозибаси муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

    Ифтихор ҳисси, ғурур туйғуси, ғоявий чиниққанлик фазилати мафкуравий иммунитетнинг таянчи. Айни ана шу фазилатлар кучли бўлган одам бутун интеллектуал имкониятларини, ақлий салоҳиятини онгли равишда ишга солади. Ҳар қандай шахсий манфаатлардан умумжамият, умумдавлат манфаатини устун қўяди. “Мен шу халқнинг бир вакилиман, улуғ аждодларнинг тўлақонли ворисиман, шу азиз Ватан, шу муқаддас тупроқ аждодларимдан менга етиб келган мерос. Уни асраш, авайлаш менинг бурчим”, деган фикр билан яшайдиган халқни ҳар қандай бузғунчи ғоя йўлдан уролмайди. Ҳар қандай тажовузкор куч уни енголмайди. Ҳар бир ёш ўзининг аждодлари билан фахрлана олиши лозим. Миллий қадриятлари, улуғ аждодларининг жаҳон тараққиётига қўшган буюк ҳиссалари билан фахрлана олиш керак. Ёшларимизда бундай имконият ҳам, катта тарихий асос ҳам бор. Зотан, ўзбеклар инсоният ҳаётига маданият олиб кирган, бир қатор цивилизацияларни кўрган буюк халқлардан бири. Ёшларимиз аждодлар меросини қунт билан ўзлаштирса, улардан юртга садоқат, миллатга фидойилик, ғанимларга нафрат, қатъият ва ирода сабоғини олса, Президентимизнинг ғоят инсонпарвар ва миллатпарвар ғояларини бугунги ривожланишнинг таянчига айлантиришса, ҳақиқий маънодаги янги Ўзбекистон фуқароси дунёга келган бўлади. Биз шунга эришишимиз лозим.

    Ҳозирги цивилизациявий шароитда ёшлар қалбига, онгу шуурига таъсир этиш осон эмас. Турли қарама-қарши ахборотларга эга, интернет ва бошқа маълумот базаларидан кенг фойдаланаётган ёш авлод психологияси бутунлай бошқача. Уларда миллий орият, ўзи фуқароси бўлган шонли, шуҳратли Ўзбекистон деган давлат билан фахрланиш, унинг тақдирига тақдирдошлик, истиқболига дахлдорлик ҳиссини уйғотиш долзарб муаммога айланган. Демак, улар билан ишлаш, фуқаролик туйғуси, келажак учун жавобгарлик ҳисси юқори бўлган авлодни вояга етказиш заруратга айланмоқда. Ҳар бир ёш қалбида ғоявий иммунитетни ривожлантириш, фаол фуқаролик позициясини кучайтириш янги Ўзбекистоннинг буюк келажагини таъминлаш билан боғлиқ умуммиллий муаммо. Давлатимиз раҳбари ҳам янги Ўзбекистоннинг истиқболини ёшлар қиёфасида кўраётгани ва уларга алоҳида эътибор билан қараётгани бежиз эмас.

    Оқил САЛИМОВ,

    академик.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates