"Аҳли маъно" бўлайлик

    Бу тоифадаги амалдорлар фуқароларга эътибор кўрсатиб, одоб ва ҳурмат билан суҳбатлашадиган давлат вакили сифатида бошқалардан ажралиб турган.

    Алишер Навоий давлат амалдорларини фуқаролар муаммоларини ҳал қилиш борасидаги фаолияти нуқтаи назаридан “аҳли маъно” ва “аҳли суръат” тоифасига бўлгани ҳақида маълумотлар бор.

    “Аҳли маъно” тоифасидаги амалдорлар оддий инсонлар муаммоларини давлат манфаатларидан келиб чиққан талаб ва имконларни уйғунлаштирган ҳолда ҳал этган. Улар вазиятни чуқур таҳлил қилиш асносида қарорлар қабул қилиш, ижтимоий муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиб, олдини олиш бўйича аниқ чоралар кўриш қобилиятига эга бўлган. Бу тоифадаги амалдорлар фуқароларга эътибор кўрсатиб, одоб ва ҳурмат билан суҳбатлашадиган давлат вакили сифатида бошқалардан ажралиб турган.

    “Аҳли суръат”даги амалдорлар эса бадфеъллилиги, маданиятсизлиги, билимсизлиги, фуқаролар билан қўпол муомаласи ва уларни зулмкорлик руҳида менсимаслиги, энг ёмони, таъмагирлиги билан фарқланган.

    Бу мисолни нима учун келтиряпмиз. Мақсадимиз – Янги Ўзбекистон шароитидаги ривожланиш босқичида амалдорлар ва оддий фуқаролар муносабатида нималар ўзгаргани, қандай янгилик, янги услуб ҳамда тадбирлар жорий этилганини таҳлил ва таққос ёрдамида билиш.

    2017-2022 йилларда фуқаролар ва амалдорлар фаолиятида эркинлик ўрнатилиб, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати батамом тугатилди, барча меҳнат муносабатларини ҳуқуқий асосда олиб бориш, ошкоралик ва талабчанлик тамойиллари жорий этилди. Шу тариқа фуқаролар ва амалдорлар ўртасида янги ижтимоий-иқтисодий муҳит пайдо бўлди. Бу муҳитда фаолият кўрсатиш учун, авваламбор, профессионал ишчи касб ва мутахассислик ҳал қилувчи омил сифатида бўй кўрсатди. Меҳнат жараёни иштирокчиларининг янги тафаккур, янги дунёқараши асосида давлат ва жамият олдидаги жавобгарлик масъулияти оша бошлади. Бу ижобий тенденцияларни ташкилий ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш борасида иш берувчилар ва ёлланма ишчилар ҳамкорлигини янада такомиллаштириш мақсадига қаратилган иккита муҳим ҳужжат – 2020 йили “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонун ва 2022 йили Меҳнат кодекси янги таҳрирда қабул қилинди. Ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан муҳим бу икки ҳужжат меҳнат муносабатларидаги энг таъсирчан ютуқларимиздан бири бўлди.

    Навбатдаги муҳим ислоҳотларимиздан бири тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар меҳнати муҳофазасини кучайтириш, ёшларни ўқитиш ва ишга жалб қилиш, шу орқали ишсизлик ҳамда камбағаллик даражасини камайтиришга қаратилган давлат дастурлари ҳаётга кенг татбиқ этилганида бўлди.

    Энди савол туғилади: бу каби муҳим ислоҳотлар ва белгиланган чора-тадбирларни самарали ижро этишда, ажратилган маблағларни мақсадли ва тўлақонли сарфлашда раҳбарлик лавозимида ўтирган амалдорларимиз ҳеч оғишмаяптими, тўғри йўлдами? Умуман, бугунги замон раҳбари қандай бўлиши керак?

    Қуйида шу ҳақда мулоҳаза юритиш асносида Янги Ўзбекистон шароитида замонавий раҳбарларга қўйиладиган талаблар ҳақида гаплашамиз.

    Хуллас, бугунги кун раҳбари, аввало, шахсий салоҳиятини тўғри баҳолай олиб, олдига қўйилган вазифаларни бажаришда қатор мезонлар ва талабларга қатъий амал қилиши зарур. Булар нималардан иборат?

    Биринчи талаб: раҳбар авваламбор, шахс сифатида ўзини англаши ва раҳбарлик жараёнига мунтазам ҳозирлик кўриши керак. Бунда ҳар бир раҳбар профессионал билими ва амалий тажрибаси, ҳаётий салоҳиятини мужассамлаштира олиши ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

    Иккинчи талаб: ўз ҳаётий ҳолати, билим ва тажриба имкониятларини объектив тарзда англаб етиш. Ҳар бир раҳбар шахс сифатида ўзига маълум хусусиятларини, нимага қодир эканидан келиб чиққан ҳолда, ҳаётий ва профессионал орзу-мақсадлари билан уйғунлаштирсагина, истиқболини аниқ белгилай олади.

    Агар ёш йигит ёки қиз мактабда ўқиб юрган даврида ўзининг кучли ва ожиз томонларини аниқ белгилаб олган бўлса, шу ҳолатидан келиб чиқиб, бўлажак меҳнат фаолиятини режалаштиради ва унга реал ҳамда танқидий нуқтаи назардан ёндашиб, омадга эришиб бориши мумкин.

    Учинчи талаб: ҳаётий мақсадларини аниқ белгилаб олиш имкони. Бу онгли равишда ўзида мужассам бўлган индивидуал қадриятларни инобатга олиб, ҳаётининг мақсадли ҳаракатларига интилишини ифода этади. Уларга интилиш жараёнида моҳияти ва маъносидан, маълум ва номаълум ички эҳтиёжи, интилишлари ҳамда манфаатидан келиб чиқиб шакллантириб боради.

    Тўртинчи талаб: ишончли қарорга келиш. Албатта, ҳар бир раҳбар ишончли қарорга келишдан олдин устувор ва биринчи навбатда қилинадиган ишини ҳамда ўз олдига қўйган ташкилий тадбирларни аниқ белгилаб олиши зарур. Ишончли қарорга келишдан аввал раҳбар ўз олдига қўйган устувор вазифаларни мантиқан муҳимлигига қараб қабул қилиши керак. Бунда масаланинг нафақат муҳимлиги, уларни ижро этиш муддати, оқибати, айниқса, ўзаро боғлиқлиги, оғир ёки енгиллиги ҳам ҳисобга олиниши шарт.

    Бешинчи талаб: карьерасини аниқ талаб ва муддатларга мувофиқ режалаштириш. Ҳар бир раҳбар индивидуал ҳаётий ва профессионал маҳорати ўсиш мақсадларига эришиш учун аниқ “карьера ўсиши”ни режалаштириб олиши зарур. Бунда аниқ мақсадлар ва улар билан боғлиқ масалалар, жумладан, муддатлари ҳам белгилаб олиниши мақсадга мувофиқ.

    Олтинчи талаб: шахсий ва ўзаро ташкилий талабчанликни мустаҳкамлаб бориш. Бу талабнинг моҳияти бошқарув билан банд бўлган раҳбар жамоада белгиланган тартиб-интизом шароитида яшаш ва ишлай олишга сабр билан ҳаракат қилишида намоён бўлади.

    Еттинчи талаб: раҳбарлик қилаётган шахс меҳнатга ҳақ тўлашнинг адолатли ва муносиб тизимини йўлга қўйиши керак. Раҳбар жамоавий меҳнатни мукаммал ташкиллаштиришда (меҳнат миқдори ва сифат даражасини тақсимлашда, лавозим вазифаларини аниқ белгилаб, тасдиқлаш ва мунтазам баҳолаб бориш жараёнида) адолат мезонларига қатъий амал қилиши, ходимлар меҳнатини муносиб рағбатлантира олиш қобилиятига эга бўлиши зарур. Акс ҳолда, жамоада тарқоқлик ва ўзибўларчилик кайфияти ҳукм сура бошлайди.

    Саккизинчи талаб: ҳар бир дақиқани қадрлаш, ўзининг ва ходимларнинг вақтини самарали, аниқ мақсадли сарф қилиш, сарфланган вақт харажатларини мунтазам равишда таҳлил қилиб бориш. Вақтни назорат қилиш. Меҳнат фаолиятини бошқараётган раҳбарни иш ҳажми эмас, балки вақт чегаралаб боради. Раҳбар вақт жуда кўп орзу ва имконларни чегаралаб бораётганини теран ҳис қила олиши, шу боис, вақтни тежаши, ундан имкон қадар самарали фойдаланиши керак.

    Барча ташкилот ва идораларда ходимларнинг вақт бюджетини режалаштираётганда қатор қоидаларга эътибор қаратиш зарур. Булар сирасига топшириқни бажариш учун режалаштирилган вақтнинг қанчалик самарали сарфланишига, ходим меҳнат фаолияти натижасини таҳлил этишда ва баҳолашда, авваламбор, унинг вақт харажатларига эътибор қаратиш керак бўлади. Шунингдек, иш вақтида бесамар мажлислар ўтказиш, шахсий меҳмонлар ташрифи ёки иш вақтида халақит берадиган одамлар билан чалғимаслик, тезкор топшириқларни кечиктирмасдан, белгиланган муддатда, муҳим ишларни эртага ёки ишдан кейинга қолдирмай, зудлик билан бажариш мақсадга мувофиқ.

    Тўққизинчи талаб: раҳбар фикри ва эътиборини ечимини кутаётган асосий муаммога қаратиш. Юқори малакали, тажрибали раҳбар мавжуд муаммоларнинг фарқига бориши ва ўша заҳоти тезкор, самарали натижа берувчи ечимларни топиши керак.

    Ўнинчи талаб: барча ишларини бафуржа, бир бошдан ижро этиш қобилиятига эга бўлиши шарт. Мабодо бирор иш олдиндан режалаштириб қўйилган бўлса, уни тугатмасдан туриб бошқасига ўтиш ёки тезкор бўламан, деб топшириқни сифатсиз бажариш раҳмат ўрнига адолатли жазо олишга сабаб бўлади. Шу боис, топшириқларни шошмасдан, сифатли бажарган маъқул.

    Ўн биринчи талаб: вазифани бажаришда энг кичик, арзимас деталларгача эътибор қаратиши керак. Айрим раҳбарлар ўз олдига қўйилган вазифани бажаришда элементар жиҳатларга эътиборсиз қарайди. Афсуски, бундай ҳолат барибир фош бўлади, охир-оқибат иш сифатсиз бажарилгани кўриниб қолади.

    Ўн иккинчи талаб: раҳбар ўз ишига психологик жиҳатдан доим тайёр бўлиши керак. Раҳбар нафақат фаолияти давомида режалаштирилган, балки режадан ташқари белгиланган ишга ҳам психологик жиҳатдан тайёр туриши шарт. Шунда у чинакам малакали мутахассис сифатида обрў-эътибор ва ҳурмат қозонади.

    Ўн учинчи талаб: ҳаётий фаолиятини ҳам мунтазам назорат қилиб бориши зарур. Бундан мақсад раҳбар ўзининг бошқарув жараёнидаги натижадорлигини мунтазам таҳлил қилиб бориши билан боғлиқ. Қолаверса, жамоада меҳнат қилаётган ходим фаолиятини тўғри ва тўлақонли ташкил этиш ҳамда унинг натижадорлигини назорат қилиш ва баҳолай олиш қобилиятига эга бўлишдир.

    Ўн тўртинчи талаб: ўз-ўзини назорат қила билиш даражаси. Раҳбарнинг бу сифат хусусияти кенг ахборот манбаларига эга бўлиши, уларни мунтазам янгилаб бориши, малакали таҳлил ва хулосалар чиқара олишига имкон яратади. Шундагина ижро интизомини назорат қилиш функциясини тўлақонли ишлата олади.

    Ўн бешинчи талаб: бошқариш жараёни натижадорлигига эришишни назорат қилиб бориш. Бошқариш тизими натижадорлиги жамоанинг меҳнат фаолияти самараси ҳисобланади. Бошқарув тизимида ижрога киришишда раҳбар жамоа олдига қўйилган мақсадларни, уларнинг миқдори ва муддатлари чегарасида сифатли ва тўлақонли ижро этилганини таққослаб, хулоса қилишга имкон берадиган омилдир.

    Ўн олтинчи талаб: иш куни мобайнидаги назорат. Раҳбарнинг бу сифати иш вақти давомида ижро этилган барча ишларни алоҳида муолажалар билан (масалан, кунлик ҳисоботлар ёки аудиоёзувлар, баённомалар, мониторинг рақамлари ёрдамида) акс эттириш орқали тўлақонли назорат олиб бориш имконини беради.

    Ўн еттинчи талаб: жамоада шахсий обрў-эътибор ва имижини сақлаш. Раҳбар жамоа олдида профессионал фаолиятини кўрсата олиши, зиммасидаги вазифаларни сифатли ва тўлақонли ташкил этиб, раҳбарлик ижросини юқори маҳорат билан бажариши унинг жамоа олдида шахс ва мутахассис сифатидаги обрўсини кўтаради. Бу раҳбарнинг имижи ҳамда салоҳиятини ошириш билан бирга, уни янада мустаҳкамлаш имконини беради.

    Ўн саккизинчи талаб: шахсий интизом талабларига риоя қилиш. Раҳбарнинг талабчанлиги, жамоага берган ваъдалари устидан чиқиши юксак профессионал маҳоратини исботловчи олий хусусиятлардан. Унинг бу сифати масъулият ҳисси, ўзини ўзи ҳурмат қилиш, виждон ва эътиқодини сақлаб қолганидан далолат беради.

    Шу ўринда улуғ алломаларнинг айрим ҳаётий тавсияларини эслаб ўтиш ўринлидир. Жумладан, улар янги ишга қўл уришдан олдин эскисини тўлиқ охирига етказишни, бунда масъулият туйғусини сусайтирмасдан ишга киришишни, бирор вазифани ижро этишда шахсий манфаатни аралаштирмасликни тавсия қилади.

    Ўн тўққизинчи талаб: режалаштирилган ишларни тезкор ижро этиш техникасини доим ёдда тутиш. Бу талаб моҳияти бўйича раҳбар ишни ташкил этишда ҳозирги замон ахборот технологияларини қўллаган ҳолда муайян қоида ва тартиблардан фойдаланиши тақозо этилади.

    Бунда, айтайлик, хизмат хонаси ва иш столини саришта сақлаш, амалдаги ҳужжатлар айланишини ягона тартибга солиш, кунлик иш режани аниқ белгилаб олиш каби жиҳатлар муҳим ўрин тутади.

    Шунингдек, бу борада раҳбар амал қилиши жоиз бўлган қатор талаблар мавжуд. Жумладан, телефонда гаплашишнинг ҳам ўз одоби ва қоидалари борлигини унутмаслик керак. Масалан, давлат идоралари хоналарида, мажлис ва йиғилиш вақтида телефондан фойдаланишнинг қатъий регламенти ўрнатилиши керак. Иш вақтида телефон орқали фақат хизмат мавзусида гаплашиш қоидаси белгиланиши мумкин.

    Ходим ва ҳамкорларни тинглай билиш этикаси ҳам ғоят муҳимдир. Бу талаб давлат идоралари ва ишбилармонлик соҳасида энг муҳим фазилатлардан бири. Ҳар бир топшириқ ёки ташкилий тадбирни диққат билан тинглаб, моҳият ва мақсад аниқ англаб олинса, ижро 80 фоиз ҳолатда белгиланган муддатда якунланишига замин ҳисобланади.

    Раҳбар жамоада меҳнат унумдорлигини ошириш йўлларини билиши зарур. Чунки фаолият унумдорлигини ошириш, асосан, раҳбар зиммасидаги вазифа саналади.

    Ҳозирги замон талаби кенг оммани ислоҳотлар мазмун-моҳияти, шу жумладан, бошқарув тизимидаги янгиликлардан хабардор қилиб боришдир. Бу борада оммавий ахборот воситалари билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйиш яхши самара беради.

    Коммуникатив раҳбар – ҳар бир ходим ёки жамоа билан тил топишиб, эркин мулоқотга киришиб кетадиган одам. Ушбу хусусиятларга эга раҳбар хоҳлаган суҳбатдошини фикрига ишонтира оладиган қобилиятга эга бўлиб, ишбилармонлар билан музокаролар олиб бора оладиган инсон ҳисобланади.

    Янги раҳбардан мутахассислиги бўйича чуқур билим, бой психологик тажриба, соҳа ва жамоанинг ҳолати, ташкилот ёки соҳанинг яқин ва узоқ истиқболи, бошқарув тизимини такомиллаштириш ҳақида билиш талаб қилинади.

    Жамоада кўп йиллар шаклланиб, амал қилаётган анъаналар, одат тусига кирган муносабатларга ўрганиш, узоқ йиллардан буён ишлаб келаётган фахрийлар билан учрашув ва мулоқотлар ўтказиш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, янги раҳбар жамоа билан олдинда турган муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш чораларини муҳокама қилиб, маслаҳатлашиб олиши зарур.

    Йигирманчи талаб: соғлиқни сақлаш зарурати. Бу бошқарув тизимида ниҳоятда муҳим ўрин эгаллайди. Чунки соғлом раҳбар ва соғлом кадрлар ислоҳотлар самарадорлигини таъминловчи асосий кучдир.

    Инсон танасидаги мушаклар организмнинг 44 фоизини ташкил этади. Мушакларнинг ўта пассив фаолияти организм функцияларини, биринчи навбатда, юрак-қон томир тизимини ишдан чиқаради. Бугунги шароитда барча бошқарув бўғинларидаги раҳбарларнинг асосий душмани гиподинамия ҳисобланади. Бу камҳаракатлик, пиёда юрмаслик, ўз вақтида ва тартиб билан овқатланмаслик, зарарли одатларга ружу қўйиш оқибатида келиб чиқади. Бунинг устига, раҳбар кўп асабийлашиб юриши ҳам оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Бундай шароитда раҳбар, ҳеч бўлмаса, хизмат хонасида ёки спортзалда жисмоний машқлар билан шуғулланиб туриши, пиёда юриши, югуриши организмнинг вегетатив функцияларини тиклайди ва иммун ҳолатини мустаҳкамлайди.

    Ўз вақтида тўғри овқатланиш ва меъёрида ухлаш ҳам саломатлик учун ғоят муҳим эканини унутмаслик керак. Айрим раҳбарларимиз бу қоидаларга амал қилмайди. Бу билан нафақат ўзига, балки жамоадаги ишчанлик муҳитига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

    Асаб тизимини чиниқтириб бориш кишининг ўз организмини оғир ва доимий асаб босимидан хотиржам сақлай олиш, иш жараёнида бўладиган асаббузарлик ҳолатларини сабр-тоқат билан қабул қилишга замин ҳозирлайди.

    Вақти-вақти билан асабларга дам бериб туриш керак. Бунинг учун жамоавий спорт тадбирлари, саёҳатлар уюштириш яхши самара беради. Яъни раҳбар жамоада самарали иш жараёни ҳамда мақсадли дам олишни мунтазам равишда мувофиқлаштириб бориши фойдадан холи бўлмайди.

    Раҳбар оддий ходимдан нимаси билан фарқ қилади? Агар оддий ходим диққат-эътиборини фақат ўзига юкланган вазифани ижро этишга қаратса, раҳбар нафақат жамоа тақдирига, балки ҳар бир ходим иш фаолияти, соғлиғи ва иш вақтидаги хавфсизлиги, меҳнат шароитига, қолаверса, жамоанинг молиявий ҳолатига, иш ҳақи миқдорига жавобгарлиги билан ажралиб туради. Шундай экан, оддий ишчи белгиланган иш вақти тугаганидан кейин уйига бориб дам олаётган бир пайтда раҳбар жамоанинг эртанги куни ва истиқболдаги муҳим фаолиятини ўйлайди. Шу боис, раҳбарнинг меҳнат фаолиятини абсолют бир норма билан чегаралаб бўлмаслиги таъкидланади.

    Лекин бу раҳбарнинг меҳнат фаолиятини аниқ регламентга тушириб бўлмайди, дегани эмас. Чунки фақатгина малакали раҳбар жамоадаги юзлаб, минглаб ходимлар иш самарадорлигига бевосита ижобий таъсир қила олади.

    * * *

    Бугунги кунда Янги Ўзбекистон шароитида барча соҳа ва бошқарув тизимида иш моҳиятини англаб, чуқур фикрлайдиган янги авлод вакиллари етилиб чиқмоқда. Улар маҳаллаларга бориб, халқ билан очиқ мулоқот қилмоқда, ташаббус кўрсатмоқда.

    Ҳозирги давр раҳбарларининг аксарияти энди юқори идоралардан кўрсатма кутиб ўтирмасдан, мустақил ва дадил иш олиб боришга киришмоқда. Шунинг учун бошқарув тизимидаги юқорида келтириб ўтилган асосий талабларни максимал даражада ижро этиш ҳар бир раҳбарнинг жамият олдидаги, давлат олдидаги юксак ва шарафли бурчи ҳамда халқимиз фаровонлигини янадан ошириш борасидаги маъсулияти ҳисобланади.

    Бу эса Президентимизнинг “Менинг асосий талабим – одамларни тушуниш, уларнинг қувончу ташвишлари билан яшаш, ён-атрофдаги вазиятга оддий халқнинг кўзи билан қараш ва баҳо бериш, эл-улусдан ажралиб қолмаслик керак”, деган талабига жуда мос келади.

    Баҳодир УМУРЗОҚОВ,

    Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири маслаҳатчиси,

    иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.