Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.
Шу йилнинг 24 сентябрь куни 1980 йилда туғилган Р.О. қизи Ж.Р. (2010 йилда туғилган) таҳсил оладиган Яшнобод туманидаги 204-умумий ўрта таълим мактабига бориб, мактаб раҳбарияти билан тортишиб, мактаб директорининг ММИБ ўринбосари Ғ.М. (аёл) га нисбатан жисмоний куч ишлатган. Аёлдан жамоат жойида тартибига риоя қилиши сўралганида, мактаб ҳудудида Миллий гвардия ва ИИО ходимларига нисбатан ғайриижтимоий муносабатда бўлиб, уларининг қонуний талабларини бажармасдан кескин қаршилик кўрсатган. Ушбу ноқонуний ҳаракатларини Р.О. кўплаб мактаб ўқувчилари кўз ўнгида содир этган.
Маълумотларга кўра, 25 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида мазкур иш кўриб чиқилди.
Р.О. суд томонидан МЖтКнинг 183-моддаси (Майда безорилик), 194-моддасининг 1-қисми (Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) қонуний талабларини бажармаслик) ва 197 (5) моддаси (Таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш) билан айбдор деб топилиб, унга 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси, БҲМ нинг 3 баравари (1 020 000 сўм) ва БҲМнинг 7 баравари (2 380 000) сўм жарима жазоси тайинланди.
Шу билан бирга, Р.О. нинг Чилонзор туманидаги 188-сонли умумтаълим мактабда 6-синф ўқувчисига нисбатан содир этган ҳаракати юзасидан ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганлигини эслатамиз, — дейилади хабарда.
Педагог ва тарбиячилар тегишли вазифа ёки лавозимга тайинланишидан аввал махсус психологик кўрикдан ўтказилиши керак. Номуносиб хулқли, бола соғлиғи учун хавфли шахслар таълим-тарбия муассасаларида фаолият юритишига йўл қўйиш мумкин эмас.