Ғарбий Тян-Шаннинг улкан ва ноёб ўсимликлари, ҳайвонот ва қушларини ўрганиш, сақлаб қолиш, кўпайтириш мақсадида ташкил қилинган Чотқол Давлат биосфера қўриқхонаси туманимизнинг шарқий қисмидан 70 километр узоқликда, Чотқол тоғ тизмаларида жойлашган. У ерга махсус автомобилда йўл юриб, қир-адирларга яқинлашар эканмиз, кайфиятимизда ажиб бир ҳислар жўш ура бошлади. Борлиқ манзараси таърифлаб бўлмас даражада гўзаллик касб этар, азим тоғлар қулоч ёзиб, «Хуш келибсиз!», деяётгандек гўё. Шарқироқ сой четидаги сулув мажнунтол ҳам, янги келинчак каби эгилиб салом солаётгандек.
Қолган масофани от уловда юриб борилар экан. Бизга тажрибали йўлбошчи Абдуҳамид Абдиев ҳамроҳлик қилди. Унинг айтишича, отлар бу йўллардан юришга жуда қулай экан. Сабаби, оёқ ости чақир тошлар билан қопланган, бошқа ҳеч қандай техника бу йўллардан юра олмайди.
Сафаримиз Кумушкон, Оқсоқ отадан ўтиб, қўриқланма ҳудуд ҳисобланадиган Кичик Майдонтол дарасидан бошланди. Ҳудудга яқинлаша борар экансиз, денгиз сатҳидан 1100-4000 метр баландликда ўзингизни бироз сархуш сеза бошлайсиз. Чунки, бу жойнинг ҳавоси шаҳар ҳавосидан бутунлай фарқ қилади. Тоза ҳаво танангизни яйратиб юборади.
Қояли чўққилар ва тик қияликлардан иборат тоғ тизмасидан юқорида ўрмон ва ўтлоқлар бор, деса, ишонгиси келмайди одамнинг. Ўрмонда ҳайвонот оламининг 1300 га яқин турларини учраши хаёлингизга келмаса керак?
Қоялар устида кенг қанот ёзган қуш кўринди. Ҳаяжонланиб ҳамроҳимдан шу ҳақда сўрайман:
– Бу тоғ бургути, – дейди Миродилла ака, қизиқаётганимни сезаркан. – Қўриқхонамиз ҳудудида қушларнинг 124 тури учрайди. Булар орасида йиртқичлари, ўлаксахўрлари ҳамда ноёб турлари бор, уларнинг кўпчилиги Ўзбекистон ва халқаро «Қизил китоб»га киритилган. Сал нарида оқ бошли қумой, қора тасқараларни кўрасиз. Омадимиз келса, болтаютарни ҳам кўришимиз мумкин!
Юрагим тошиб бургутга термуламан: «Салом бургут, халқимнинг ғурури, тоғ шунқори!»
Серкалисойдан ўтиб, Майдонтолга етганимизда дарахтлар қуюқлашди. Дарахтдан-дарахтга сакраётган олмахонларга ҳайрат билан боқаётганимизда ногоҳ отларимиз ҳуркиб кетди. Йўлбошчимиз яқин атрофда айиқ изғиб юрганини айтиб қолди. Ҳаммамиз сергакланиб жим туриб қолдик.
– Отларни исини олган шекилли, – дея Абдуҳамид ака отларни жиловлади. Айиқни фақат ҳайвонот боғида кўрганман холос, қўрқиб кетдим. Ўрмонда энг даҳшатли учрашув қўнғир айиқ билан бўлиши табиий, сабаби сал кам ярим тонналик йиртқичга бас келишнинг имкони йўқ. Бироқ қўриқхона ходимлари ҳам айиқнинг ўлжасига айланадиган анойилардан эмас экан. Улар ҳар бир дараю адирни, ҳар бир сўқмоқни яхши билишади. Йўлни чапга солиб кичик дара томон юрдик.
Шу вақт ёнгинамдан нимадир потирлаб ўтди, шошганимдан айиққа чалғиб, чўчиб тушдим. Ахир ёнингизга бўри ёки қобон келиб қолса борми, нима қиларингизни билмай қоласиз. Қобон анчайин хавфли ҳайвон, ёввойи чўчқа ҳам дейишади. У ҳақда бир ўзингиз бўлсангиз, сузиб олиб кетиши мумкин, деб эшитгандим. Сигирдек келадиган, оғзидан сўйлоқ тишлари бўртиб чиққан чўчқа оч қолса, ўтхўрлигини ёдидан чиқариб қўяди.
Отлардан тушиб, бироз дам олиш учун тўхтадик. Харсанглар атрофига яқинлашмаган маъқул экан: «Атрофда илон, жайра ёки тулкининг уяси бўлиши мумкин!» – деди Абдуҳамид ака ўтиришимиз учун тўшама соларкан.
– Ака, тоғ эчкисини ҳам кўрармиканмиз?
– Тоғ эчкилари тоғнинг учида учраб қолади, балки омадингиз келса дурбин орқали кўриб қоларсиз! Тўғриси, мутахассисларимиз ҳам бир неча кун тоғда қолиб базўр учратишади.
– Миродилла ака, ундай бўлса Илвирсни кўришни орзу қилмасам ҳам бўларкана?
– Ўх-хў, иштаҳалари карнайку! – дейди Абдуҳамид ака кулиб.
– Орзу қилган яхши, - Миродилла ака тушунтирди, – Биринчи марта саёҳатга чиққан йўловчига бирор ҳайвон учрашининг ўзиёқ, катта омад. Ходимларимиз билан бир мартагина кўришни орзу қиладиган ҳайвонимиз бу Тян-Шан фахри ва гўзали, қор қоплони – Илвирс! Уни кўришнинг деярли имкони йўқ, шундай машаққатки, асти қўяверасиз! Уч-тўрт йил олдин фотоқопқонимизга кўриниш берган холос. Бу тоғларда ўрганилмаган жойлар, ўсимликлар ва ҳайвонлар жуда кўп! Табиатни ҳис қилиб, атрофга теран қарасангиз, борлиқ сизга ўз сир-синоатларини очади. Мана, бизга айиқ учради, хайриятки кўнгилсизлик бўлмади. Айиқларнинг асалхўрлик қилишини биларсиз?!.
Қўриқхонамиз ҳайвонот дунёсининг йигирма тури: капалаклардан Алексанор, Тенсиз алвончи, Қулжа арвоҳкапалаги, Прозерпина, Кожевников гўнгпашшаси, балиқлардан Туркистон лаққачаси, Чотқол шайтонбалиғи (тошбуқаси), йиртқич ҳайвонлардан Илвирс (тоғ қоплони), Туркистон силовсини, Қўнғир айиқ, Кўк суғур, қушлардан Болтаютар, Қумой, Оқ бошли қумой, Маллабош лочин (саҳро лочини), Итолғи, Кичик бургут, Бургут, Илонбургут, Тасқаралар Ўзбекистон Республикаси «Қизил китоб»ига, шулардан етти тури Халқаро «Қизил китоб» га киритилган.
– Баҳорда бу жойларни танимайсиз, бутун борлиқ гулзорга айланади, – дейди Абдуҳамид ака гапни илиб, – Қўриқхонамиз ўсимлик турларига бойлиги жиҳатидан Ўзбекистон қўриқхоналари орасида биринчи ўринни эгаллашидан фахрланмай бўладими?! Ўсимликларни айтмайсизми, 80 оилага мансуб 748 тур ва кенжа турлари бор. Бу 2 минг 844 турдан иборат Ғарбий Тян-Шан ўсимлик дунёсининг деярли ўттиз фоизи дегани, ука!
Ҳаяжонланиб, кичик сўқмоқлардан оҳиста юриб борар эканман, қуён, бўрсиқ, тулки, жайралар ёнгинамдан ўтиб кетди. Бу гал қўриқхона нозири айтмаса ҳам, илғаб ололдим. Дурбин орқали тоғ эчкисини харсангтошлар орасида базўр илғадим, топдим дегунимча тошдан-тошга сакраб кўздан ғойиб бўлди. Табиатнинг сирлилиги ҳам, жозибаси ҳам шунда эҳтимол!
Қадам босганингиз сари борлиқ сукунатга чўмиб боради. Ўрмон ҳайвонлари меҳмонларни хуш кўрмайди чоғи. Фақатгина ўрмон четида жилдираётган ирмоқнинг шовуллаши, гўёки кўҳна тоғлар меҳмонларига илтифот кўрсатиб: «Яна кел меҳмон, сен кўрмаган синоатлар бизда бисёр», деяётгандек эди...
Достонбек ШАРИПОВ