COP16: дунё давлатлари қурғоқчилик ва чўлланишга қарши кураш учун яна бир бор бирлашади

    UNCCD COP16 қурғоқчиликка чидамлилик бўйича глобал ҳамкорликнинг янги даврини бошлаб, ерни қайта тиклаш жараёнини кенгайтиради ва тезлаштиради.

    2024 йил 2 декабрдан 13 декабрга қадар Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси (UNCCD) тарафлари конференциясининг 16-сессияси (COP16) бўлиб ўтади. Унда бутун дунё эътибори қурғоқчилик ва чўлланишга қарши курашга қаратилади.

    Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон 2023 йил 13-17 ноябрь кунлари БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси (UNCCD) бажарилишини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси (CRIC-21)га мезбонлик қилди. Унда ерни барқарор бошқариш, қурғоқчиликка чидамлиликни ошириш, барқарор қишлоқ хўжалигида аёллар етакчилигини қўллаб-қувватлаш, ер деградацияси ва унинг олдини олишга қаратилган тадбирларни молиялаштириш ҳамда иқлим ўзгариши билан боғлиқ мажбурий миграцияга қарши курашишда стратегик мақсадларни амалга ошириш борасидаги муаммолар ва имкониятлар кўриб чиқилди. Шунингдек, Саудия Арабистонида ўтказиладиган COP16да Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган Чанг ва қум бўронлари бўйича Самарқанд декларациясини кўриб чиқиш таклиф қилинди.

    COP16 “Бизнинг диёримиз. Бизнинг келажагимиз” шиори остида 197 томон (196 мамлакат ва Европа Иттифоқи) экспертлар ва фуқаролик жамияти вакилларини бирлаштиради.

    COP16 давомида қуйидаги масалалар кўзда тутилган қарорлар қабул қилиниши кутилмоқда:

    — 2030 йилгача ва ундан кейинги йилларда деградацияга учраган ерларни тиклашни жадаллаштириш;

    — ўсиб бораётган қурғоқчилик ва қум-чанг бўронларига қаршиликни кучайтириш;

    — ерларни қайта тиклаш ва табиий озиқ-овқат ишлаб чиқаришни кўпайтириш;

    — ерга бўлган ҳуқуқларни таъминлаш ва барқарор бошқариш учун тенгликни таъминлаш;

    — янги иқтисодий имкониятларни, жумладан, ер бошқарувида ёшлар учун муносиб иш ўринларини яратиш.

    Тадбир давомида етакчи давлатлар саммити ўтказилади, унда давлат раҳбарлари, тадбиркорлар ва жаҳон етакчилари глобал ва минтақавий даражада чўлланиш, ерларнинг деградацияси ва қурғоқчилик муаммоларига ечим излайди. Шунингдек, турли тақдимотлар, маърузалар, экологик муаммоларга қарши курашда ёшларнинг ўрни, гендер масалаларига ҳам эътибор қаратилади, деб хабар беради Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати.

    Маълумот учун, ҳозирги вақтда дунёнинг 40 фоизга яқин ери деградацияга учраган, бу 3,2 миллиард инсонга бевосита таъсир кўрсатяпти. Қурғоқчилик даражаси 2000 йилдан буён 29 фоизга ошди ва 2050 йилга келиб дунё аҳолисининг 4/3 қисми қурғоқчиликка дучор бўлиши мумкин. Бундан ташқари, ҳар йили камида 100 миллион гектар соғлом, унумдор ерлар йўқотиляпти. Қурғоқчиликдан азият чекаётганларнинг 85 фоизи ривожланаётган мамлакатларда яшайди.

    Агар вазият шундай давом этса, 2030 йилгача ер деградациясидан холи дунёга эришиш учун 1,5 миллиард гектар ерни қайта тиклаш керак бўлади.

    1 000 000 000 (бир миллиард) ёшлар ер ва табиий ресурсларга боғлиқ бўлган ривожланаётган ҳудудларда яшайди. Бу эса ерни қайта тиклаш бўйича глобал мажбуриятларни бажариш учун эса ёшларни жалб қилиш лозимлигини англатади.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates