Дам олиш кунлари салқин ва серёғин бўлиши кутилади

    Мамлакатимизда 25 август 2023 1542

    Якшанба куни Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида об-ҳавонинг кескин ўзгариши кутилмоқда.

    Бугун кундуз куни Ўзбекистон ҳудуди бўйича кам булутли, қуруқ ва иссиқ об-ҳаво сақланиб туради. Ҳаво ҳарорати 36-39 даражага етади.

    Эртага, 26 августда республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларига Россиянинг жанубий ҳудудларидан нам ва салқин ҳаво массалари кириб келиши бошланади. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ва куннинг иккинчи ярмида Бухоро, Навоий вилоятларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

    Республиканинг қолган ҳудудларида 26 августда қуруқ об-ҳаво сақланиб туради, ҳарорат 33-36 даражани ташкил этади.

    27-28 август кунлари нам ва салқин ҳаво массалари кириб келиши Ўзбекистоннинг барча ҳудудларини қамраб олади. Барча жойларда булутлилик кучайиши кутилмоқда, республиканинг кўпчилик вилоятларида баъзи жойларда вақти-вақти билан момақалдироқ билан ёмғир ёғади. Кундузги ҳаво ҳарорати 23-28 даражагача пасаяди. Кечаси ва эрталаб ҳаво бироз салқинлашади. 28 августга келиб, кечаси ҳарорат 13-16даражагача пасаяди.

    Ушбу кунларда шамол тезлиги 17-22 м/с гача кучайиши кутилмоқда, баъзи жойларда 23-25 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши мумкин.

    Республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида об-ҳавонинг ўзгариши сезиларли бўлади, бу ҳудудларда 27-28 август кунлари баъзи жойларда кучли ёмғирлар ёғиб ўтади.

    Кутилаётган кучли ёмғирлар ёғиши ҳисобига республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида 27-29 август кунлари сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.

    Пойтахтимизда:

    25-26 август кунлари ҳаво асосан бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 5-10 м/с тезликда эсади. Ҳарорат 25 августда 36-38даража, 26 августда кечаси 22-24даража, кундуз куни 34-36 даража бўлади.

    27 августда ва кечаси 28 августда вақти-вақти билан ёмғир ёғади момақалдироқ бўлиши мумкин.

    28 августда эрталаб бироз ёмғир ёғиши мумкин, кундузи ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 5-10 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечалари 14-16даражагача, кундуз кунлари 24-26 даражагача пасаяди, деб хабар беради Ўзбекистон гидрометеорология хизмати маркази.