Давлат дастури ижроси парламент ва жамоатчилик назоратида

    Мамлакатимизда 10 декабр 2021 1056

    «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастури ижроси юзасидан навбатдаги жамоатчилик эшитуви жорий йил 10 декабрда ўтказилди.

    Жамоатчилик эшитуви «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

    Тадбирда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Туризм ва спорт вазирлигининг масъул раҳбарлари Давлат дастурининг тегишли бандларида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан кенг жамоатчиликка ахборот тақдим этди.

    Жумладан, Дастурнинг 81-бандига мувофиқ, ҳудудларда ташқи қарз ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича жамоатчилик назорати тизимини такомиллаштириш;

    87-бандга кўра, махсус иқтисодий зоналар иштирокчиси мақомини олиш жараёнларида шаффофликни таъминлаш мақсадида соҳага ахборот-коммуникация технологияларини қўллашни кенг жорий этиш;

    103-бандга кўра, туризм соҳасидаги битирувчиларни иш билан таъминлаш мақсадида иш берувчилар билан ҳамкорликни ташкил этишга қаратилган онлайн-платформа яратиш;

    156-бандга кўра, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари тажрибаси асосида барча шаҳар ва туманларида «Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари»ни ташкил этиш ва бошқа шу каби вазифаларнинг ижро ҳолати юзасидан масъуллар ҳисоботи тингланди.

    Жамоатчилик эшитуви давомида ташқи қарз ҳисобидан ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида ҳудудларда амалга оширилаётган лойиҳалар неча маротаба маҳаллий Кенгашлар ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилганлиги, махсус иқтисодий зоналар иштирокчиси мақомини олишда электрон танлов ўтказиш тартиби қай даражада шаффоф тарзда йўлга қўйилганлиги, бўш иш ўринлари ярмаркаларида туризм фирма ва компанияларининг фаол иштирокини таъминлаш бўйича бажарилган ишлар, қайси ҳудудларда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ташкил этилганлиги ва уларни зарур инфратузилма билан таъминлаш ишларининг ҳолати қандай эканлиги каби саволларга жавоб олинди.

    Тадбирда ҳудудларда ташқи қарз ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича жамоатчилик назоратини самарали ташкил этиш суст экан, ёшлар саноат зоналарини зарур инфратузилма билан таъминлашда камчиликлар мавжудлиги каби муаммолар танқид қилинди ва ушбу масалалар доимий равишда жамоатчилик назоратида бўлиши таъкидланди.

    Эслатиб ўтамиз, «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» давлат дастури жами 273 банддан иборат бўлиб, бу борада батафсил маълумот «Jamoatchilik.uz» платформасига жойлаштирилган. Платформада Дастур ижроси юзасидан фикр-мулоҳазалар қолдириш имконияти яратилган.

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates