Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари, сиёсий партиялар, республикада фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотларининг 300 нафардан ортиқ вакиллари иштирок этишди.
Жамоатчилик муҳокамасида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Президент Фармони лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди.
Дастлаб “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков 2024 йилги Давлат дастури лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва унда назарда тутилаётган чора-тадбирлар, уларнинг ижросини таъминлашда ННТлар ва фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштирокини таъминлаш, аҳоли томонидан келиб тушаётган таклифларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Сўнгра Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Кенгаши раиси Камолиддин Ишанходжаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита раиси Шухрат Бафаев Давлат дастури лойиҳаси ҳақида ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.
Шундан сўнг Давлат дастури лойиҳасининг бешта йўналишида белгиланаётган вазифалар тўғрисида ҳамда айни кунга қадар “Тараққиёт стратегияси” марказининг махсус uzbekistan2030.uz портали ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали кенг жамоатчиликдан келиб тушган концептуал таклифлар соҳа ва тармоқлар кесимида экспертлар иштирокида таҳлил қилинди.
Таъкидландики, энг кўп таклифлар давлат дастурининг биринчи – “Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш” йўналиши доирасида кўзда тутилаётган чора-тадбирлар, хусусан, таълим, соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, хотин-қизлар, ёшлар масалаларига оид ташаббуслар юзасидан келиб тушмоқда.
Шунингдек, билдирилаётган таклифлар кўламидан жамоатчиликни Президент Фармони лойиҳасининг 4-банди, яъни “Ёшлар ўртасида тадбиркорликни кенг оммалаштириш ва бизнес билан шуғулланишга қўшимча имкониятларни яратиш”га қаратилган чоралар қизиқтираётганини кўриш мумкин. Жумладан, фуқаролар ҳужжат лойиҳасида кўзда тутилаётган ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга ажратиладиган кредитлар ҳажмини ошириш масаласини қўллаб-қувватлаган ҳолда уларни ажратиш механизмларини такомиллаштириш лозимлиги ҳақида ўз таклифларини илгари сурмоқда.
Муҳокамалар давомида иштирокчилар томонидан ҳам концептуал таклиф ва ташаббуслар билдирилди. Улар умумлаштирилиб, Фармон ва давлат дастури лойиҳасининг тегишли бандларида акс эттириш учун кўриб чиқилиши маълум қилинди, деб хабар беради “Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати.