Атроф-муҳит ҳамда ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уларни келажак авлодга бор таровати билан етказиб бериш бурчимиз саналади. Бу борада юртимизда кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. “Яшил макон” умуммилий лойиҳаси ана шундай тадбирлардан биридир. Давлат экология қўмитаси томонидан ташкил этилган медиа-турда дастлаб қўмитада кузги кўчат экиш “Долзарб 40 кунлик” тадбирларини сифатли ўтказиш бўйича ташкил этилган Республика штаби фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди.
– Кўчат экиш ишларини самарали ташкил этиш мақсадида Қўмита, вилоятлар, шаҳар ва туманларда штаблар фаолияти йўлга қўйилди, – дейди Экологик ахборот, АКТни жорий этиш ва мультимедиа маркази директори Даврон Абдуллаев. – Мазкур штабларда экилаётган дарахт кўчатларининг ҳисоби юритилиб, кунлик маълумотлар жорий йилнинг баҳор мавсумида синов тариқасида ишга туширилган yashilmakon.eco пластформасига киритилади. Дарахтларни текшириш ва назоратга олиш Давлат экология қўмитаси ҳудудий инспекторлари зиммасига юклатилган. Уларни текшириб, махсус планшетлар ёрдамида суғориш тизими мавжудми ёки йўқми, қаерга экилгани, дарахт тури ва сони текширилади, агротехник тадбирлар назоратга олинади. Энг муҳими, расм ва локациялар кўрсатилади. Ҳар бир фуқаро платформага кириб, жараён билан танишиши мумкин.
Таъкидланишича, экиш ва парваришлаш ишларини илмий ёндашув асосида ташкил этиш, табиий иқлим шароитига мос кўчатларни танлаш, агротехник тадбирларни тўғри амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида Давлат экология қўмитаси томонидан республика ва ҳудудий эксперт гуруҳлари ишлари ташкиллаштирилган. Республика штабида call center орқали соҳа мутахассислар томонидан кўчатларни экиш ва парвариш қилиш бўйича маслаҳат ва тавсиялар ҳам берилади.
Ҳудудларда кўчатларни етказиб бериш ва нарх-наво барқарорлигини таъминлаш мақсадида 211 та кўчат ярмаркалари ва савдо нуқталари ташкил этилган.
Маълумот ўрнида: жорий йилнинг 2 ноябрь ҳолатига кўра, юртимизда 13 миллион 109 минг 500 туп кўчат экилди. Мазкур кўчатларнинг 9 миллион 328 минг 670 тупи платформага киритилди.
Медиа-тур давомида қатнашчиларга экилаётган кўчатларнинг “yashilmakon.eco” электрон платформасига қай тартибда киритилиши ҳам амалий тарзда кўрсатилди.
Айни пайтда атроф-муҳитга таъсири юқори ва ўрта бўлган корхона ва ташкилотлар фаолияти устидан мунтазам равишда мониторинг амалга оширилмоқда. Сўнгги икки йилда мониторинг дастурига киритилган корхоналар сони қарийб 2 баробарга кўпайиб, ҳозирги кунда қамраб олинган корхоналар сони 800 тани ташкил этмоқда.
Табиий муҳитни ифлослантирувчи манбалар бўйича экологик мониторинг кузатувлари ўтказилмоқда.
Қўмита томонидан журналист ва блогерларга Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосидан намуна олиш ва мониторинг қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар амалий кўрсатиб берилди.