Давлат ва халқ таянадиган асосий устун – қонун унинг кучини амалда намоён этадиган энг самарали тизим эса ички ишлар соҳаси

    Бу йил мамлакатимиз мустақиллиги ва суверенитети, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган Ўзбекистон Ички ишлар органлари фаолиятининг 31 йиллиги кенг нишонланмоқда.

    Шу муносабат билан янги Ўзбекистон ички ишлар органларининг бугунги қиёфаси ҳақида сўз юритишни жоиз топдик.

    Маънавий-маърифий тараққиётнинг умумэътироф этилган тамойилларидан бири – инсонпарварлик. Тамаддун ўлчами – инсоннинг тинч яшаш ҳуқуқини, қадр-қимматини ҳимоя қилиш ва ҳар бир шахснинг эркин ҳаёт кечиришини таъминлаш. Шу маънода, ички ишлар органлари мамлакатда жорий этилган қоидаларга талаб даражасида амал қилиниши, давлат стратегияларини ҳимоялашда муҳим ўрин тутади.

    Ҳаракатлар стратегияси доирасида ўтган давр мобайнида давлат ва жамият ҳаётини тубдан ислоҳ этишга қаратилган қонунчилик базаси тубдан янгиланди. Бу янги Ўзбекистоннинг ҳуқуқий майдонини мустаҳкамлашга, унга нисбатан ишонч руҳи ва мамлакатимиз билан ҳамкорликка интилиш тамойиллари кучайишига хизмат қилди. Бундай янгиланишларга ҳамоҳанг тарзда ички ишлар органлари тизимини ислоҳ этиш борасида узвий чора-тадбирлар олиб борилди. Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ички ишлар органларини мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни асраш, фуқароларимиз ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг асосий субъектларидан бирига айлантирди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Агар давлат таянадиган асосий устун қонун бўлса, унинг кучини амалда намоён этадиган энг самарали тизим, бу – ички ишлар соҳаси, десак айни ҳақиқат бўлади”.

    Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва унинг органлари катта, мураккаб тузилишга эга. Унинг муҳим вазифаси – қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мунтазам мустаҳкамлаб бориш, фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликка қарши курашиш.

    Ўзбекистонда олий қадрият, деб тан олинган инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари таъминланишини янада мустаҳкам кафолатлаш мақсадида, 2016 йил 16 сентябрда “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Унга қадар ички ишлар органлари тарқоқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида фаолият олиб борган.

    Тизим фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратининг янги механизми ўрнатилди. Ички ишлар органи бошлиғидан тортиб профилактика инспекторигача халқ олдида ҳисобот берадиган амалиёт жорий этилгани аҳолининг уларга бўлган ишончини янада оширмоқда. Одамларни эшитиш, муаммоларини ўрганиш тизими яратилди.

    Республика ички ишлар органлари шахсий таркибининг интеллектуал ва касбий даражасини ошириш, уларга қўшимча тадбир ва ишлардаги иштироки туфайли ортиқча вазифалар юкланишини бартараф этиш мақсадида соҳавий хизматлар ўртасидаги вазифаларнинг аниқ чегаралари белгилангани фаолият самарадорлигини оширишнинг муҳим омили бўлди.

    Эл ишончи ва меҳрини қозониш йўлида

    Ҳар қандай жамиятда қонун устувор бўлмас экан, у ерда барқарор ривожланишга, инсоннинг эъзозланишига эришиш даргумон. Президентимиз ҳақли таъкидлаганидек, “Ислоҳотларимиз самараси кўп жиҳатдан 4 та муҳим омилга, яъни қонун устуворлигини таъминлаш, коррупцияга қарши қатъий курашиш, институционал салоҳиятни юксалтириш ва кучли демократик институтларни шакллантиришга боғлиқ”.

    Ҳаракатлар стратегияси доирасида Президентимизнинг 2017 йил 10 апрелдаги “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Фармонда кейинги йилларда ички ишлар органлари фаолиятида тўпланиб қолган жиддий камчилик ва муаммолар бирма-бир санаб ўтилганки, бу – 2017-2022 йилларда тизим фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда ҳар бир ходимнинг шахсий жавобгарлигини оширишга хизмат қилди.

    Ўз навбатида, фармонда кўзда тутилган мақсадлар моҳияти дунёда ва ён-атрофимизда юзага келаётган хавф-хатар ва таҳдидлар – халқаро терроризм, диний экстремизм, ноқонуний миграция, одам савдоси, ёшлар ўртасида халқимизга ёт ғоялар тарқалишининг тобора кучайиб бораётгани ички ишлар органлари олдига уларнинг ўз вақтида олдини олиш ва барҳам бериш бўйича янги вазифаларни қўйди. Шу боис, ички ишлар органлари барча даражадаги бўлинмаларининг вазифа ва функциялари аниқ белгиланди, ташкилий-штат тузилмаси мақбуллаштирилди. Бошқарув тизими мутлақо янги шаклда тузилди. Турдош соҳавий хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш учун бевосита вазир ўринбосари томонидан бошқарилаётган Тезкор-қидирув, Жамоат хавфсизлиги, Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш, Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаментлари ташкил этилди. Барча жазони ижро этиш муассасалари ҳудудий ички ишлар органлари бўйсинувидан чиқарилиб, бевосита Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментига ўтказилди.

    Тизим фаолияти тубдан такомиллаштирилиб, марказий аппаратдаги шахсий таркибнинг 85 фоизи бевосита аҳоли яшаш пунктларига, қуйи тизимларга туширилди. Ички ишлар органларини халққа янада яқинлаштириш, мурожаатларни тун-у кун қабул қилиш, мавжуд муаммоларни жойида ва ўз вақтида ҳал этиш мақсадида 260 дан ортиқ ички ишлар бўлими ва бўлинмалари фаолияти тўлиқ янгидан ташкил этилди.

    Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ички ишлар органлари замонавий техника билан таъминланган, халқчил ва очиқ, криминоген вазиятни мустаҳкам ва ишончли назорат қила оладиган, мобил ва ихчам тузилмаларга айланиб бормоқда. Ривожланган хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини чуқур ўрганган ҳолда, амалий фаолиятга янгича иш услублари ва механизмларини, хусусан, рақамли технологияларни кенг татбиқ этиш амалиёти йўлга қўйилди.

    Ходимларнинг замонавий қиёфасини яратишга қаратилган дастурий ҳужжат

    2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси 17-мақсади: “Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг янги қиёфасини шакллантириш ва уларнинг фаолиятини халқ манфаатлари, инсон қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш”, деб номланиб, унда “Ички ишлар органларини халқнинг ишончли ҳимоячиси сифатида халқчил профессионал тузилмага айлантириш ҳамда аҳоли билан мақсадли ишлашга йўналтириш”, вазифаси белгиланган.

    Бу ходимларнинг ўз ваколатларини бажаришда профессионализмнинг ўзи етарли эмаслигини, маънавий ва маърифий тайёргарлик муҳим восита саналишини билдиради. Ички ишлар органлари ходимларининг маънавияти, деганда улар ўзини халқ вакили, деб билган ҳолда, она Ватан тупроғини, сувини, мусаффо осмонини ва жамики бойликларини кўз қорачиғидай асраши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини виждонан, имон-эътиқод, садоқат, ишонч, ҳалоллик, довюраклик, беғаразлик, ҳурмат, фидойилик ва ақлий теранлик билан ҳимоя қилишга қаратилган ички руҳий ва ақлий олами мажмуини тушуниши керак.

    Замон ички ишлар тизимидаги таълим муассасаларида таҳсил олаётган тингловчи ва курсантларни собитқадам, юксак маънавият ва қонун устуворлиги асосида яшайдиган мутахассис қилиб етиштириш, адолат, ҳалоллик, довюраклик ҳамда ҳақиқий ватанпарварлик руҳида тарбиялашга эътибор қаратишни, касбий, руҳий ва жанговар тайёргарлигини оширишга қаратилган тадбирларни янги сифат босқичига кўтаришни талаб этмоқда.

    Президентимизнинг 2017 йил 29 ноябрдаги “Ички ишлар органлари кадрлари билан ишлаш ва уларнинг хизматини ташкил этиш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ички ишлар органлари ходимлари хулқ-атворининг янгиланган қоидалари, ходимларни тарбиялаш ва хизмат вазифаси талаб даражасида бажарилишини таъминлашни назарда тутадиган Ички ишлар органларининг интизом устави қабул қилинди. Шунингдек, Президентимизнинг 2021 йил 2 апрелдаги қарори билан Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепцияси тасдиқланди.

    Сир эмаски, мафкуравий таҳдидлар авж олаётган бугунги даврда қайси соҳа вакили бўлмасин, ҳар бир инсон, аввало, ўз салоҳияти, маънавий дунёқараши, ахлоқий фазилатларини юксалтириб бориши, юзага келаётган турли хатарларга қарши мустаҳкам иммунитет ҳосил қилиши керак. Шу маънода, концепциянинг асосий мақсади ходимларни ҳар қандай шароитда давлат ва халқ манфаатларига хизмат қиладиган, миллий қадриятларга содиқ, умуминсоний қадриятларга таянадиган, ёт ва бузғунчи ғояларга қарши муросасиз курашувчи баркамол шахс сифатида тарбиялаш, улар қалбида давлат ва халқимиз хавфсизлигини таъминлашда шахсий дахлдорлик ва юқори масъулият ҳиссини шакллантиришдан иборат.

    Концепцияда маънавий-маърифий ишларни амалиётга узлуксиз татбиқ этиш тизими ҳам яратилди. Ички ишлар органлари тизимида ҳар ҳафтада “Ватанпарварлик куни” тадбирлар ташкил этилиши йўлга қўйилди.

    Бугун янги Ўзбекистонда халқчил ички ишлар органлари тизимини яратиш – бош ғояга,Ватан ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз” концептуал ғояси ички ишлар органлари ходимларининг ҳаракат дастурига айланди.

    Ходимларимизда халқ нигоҳи билан ўзига баҳо бериш кўникмаси шаклланмоқда. Аҳоли ички ишлар органлари ходимларини нафақат профессионал ва маҳоратли касб эгаси, балки муомала одоби ва эстетикасига эга шахс сифатида кўришни истайди. Ижтимоий тармоқларда ходимларимизга нисбатан билдирилаётган эътироз ва танқидларнинг аксарияти муомала одоби ва эстетикага тегишлидир. Шу сабабли, бугун ички ишлар органлари ходимига муомала одоби ва эстетикасини ўқитиш – ҳаётий эҳтиёжга айланди.

    Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепциясига мувофиқ, 2021–2022 ўқув йилидан бошлаб вазирлик таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишларни кучайтиришга қаратилган тадбирлар тизими жорий этилди.

    Ички ишлар вазирлиги Академиясида курсант ва тингловчиларни Ватан ва халқ манфаатларини шахсий манфаатлардан устун қўядиган, қонунларга қатъий бўйсунувчи, касбига садоқатли ходимлар сифатида тайёрлаш мақсадида “Ички ишлар органлари ходимининг муомала одоби ва эстетикаси”, “Ватанпарварлик тарбияси” ва “Касбий маданият” каби фанлар, Малака ошириш институти тингловчиларида мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш мақсадида “Геосиёсий манфаатлар тўқнашуви ва мафкуравий кураш” ва “Коррупция — ички маънавий таҳдид” махсус курсларини ўқитиш йўлга қўйилди.

    Профилактика инспектори маҳалланинг ички ишлар органларидаги вакили

    Президентимизнинг 2021 йил 2 апрелдаги қарори билан “Маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Унда халқнинг ичига кириш, жиноятчиликни барвақт профилактика қилиш, фуқаролар тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш каби катта мақсадлар кўзда тутилган.

    Муҳим ўзгаришлардан яна бири сифатида профилактика инспектори маҳалла раисининг ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш бўйича ўринбосари этиб белгиланганини айтиш мумкин. Бунда “Хавфсиз таълим муассасаси” тамойили асосида вояга етмаганлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича манзилли чораларни назарда тутувчи аниқ вазифалар белгиланди. Жумладан, туман, шаҳар ички ишлар органлари таркибида вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психолог лавозими жорий этилиши ҳамда уларнинг бевосита хизмат ўташ жойи этиб умумтаълим муассасалари белгиланиши вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг барвақт олдини олишга хизмат қилади. Шу тариқа, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб умумтаълим муассасаларида махсус жиҳозланган хизмат хоналарига эга бўлган инспектор-психологлар фаолияти йўлга қўйилди.

    Ҳозирда профилактика инспекторлари бевосита жойларга чиқиб оилалардаги муҳитни, маҳаллаларда ҳуқуқбузарликлар содир этилишига таъсир этувчи ижтимоий омиллар ва бошқа муаммоларни ўрганиши ҳамда бартараф этиши бўйича “Хавфсиз хонадон” ва “Хавфсиз ҳовли” тизими ишламоқда. Бу профилактика инспекторларини “Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак”, деган туйғу билан хизмат қилишга руҳлантиради.

    Юртимизда ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг мутлақо янги ва ўзига хос тизими яратилди. Мамлакатимиздаги барча маҳаллалардаги криминоген вазият “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга ажратилиб, таҳлил қилинмоқда. Кейинги пайтда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш усуллари профилактика инспекторларининг кундалик хизмат фаолиятига айланди.

    Президентимизнинг 2021 йил 26 мартдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш тўғрисида”ги фармони билан ички ишлар органлари фаолиятини ташкил этишнинг мутлақо янги механизмлари амалиётга татбиқ этилмоқда. Хусусан, таянч пунктлари негизида маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари босқичма-босқич ташкил қилиняпти. Бунда маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани ҳудуддаги жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг асосий қуйи бўғини ҳисобланади.

    Маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани негизида ҳудуддаги ички ишлар органларининг тегишли соҳавий хизматлари ҳамда Миллий гвардия ва бошқа давлат органларининг мувофиқлаштирилган фаолияти ташкил этилади. Бунда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш ишларини тизимли ташкил этиш ва мувофиқлаштириш вазифаси профилактика инспекторига юкланади.

    Республикамизнинг барча ҳудудларида “Smart маҳалла” ахборот дастури ишга туширилмоқда. Бу профилактика инспекторига масофадан туриб мурожаат юбориш ва уни кўриб чиқиш жараёнини кузатиб бориш, аҳоли билан ўзаро тезкор мулоқотни йўлга қўйиш, профилактика инспекторлари ва сектор раҳбарлари фаолиятига баҳо бериш имконини беради. Шунингдек, ҳар ой якуни бўйича Интернет тизимидаги ахборот ресурслари орқали соҳа раҳбарлари томонидан аҳолига криминоген вазият юзасидан “профилактик-огоҳлантирувчи мурожаат” қилиш жорий этилмоқда.

    Барча ҳудудларда аҳоли учун қулай ва шинам, барча замонавий шароитларга эга бўлган уй-жойлар барпо этилмоқда. Ҳаётимизга “арзон уй-жойлар”, “ақлли уй”, “ақлли шаҳар”, “рақамли хизматлар”, Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Бешта муҳим ташаббус”, “Ҳар бир оила – тадбиркор” деган янги тушунча ва ҳаётий кўникмалар кириб келди. Янги Ўзбекистонда архитектура ансамблига замонавий ёндашилгани, илғор инфратузилмалар, маҳаллалардаги ижтимоий ва иқтисодий қулайликлар жиноятчиликнинг олдини олишга имкон яратди. Ўзбекистон бу йўлда 5 йил ичида катта тажриба орттирди.

    Сифатли архитектура аҳолининг фаровонлиги, тинч-тотувлиги ва маданият ривожланишига хизмат қилиши тадқиқотларда исботланган. Ўтган асрнинг 80–90 йилларида Нью-Йорк шаҳри полицияси кўп жиноят қайд этилган ҳудудларда ижтимоий объектларни қайта реконструкция қилиш, инфратузилмаларни тиклаш, бинолар деворидаги турли ножоиз тасвир ва ёзувларни тозалаш, кўчаларни ёритиш тадбирларини қўллаган. Бу стратегия 10 йил ичида жиноятчиликни 56 фоизга камайтирган.

    Мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш мақсадида давлат, жамият ва шахс хавфсизлигини таъминлаш тизими тубдан ислоҳ қилинмоқда. Бунинг учун энг қуйи – профилактика инспекторлари тизими замонавий тузилма сифатида шакллантирилди. Улар эндиликда маҳалла идоралари билан яқин ҳамкорликда фаолият олиб бормоқда.

    Бугун криминоген вазиятга йўл қўймаслик мақсадида ўзига хос тажрибалар йўлга қўйилди. Жумладан, Андижон вилоятида “Намунали ҳудуд”, Бухоро вилоятида “Хотин-қизлар билан ишлаш”, Фарғона вилоятида “Ёшлар билан ишлаш”, Бўка туманида “Президентнинг бешта ташаббуси”, Жиззах вилоятида “Жиноятга қарши курашиш ҳақиқати ва адолати”, Сирдарё вилоятида “Жиноятдан холи маҳалла”, Тошкент шаҳрида эса уюшмаган ёшлар билан ишлашга қаратилган тажрибалар жорий этилди.

    ИИВ Академияси профессор-ўқитувчиларининг илмий кузатувлари шундан далолат бермоқдаки, маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлашга йўналтирилган чора-тадбирлар криминоген вазиятни яхшилашга хизмат қилмоқда. Бу жараёнда Президентимиз ташаббуси билан таянч профилактика инспекторларига маҳаллаларнинг ўзида хизмат уйлари ва шахсий автомашина топширилгани самарадор тизим сифатида бугун ўзини тўла оқлади.

    Давлатимиз раҳбари 2021 йил 12 февраль куни Ички ишлар вазирлигига ташриф буюриб, вазирлик ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш, уларнинг содир этилиш сабабларини ўрганиш ва бартараф этиш, профилактика инспекторлари иш юкламасини енгиллаштириб, самарадорлигини ошириш лозимлигини таъкидлади. Бу каби вазифалар тизим фаолияти ривожланишида янги босқичга йўл очгани билан тарихий аҳамиятга эга бўлди.

    Бугунги кунда Ички ишлар вазирлигининг барча соҳавий хизматлари ходимлари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ички ишлар ходимлари шундай ишлаши керакки, токи халқ давлатдан рози бўлсин”, деган эзгу давъатини бажариш йўлида астойидил ҳаракат қилмоқда.

    Шариф ҚОБИЛОВ,

    Ўзбекистон Республикаси ИИВ

    Академияси профессори, полковник

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates